Содда талқин
20.03.2026
26

Манзаралар
— Дада, бугун ишга бормадингизми? Тоққа борамизми, бувимникига?
— Хўп қизим, хўп.
— Ура-а-а-а-а-а!!! Бувиммикига борарканмиз, тоққа борарканмиз-з-з-з-з!!!
Мана, болалигим ўтган баланд тоғлар бағридамиз. Онам роса суюндилар келганимизга. Болаларни ёзги таътилда ўйнатгани олиб келганимизни айтсам ҳам, иш куни бўлганлиги учун хавотирланиб ишим ҳақида сўрадилар.
Шу бугун тушундим ҳаёт нима, иш нима эканини. Шунча йил яшабман темир одамдек, роботдек ишлабман. Ҳақиқий ҳаёт жуда гўзал экан!
Кўнгил
Дунёда синса бутланмайдиган бир нозик нарса бор. Унинг исми — кўнгил. Кўнгил қурғур шунчалар нозикки, ҳатто бугун унга қил ҳам сиғмаяпти!
Ҳар куни Юлдузнинг “Муҳаббат”ини баланд овозда эшитиб, хиргойи қилиб ишини қиладиган, ишини тугатгач, иккитагина пиёлада совитиб қўйгани — аччиққина кўк чойни симириб, роҳатланадиган фаррош опанинг ичига чироқ ёқсангиз, ёришмайди. Дарди ичида. Кеча кадрлар бўлимида ариза ёзинг дейишибди. Ёзмабдилар. Икки кундирки, юзлари сўлғин, нигоҳида хорғинлик...
— Инсофга келиб қолар... — дедилар хўрсинибгина.
Фаррошлар, одатда, ишга ҳаммадан барвақт келишади. Ҳамманинг хонасини озода тутгани учун ҳар бир ходимнинг характерини ҳам ҳатто бошлиқлардан кўп тушунишади. Фаррошлар билан суҳбатлашсангиз, улар психолог бўлиб кетганига қойил қоласиз!
Хуллас, опага иш изладик. Ўнга яқин эълон бўйича қўнғироқлашдик, гаплашдик. Кўнгиллари чопмадими, ўзгармадилар. Келаверинг вақтингизга қараб, дейишса ҳам, хорғинлик билан рад жавобини беравердилар.
Мен бир нарсага ҳайрон бўлдим. Шунча йил бир жойда томир отиб, яшнаб турган чинорни қўпораётганларда юрак борми-йўқлигига ҳайрон бўлдим. Фаррош опанинг кўнглигини тушуниш учун тош юрак бўлмаслик кифоя эди, назаримда. Опани ишхонамизнинг баланд чинорига ўхшатганим бежиз эмас. Ўз ишини яхши кўрган одам ишдан бўшагиси келмайди. Гап берилаётган арзимас моянада ҳам эмас, гап кўнгилда, эрта билан ишга шошилиб келиб-кетишда, гап оилангдек бўлиб кетган қадрдон жамоада! Ҳеч токнинг навдаларини кесилганида кузатганмисиз, навдалар юм-юм йиғлайди. Бу кўз ёшлар кўнгилнинг аламлари аслида. Бу кўз ёшлар уммон меҳрнинг томчилари аслида. Илдиз бақувват бўлса, дарахтни синдирсангиз ҳам, кесиб бўлмас экан, кесиб!..
Айтилмайдиган гаплар
Шу одам оз эмас, тўққиз йил раҳбарим бўлди. Отамдек азиз бўлиб қолган. Шунгами, хайрлашув тадбирида сўз беришганида, гапиролмадим, кўзимдан ғилт-ғилт ёш қуйилиб келаверди негадир. Ич-ичимдан томоғимгача бўғиб келаётган ўкирик йиғи ва тушунарсиз бир алам негадир мени гапиртиргани қўймади. Ўзимда куч тополмадим гапиришга. Юзларим ҳўл бўлиб кетганини кўрган ҳамкасблар ҳайрон. Ҳамма нимадир деди, нималардир дейилди... Мен эса, гапиролмадим.
— Болам... — отам раҳматлидан кейин бу гапни менга шу раҳбаримдан бошқа одам айтмагани учундир, балки.
Қаттиққўл раҳбаримиз хонасига иш билан чақиртирганида топшириқ бериш ўрнига иккитагина сўрғич конфетми, икки донагина тоғли қишлоғидан келтирилган олма биланми сийлаб, кейин иш буюргани учундир, балки.
Бир сафар ижара уйдан қувилиб, буюмларим билан кўчада қолиб, синглим иккимиз ёмғирда қолганимизда дам олиш куни бўлишига қарамай, ноиложликдан ишхонанинг юк машинасини сўраб, қўнғироқ қилганимда хавотирланиб, машина юборганлари, қаерга кўчсам ҳам, қоровул акамизни ёрдамга жўнатганлари учундир, балки...
Эсимда, ёз ойлари эди. Айни саратон. Меҳнат таътилидаман. Стоматолог тишларимни олиб ташлаган, олд тишларимнинг ўрнига темир қозиқли тиш ўрнатиш олдидан штатифлар ўрнатган маҳаллар... Ўн кундирки, тишларимни даволатиб юрибман. Буёғда ишхонада иш қайнаган палла. Таътилниям ишлаб бериш шарти билан олганман. Имкон қадар бир стоматологияга, бир ишхонага шошаман... Ҳатто китоблар пайдар-пай чиқа бошлаганидан, маркетологларимиз ҳали чиқмаган китобларга ҳам шартномалар имзолаб қўйганидан босмахона жамоасига ёрдамга борганмиз ўшанда.
Яқин дугонамнинг тўйи бўлиб қолди шу кунларда. Қашқадарё яқин жой эмас. Ота-онамдан аввал бошлиқдан жавоб олиш тараддудига тушдим. Таътилдаман, бўлмаса, Қашқадарёга индамасдан кетаверсам нима бўларди?! Уят бўларди, уят! Жамоамиз шу қадар жипс эдики, бунақа қалтис виждонсизлик қилиш ер ёрилса, ерга киргудай гап эди.
Ўшанда жавоб ололмадим. Ҳафаям бўлмадим негадир бундан. Таътилдаман-ку, деб айтолмаганман ўшанда. Нима учун?! Раҳбарим боласидек муомала қилгани учун, чин инсон бўлгани учун!
— Нима қиласан, кунни иссиғини қара, осонми шунча йўл. Ўзи умрингда Қашқадарёга борганмисан?! Болам, агар у чинданам ўртоғинг, ҳақиқий дўстинг бўлса, сени кечириб кетаверади, мени айтди дейсан. Дўстлигинг синовдан ўтадиган вақт келибди, болам. Нима қиласан шу иссиғда-я. Борсанг қаерда ётасан, ким билан кетасан?
Жавобим қисқагина бўлди, хўп, дедим. Ўзим бормасликка рози бўлдим ич-ичимдан.
Бу розилик рост эди. Виждонсизлик қилиб жамоада ишни ташлаб кетолмаётгандим ўзимам, шунгами, бормаслигимга ўзим ҳам ишониб, енгил тортдим.
Ёзсам, гап кўп, яхши хотиралар кўп. Хонада чанг бўлмасди, фаррош ҳам, қоровул ҳам, ҳайдовчи-экспедитор ҳам, катта-кичик ходим ишини билиб қиларди. Тушлик учун ошхонада овқат қилардик навбат билан. Жамоа бўлиб, овқатланардик. Ишхонада ҳар бир қарич жой, ҳар бир буюм ўзимизники эди. Уйимиздек қадрли эди бу манзил. Ҳафта бошидан топшириқларни олардик, душанба энг масъулиятли кун бўларди. Ҳар бир ходим ҳафталик дунё хабарлари-ю, мамлакатимизда рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиши учун даврий нашрларни ўқирди, кутубхона фонди доимий бойитиб бориларди. Ҳамма ўқирди, ўқимасликнинг иложи йўқ эди, талаб қатъий, шикоятга ўрин йўқ эди!
Жамоада бировнинг туғилган куни бўлса, ҳамма икки оғиздан дил сўзи айтиб, табрикларди. Биз бормаган янги кўпригу янги қурилган масжид, биз бормаган кўрмаган тарихий обида-ю, музей қолмаганди. Жамоа театрларга оилавий борар, мириқиб дам олар, мириқиб ишларди.
Мен булар ҳақида нега гапиролмадим. Буларни сўз билан тушунтириш мушкул эди. Сўзлар ифодалаб беролмайдиган илиқ меҳр, кўтаринки кайфият, ишчанлик руҳи, келажакка ишонч бор эди жамоамизда! Аҳиллик, опа-ука, ака-сингилдай яқинлик, ота-боладай меҳридарёлик бор эди жамоада!
Юрагим ўша куни мени булар ҳақида гапиришга қўймади. Юрагим йиғлаётганди...
Тез ёрдам
Ишонасизми, қирққа яқинлаб қолган бўлсам ҳам, умримда тез ёрдам чақирмаган эканман. Ёнгинамда креслода ўтирган ҳамкасб аёл беҳол бўлаётганини айтганида, дарров тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Беморнинг исм-шарифи, манзил-ку, майли, туғилган йили ҳам майли, туғилган санаси ҳам майли, ёндош касалликлари сўралганида чидаб туролмадим.
— Эй, қанақа одамсиз-а, келасизларми ўзи?! Одам ўлаяпти буёғда, одам!
Овозимни эшитиб ёнимдаги ҳамкасб йигит қўлимдан гўшакни олди-да, манзилни тушунтира кетди. Мен мажолсиз бўлиб қолгандим ўша пайт.
Нима қилишимни билмасдим. Бу аёл ўз ишини шунчалар яхши кўрганидан юраги хуруж бериб қолганди, юраги!
Бир парча қоғоз
Ариза нима? Бир парча қоғоз! Шу бир парча қоғоз ортида бир одамнинг умри, орзу-умидлари бугуни-эртаси, келажаги борлигини биласизми?! Шу бир парча қоғоз бугун ёнимизда турган одамни бутунлай бошқа йўлга бошлашини-чи?! Шу бир парча қоғоз бир оиладек бўлиб қолган жамоани пароканда қилишини-чи?! Аҳиллик ўрнини бахиллик, кўтаринки кайфият ўрнини пичир-пичир ғийбатлару ишчанлик ўрнини ишончсизлик эгаллашини-чи?! Шу бир парча қоғоз ортида бир инсон турибди! Бу инсон оддий инсон эмас, у ўз касбини севадиган, суяги шу ишда қотган малакали кадр! Шу бир парча қоғоз билан уни баҳоламанг! У бундай баҳога эмас, қадрланишга лойиқ аслида.
Шу бир парча қоғозни мажбурлаб ёздирманг сира! Бугун у, этага Сиз ёзишингиз мумкин шу бир парча қоғозга алам билан, армон билан, андиша билан...
Ғолиб
Орадан йиллар ўтди. Ўлмаган жон, шу кунларниям кўрдик. Тақдир экан, тез ёрдам келиб-кетгач, ишдан кетган опа билан яна ўша жамоада бирга ишлаяпмиз.
Аёллар ўртасида шашка мусобақаси ўтказилди. Опа биринчиликни олди. Опа ўша куни шашкада эмас, адолат тантанасида ғолиб бўлганди, ғолиб!
Мен шундай ўйладим. Кўзлари кулиб турган, калта қилиб кесилган сочлари ўзига ярашган, шу туришида ғолиблик нашидасидан камида ўн ёшга ёшарган бу аёл бир маҳаллар нариги хонада қўллари титраб ариза ёзолмаганида ҳаётида шундай яхши кунлар бўлишини айтсангиз, ишонмасди.
Гулбаҳор Ортиқхўжаева
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Товарларни етказиб бериш тартиби қандай?
Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.