Ўзбекистон
17.02.2026
17

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддасига мувофиқ, муддатли меҳнат шартномаси фақат қонунда белгиланган аниқ ҳолатларда тузилади. Бундай шартнома меҳнат муносабатлари доимий эмас, балки маълум муддат ёки муайян иш ҳажми билан чекланган вазиятларда қўлланилади.
Қуйида муддатли меҳнат шартномаси тузиладиган асосий ҳолатлар таҳлил қилинади:
Агар ходимнинг иш жойи қонун асосида сақланиб қолса (масалан, таътил, ҳомиладорлик ва туғруқ таътили, хизмат сафари), унинг мажбуриятларини бажариш учун бошқа шахс билан муддатли шартнома тузилади. Бу шартнома асосий ходим ишга қайтгунга қадар амал қилади.
Қисқа муддатли, яъни икки ойгача давом этадиган ишлар учун ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин. Бу одатда мавсумий юклама ёки фавқулодда вазиятларда қўлланилади.
Табиий шароитлар сабабли фақат муайян мавсумда бажариладиган ишлар (масалан, қишлоқ хўжалиги йиғим-терими) учун мавсумий муддатли шартнома тузилади.
Иш берувчининг доимий фаолиятига кирмайдиган ишлар реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари ёки ишлаб чиқаришни бир йилгача кенгайтириш билан боғлиқ ишлар учун муддатли шартнома тузилади.
Таъсис ҳужжатларига кўра олдиндан белгиланган муддатга тузилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузилади.
Айрим ишлар аниқ сана билан эмас, балки маълум вазифа ёки лойиҳа якуни билан тугайди. Бундай ҳолларда иш ҳажми тугагунга қадар амал қилувчи муддатли шартнома тузилади.
Ишлаб чиқаришда ўқитиш, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти ёки стажировка ўташ жараёнида ҳам муддатли меҳнат шартномаси қўлланилади.
Бандлик органлари томонидан вақтинчалик ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан муддатли шартнома тузилади.
Муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан тузиладиган меҳнат муносабатлари ҳам муддатли ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳудудида қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб келган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар билан тузиладиган шартномалар ҳам, одатда, муддатли шаклда расмийлаштирилади.
Муддатли меҳнат шартномаси бу истисно тартибдаги меҳнат муносабати бўлиб, у фақат қонунда аниқ кўрсатилган ҳолатларда қўлланилади. Агар иш доимий хусусиятга эга бўлса, меҳнат шартномаси одатда номуддатли тузилиши лозим. Шу боис иш берувчи муддатли шартномани асоссиз равишда қўлласа, бу ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш деб баҳоланиши мумкин.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.
Медиатор бўлиш учун қандай талабларга мос бўлиш керак?
Медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.