Ҳуқуқ
09.09.2025
351

Фуқаролик муомаласида турли мажбуриятлар — айниқса қарз муносабатлари — иштирокчиларнинг ўзаро ишончини талаб қилади. Аммо ишонч ҳар доим етарли эмас. Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида бундай мажбуриятларнинг бажарилишини кафолатлаш учун турли таъминлаш шакллари назарда тутилган. Кафиллик — ана шундай ҳуқуқий механизмлардан бири бўлиб, қарздорнинг мажбуриятини бажармаслик хавфини камайтириш воситаси вазифасини ўтайди.
Бугунги кунда кредит олувчиларнинг ва уларга кафил бўлувчиларни кўп бора кўрганмиз, эшитганмиз. Кафилликнинг ҳуқуқий механизмларини, кишини зиммасига қандай мажбуриятлар олаётганлигини билиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Акс ҳолда яқин танишларимизга ёрдам қиламан деб турли муаммоларга дуч келиб қолиш ҳеч гапмас.
Кафилликнинг ҳуқуқий моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси — бу кафилнинг бошқа шахс (қарздор) томонидан бажарилиши лозим бўлган мажбурият юзасидан кредитор олдида жавобгарликни ўз зиммасига олишидан иборат шартномадир. Бу шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт бўлиб, акс ҳолда у ҳақиқий ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин. Бу — тадбиркорлик шартномалари, кредит линиялари каби ҳолларда жуда муҳим ҳисобланади.
Кафилнинг жавобгарлиги: солидар ва субсидиар хусусият
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 293-моддасига кўра, қарздор ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаганда, кафил ва қарздор солидар жавобгар ҳисобланадилар, агар шартномада ёки қонун нормаларида субсидиар жавобгарлик назарда тутилмаган бўлса.
Бу норма шуни англатадики:
Солидар жавобгарлик — кредитор қарзни хоҳлаган томондан тўлиқ ундириши мумкин (қарздордан ҳам, кафилдан ҳам).
Субсидиар жавобгарлик — аввал қарздордан талаб қилинади, кейин эса кафилга мурожаат қилинади (агар қарздордан ундириб бўлмаса).
Шартномада аниқ кўрсатилмаса, умумий қоида сифатида солидар жавобгарлик амал қилади.
Кафилнинг ҳуқуқлари ва ҳимоя механизми
Кафил кредиторнинг талабларига нисбатан қарздор билдириши мумкин бўлган барча эътирозларни илгари сура олади — ҳатто қарздор ушбу эътирозлардан воз кечган ҳолатларда ҳам. Бу норма кафилни "чекланмаган жавобгар шахс" эмас, балки ҳимояланган субъект сифатида намоён этади.
Суд ишларида иштирок
Кафилга нисбатан даъво қўзғатилганда, у қарздорни ишда иштирок этишга жалб қилиши шарт. Акс ҳолда, қарздор келгусида кафилга қарши талаблар қўйиши мумкин бўлади, чунки у ўзининг эътирозларини кафил орқали ҳимоя қилган бўлиш ҳуқуқини йўқотмайди.
Кафилнинг мажбуриятни бажаргандан сўнгги ҳуқуқлари
Фуқаролик кодексининг 295-моддасига мувофиқ, агар кафил кредиторнинг талабини қондирса (яъни, қарздорнинг ўрнига тўлов қилса), кредиторнинг ҳуқуқлари унга ўтади. Бу қуйидагиларни ўз ичига олади:
Қарз суммаси;
Фоизлар;
Суд харажатлари;
Кўрилган зарар.
Бу ҳолатда кафил қарздорга нисбатан регресс талаби қўйиши мумкин. Шунингдек, кредитор у тўлаган суммани ва таъминловчи ҳужжатларни кафилга топшириши шарт.
Қарздорнинг хабардорлик мажбурияти
Қарздор агар ўз мажбуриятини бажарган бўлса, кафилни бу ҳақда дарҳол хабардор қилиши шарт. Агар бу бажарилмаса ва кафил нонтоғри ахборот туфайли қарзни тўлаб қўйса, у тўлаган суммани кредитордан қайтариб олиш ёки қарздорга регресс талабини қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.
Кафилнинг ҳақ тўлаш ҳуқуқи
Кафиллик одатда бепул амалга оширилса-да, агар шартномада бошқача кўрсатилган бўлса, кафил қарздордан ўз хизматлари учун ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу норма асосан тижорат ва профессионал кафиллик муносабатларига тааллуқлидир.
Кафиллик қандай ҳолларда бекор бўлади?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 298-моддага кўра кафиллик қуйидаги ҳолларда автоматик равишда бекор қилинган деб ҳисобланади:
Асосий мажбурият тугаганда — қарз тўланган, муддат ўтган, ёки шартнома бекор қилинган.
Қарз шартлари ўзгартирилганида — агар бу ўзгартириш кафилнинг розилигисиз амалга оширилса ва у учун ноқулай оқибатларга олиб келса.
Қарз бошқа шахсга ўтказилганида — ва кафил янги қарздор учун жавоб беришга розилик билдирмаган бўлса.
Кафилликнинг амал қилиш муддати тугаганида.
Муддат кўрсатилмаган бўлса, кредитор даъвони:
- асосий мажбуриятни бажариш муддати келганидан сўнг 1 йил мобайнида;
- ёки шартнома тузилганидан сўнг 1 йил мобайнида қўзғатмаса.
Хулоса
Кафиллик — жуда муҳим ва масъулиятли ҳуқуқий восита. У орқали кредитор ўз хавфини камайтиради, қарздор ишончни мустаҳкамлайди, кафил эса бошқа шахс учун масъулликни зиммасига олади. Аммо бу муносабатларда ҳуқуқий маълумот ва аниқлик жуда муҳим: ёзма шакл, муддатлар, жавобгарлик доираси, эътироз ҳуқуқи ва жавобгарликнинг шартлари аниқ белгиланиши керак.
Ўз вақтида тузилган ва аниқ шартларга эга бўлган кафиллик шартномаси барча тарафлар учун хавфсиз ва адолатли фуқаролик муомаласини таъминлайди.
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Мажбурий жамоат ишлари қандай жазо ва у судлар томонидан кимларга нисбатан қўлланилмайди?
Мажбурий жамоат ишлари — бу суд томонидан тайинланадиган жазо.