#NoComment
19.11.2026
47

Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун фуқаролар белгиланган тартибда ўқув курсларини тамомлаши ҳамда назарий ва амалий имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиши лозим. Бироқ айрим ҳолларда ўқув жараёни ёки имтиҳон натижаларига оид ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали гувоҳнома ва сертификатлар бериш ҳолатлари учраши мумкин. Қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228²-моддасига мувофиқ, масъул шахс томонидан автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ёки тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқишни тугатганлик ҳақидаги гувоҳномани беришда сохта маълумотлардан фойдаланиш жиноят ҳисобланади.
Хусусан, таълим олувчининг ўқув дастурини ўзлаштирганлиги ёки якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлиги тўғрисидаги сохта маълумотларни ўқув журналларига, йўл варақаларига ёхуд имтиҳон комиссияси баённомасига киритиш, шунингдек, ушбу маълумотларга асосланиб гувоҳнома бериш қонунга хилоф ҳисобланади.
Бундай ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган.
Шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга асос бўладиган махсус сертификат ёки тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш жараёнида номзоднинг назарий ва амалий имтиҳон натижалари ҳақида сохта маълумотлар киритиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Жумладан, масъул шахс томонидан имтиҳон варақаси ёки имтиҳон натижалари баённомасига сохта маълумотлар киритиш, шунингдек, ушбу маълумотларга асосланиб махсус сертификат бериш учун оғирроқ жазолар назарда тутилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Қонунчиликда ушбу жиноятларни оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳам белгиланган. Хусусан, юқоридаги ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса ёки оғир оқибатларга сабаб бўлса, жавобгарлик янада кучайтирилади.
Бундай ҳолларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, имтиҳонлар ўтказиш ҳамда гувоҳнома ва сертификатлар бериш жараёнида сохта маълумотлардан фойдаланиш қонунчиликка зид ҳисобланади. Мазкур талаблар ҳайдовчиларнинг зарур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш, имтиҳон жараёнларининг шаффофлигини сақлаш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
25 та сув омбори туризм масканларига айланиши мумкин
Ҳозирда 56 та сув омборининг бор-йўғи 4 тасида қутқарув хизмати мавжуд.