Ҳуқуқ
01.02.2025
350
– Қайта тайёрловдан ўтиш давомида ходимларнинг иш жойи ва иш ҳақи сақланадими? Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Маҳбуба Камолова,
Фарғона вилояти
– Меҳнат кодексининг 370-моддасига кўра, ходимларни қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга бўлган заруратни иш берувчи белгилайди. Бундан ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш зарурати меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳоллар мустасно.
Ходимларни қайта тайёрлашга ва ўз малакасини оширишга юбориш тартиби меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланади.
Ходим иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган тақдирда, иш берувчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ходимнинг иш жойини (лавозимини) ва ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши шарт.
Агар қайта тайёрлаш ёки малака ошириш ихтиёрий равишда амалга оширилса, иш берувчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш вақтида ходимнинг иш жойини (лавозимини) сақлаб туриши шарт. Ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш масаласи жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатда ёхуд меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал қилинади.
Ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари, зарур касблар ҳамда мутахассисликларнинг рўйхати иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланади.
Масалан, иш берувчи, дейлик, вакант турган штатни тўлдириш учун касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланган рўйхат тузади. Иш берувчи томонидан ходим мажбурий тартибда қайта тайёрловдан ўтиш учун юборилса, қайта тайёрлов даврида ходимнинг ўртача иш ҳақи ва иш жойи сақланади.
Лекин ходимлар ўзлари хоҳлаб, касбини ўзгартириш мақсадида қайта тайёрлов курсига борсалар, бу ҳолда ходимнинг фақат иш жойи сақланади, иш ҳақи эса сақланмайди.
Саволга Фарғона шаҳар юридик хизмат
кўрсатиш маркази бошлиғи Шерзод ТОЛИБОВ жавоб берди
Улашиш:
Бошқалар
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби қандай?
Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин.