Ҳуқуқ
08.05.2026
1 547

Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат ходимнинг қанча вақт ишлаганини аниқлаш, балки иш берувчи томонидан қонунчиликдаги меҳнат нормаларига риоя қилинаётганини назорат қилиш учун ҳам зарур.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 198-моддасига кўра, иш вақтини ҳисобга олиш ходимларнинг ишга чиқишини қайд этиш орқали ҳар бир ходим томонидан ҳақиқатда ишлаб берилган вақтни аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш даври учун белгиланган иш вақти нормасининг бажарилишини назорат қилиш тизимидир.
Қонунчиликка кўра, иш вақтини ҳисобга олишнинг бир неча тури мавжуд.
Кунлик ҳисобга олишда ҳисобга олиш даври бир кунга тенг бўлади. Бундай тартибда ходим ҳар куни бир хил миқдордаги иш соатини ишлаб беради ва ҳар бир иш кунида белгиланган норма бажарилади.
Масалан, агар корхонада 8 соатлик иш куни белгиланган бўлса, ходим ҳар куни айнан шу миқдорда ишлайди. Бу усул одатда доимий ва стандарт иш жадвали мавжуд ташкилотларда қўлланилади.
Ҳафталик ҳисобга олишда ҳисобга олиш даври бир ҳафтани ташкил қилади. Бу тизимда кунлик иш соатлари турлича бўлиши мумкин, бироқ ҳафталик белгиланган норма сақланиши шарт.
Масалан, ходим бир куни 6 соат, бошқа куни 9 соат ишлаши мумкин. Лекин ҳафта якунида умумий иш вақти қонунда белгиланган ҳафталик нормадан ошиб кетмаслиги керак. Шу билан бирга, кунлик иш давомийлиги Меҳнат кодексининг 185-моддасида белгиланган чекловлардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Жамлаб ҳисобга олишда ҳисобга олиш даври бир ҳафтадан ортиқ муддатни ташкил этади. Бу усул кўпинча сменали ишлар, ишлаб чиқариш корхоналари ёки иш вақти нотекис бўлган соҳаларда қўлланилади.
Бундай тартибда айрим кунларда ёки ҳафталарда ходим кўпроқ, бошқа даврларда эса камроқ ишлаши мумкин. Муҳими, ҳисобга олиш даври якунида умумий ишланган соатлар белгиланган нормага тенг бўлишидир.
Яъни ортиқча ишланган вақт кейинги даврда камроқ ишлаш орқали мувозанатлаштирилади.
Ҳисобга олиш даври учун иш соатлари нормаси ходимнинг тоифаси ва унга нисбатан белгиланган иш вақти давомийлигидан келиб чиқиб аниқланади.
— Кунлик ҳисобга олишда — кунлик норма асосида;
— Ҳафталик ва жамлаб ҳисобга олишда — ҳафталик норма асосида ҳисоб-китоб қилинади.
Агар ходим тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасида ишлаётган бўлса, ҳисобга олиш давридаги иш соатлари нормаси ҳам мос равишда камайтирилади.
Иш вақтини ҳисобга олиш тизими ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ортиқча ишлашнинг олдини олиш ва иш берувчининг қонунчиликка риоя этишини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир ходим ўз иш вақти қандай тартибда ҳисобланишини билиши фойдадан холи эмас.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.