#NoComment
23.09.2025
94
Муддатли меҳнат шартномасини тузиш фақат қонуний асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилиши мумкин. Бундай асослар атиги иккита:
1. Муддатсиз шартнома тузиш имконияти йўқлиги. Бундай вазиятларга қуйидагилар киради:
- вақтинча ишда бўлмаган ходимни алмаштириш (декрет таътили, узоқ муддатли касаллик, хизмат сафари);
- аниқ белгиланган мавсумий хусусиятга эга бўлган ишларни бажариш;
- доимий ходим талаб этилмайдиган қисқа муддатли лойиҳани амалга ошириш.
2. Томонларнинг ўзаро келишуви, шундан сўнг ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин бўлади. Вақтинчалик меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда тузилиши мумкин:
- компания раҳбари ва унинг ўринбосарлари билан;
- ташкилотнинг бош молиячиси билан;
- ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар билан;
- вақтинчалик бандлик учун тиббий кўрсатмаларга эга бўлган ходимлар билан.
Муддатли меҳнат шартномаси:
— меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ иш жойи ўзида сақланиб қоладиган, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун;
— вақтинчалик (икки ойгача) ишларни бажариш вақти учун;
— табиий шароитлар туфайли иш фақат муайян давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлганда мавсумий ишларни бажариш учун;
— иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни (реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари ва бошқа ишлар), шунингдек ишлаб чиқаришни ёки ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмини олдиндан маълум бўлган вақтинчалик (бир йилгача) кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун;
— таъсис ҳужжатларига биноан олдиндан белгиланган муддатга ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан;
— ишнинг тамомланиши аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли хусусиятга эга бўлган, олдиндан белгиланган ишларни бажариш учун қабул қилинадиган шахслар билан;
— ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки стажировкани ўташ учун;
— меҳнат органлари томонидан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан;
— муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан;
— Ўзбекистон Республикасига унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан тузилади.
Муддатли меҳнат шартномаси ушбу Кодексга ёки бошқа қонунга мувофиқ ўзга ҳолларда ҳам тузилиши мумкин.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси:
— микрофирмалар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар бўлган иш берувчиларга ишга кираётган шахслар билан;
— жисмоний шахслар бўлган иш берувчиларга шахсий хизмат кўрсатиш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ёрдам бериш мақсадида ишга кираётган шахслар (уй ишчилари) билан;
— чўлдаги, баланд тоғли, аҳолиси кам бўлган туманларда жойлашган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан, агар бу иш жойига кўчиб ўтиш билан боғлиқ бўлса. Бундай туманларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади;
— ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар, эпидемиялар, эпизоотияларнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш, шунингдек ушбу ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш учун;
— маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда ишлар, касблар, лавозимларнинг тасдиқланадиган рўйхатларига мувофиқ;
— агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бош бухгалтерлари, шунингдек улар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари билан;
— кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган шахслар билан;
— ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар билан тузилиши мумкин.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси ушбу Кодексга ёки бошқа қонунга мувофиқ ўзга ҳолларда ҳам тузилиши мумкин.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай қилиб давлат хизматларидан арзонроқ фойдаланиш мумкин?
ЯИДХПдан узлуксиз ва навбатсиз 24/7 режимда фойдаланиш мумкин.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қандай?
Кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Талабаларнинг ижара тўловларини бир қисмини қоплаб бериш тартиби қандай?
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.