currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларҲақорат, таҳдид ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги: ҳар бир фуқаро билиши зарур бўлган 10 та қоида

Ҳақорат, таҳдид ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги: ҳар бир фуқаро билиши зарур бўлган 10 та қоида

Ҳуқуқ

calendar

16.11.2026

eye

63

Ҳақорат, таҳдид ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги: ҳар бир фуқаро билиши зарур бўлган 10 та қоида

Бугун ижтимоий тармоқларда ёзилган биргина изоҳ, гуруҳга юборилган сурат ёки “ҳазил” тариқасида ёзилган хабар ҳам жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Сўнгги вақтларда айрим фуқароларнинг ЖШШИР, яшаш манзили ва паспорт маълумотлари Телеграм-ботлар орқали тарқатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу билан бирга, қонунчиликда сунъий интеллектдан ноқонуний фойдаланиш ва шаҳвоний шилқимлик учун жавобгарликка оид янги нормалар белгиланди.

Хўш, интернетда қандай ҳаракатлар қонунбузарлик ҳисобланади ва ўз ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қилишимиз мумкин?

Қуйида ҳар бир фуқаро билиши зарур бўлган 10 та муҳим ҳуқуқий қоидани кўриб чиқамиз.

1. Ижтимоий тармоқлардаги ҳақорат учун ҳам жавобгарлик бор

Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 41-моддасига кўра жаримага сабаб бўлади. Ҳақорат ижтимоий тармоқ, интернет ёки оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилса, Жиноят кодексининг (ЖК) 140-моддаси 2-қисми бўйича жиноий жавобгарлик қўлланиши мумкин. Ҳақоратли изоҳни ўчириш жавобгарликдан озод этмайди. Чунки жабрланувчи ҳолатни скриншот қилиб, далил сифатида сақлаб қўйган бўлиши мумкин.

2. Туҳмат — оддий миш-миш эмас, қонунбузарлик

Бошқа шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни била туриб тарқатиш туҳмат ҳисобланади (МЖтК 40-модда). Ижтимоий тармоқларда ёки ОАВда қилинган туҳмат учун Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисмида жавобгарлик белгиланган. Хабарни улашишга шошилманг: аввал унинг ишончлилигини текширинг, акс ҳолда ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлишингиз мумкин.

3. Таҳдид — оддий ҳазил эмас, унинг ҳуқуқий оқибатлари бор

Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, агар жабрланувчида таҳдид амалга ошишидан хавфсираш учун асос бўлса, Жиноят кодексининг 112-моддасига кўра, жиноят ҳисобланади. Таҳдид юзма-юз, телефон орқали ёки мессенжердаги ёзма ва овозли хабар шаклида билдирилганидан қатъи назар, қонунда белгиланган ҳолларда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

4. Шилқимлик учун жавобгарлик кучайтирилди: нималар ўзгарди?

Ўзбекистон Республикасининг 2026-йил 14-октябрдаги ЎРҚ-1180-сон Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41¹-моддасининг санкция қисмига ўзгартириш киритилди. Илгари шаҳвоний шилқимлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 2–5 баравари, яъни ҳозирги БҲМ бўйича 880 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ назарда тутилган эди.

Эндиликда жарима миқдори 4 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача (10–15 БҲМ) оширилди ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ белгиланди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, илгари белгиланган 5–7 БҲМ ўрнига 6 миллион 600 минг сўмдан 8 миллион 800 минг сўмгача (15–20 БҲМ) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилади.

5. Бировнинг сурати ва телефон рақамини рухсатсиз тарқатманг

Исм-фамилия, телефон рақами, манзил, тасвир ва овоз шахсга доир маълумот ҳисобланади. “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига кўра, бундай маълумотларни шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асоссиз ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди. Масалан, ўқитувчи, шифокор ёки қўшнингизни видеога олиб, розилигисиз интернетга жойлаш МЖтКнинг 46²-моддаси бўйича жаримага сабаб бўлади. Бир йил ичида такрорланса, ЖКнинг 141²-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

6. Шахсий ва оилавий сирларни рухсатсиз ошкор қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин

Инсоннинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз йиғиш ёки тарқатиш алоҳида жавобгарликка сабаб бўлади (МЖтК 46¹-модда, ЖК 141¹-модда). Бировнинг касаллиги, оилавий муаммолари ёки шахсий ёзишмалари ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинадиган мавзу эмас. Бундай маълумотларни розиликсиз ошкор қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.

7. Сунъий интеллект ёрдамида сохта сурат ва видеолар тайёрлаб, бошқаларнинг ҳуқуқларини бузиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин

Ўзбекистон Республикасининг 2026-йил 21-январдаги ЎРҚ-1115-сон Қонуни билан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уларни интернет, телекоммуникация тармоқлари ёки оммавий ахборот воситаларида тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Унга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 50–100 баравари, яъни 22 миллион сўмдан 44 миллион сўмгача жарима ҳамда ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиш назарда тутилган.

Жумладан, сунъий интеллект ёрдамида бошқа шахснинг юзи ёки овозидан қонунга хилоф равишда фойдаланиб, сохта видео ёки аудио тайёрлаш ва тарқатиш ҳам ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлганда мазкур жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

8. Шахсий маълумотларингиз хавфсизлиги ўз қўлингизда

Паспорт маълумотлари, ЖШШИР, банк картаси рақами ва SMS-кодни нотаниш шахсларга, шубҳали бот ва сайтларга берманг. Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 2-июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-547-сон Қонунининг 30-моддасига кўра, сиз шахсий маълумотларингизга қандай ишлов берилаётганини билиш, берган розилигингизни қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари қайтариб олиш ҳамда ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун ваколатли давлат органига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

9. Ҳуқуқингиз бузилдими? Далилларни сақланг ва ўз вақтида мурожаат қилинг!

Ҳақорат, таҳдид ёки маълумотингиз тарқатилган ҳолатда хабар ёки изоҳнинг скриншотини олинг. Ҳавола, сана, вақт ва фойдаланувчи номини сақлаб қўйинг. Таҳдид ҳолатлари бўлса, кечиктирмасдан ички ишлар органларига (102) мурожаат қилинг. Эсда тутинг: туҳмат ва ҳақорат қилиш бўйича маъмурий ишлар жабрланувчининг аризаси асосида қўзғатилади. Яъни ариза бермасангиз, иш кўрилмаслиги мумкин.

10. Ҳақоратга ҳақорат билан эмас, қонуний йўл билан жавоб беринг

Амалиётда шилқимликка қўпол сўз билан жавоб қайтарган фуқаронинг ўзи ҳам жаримага тортилган ҳолатлар бор. Шаънингизни қонуний йўл билан ҳимоя қилинг. Фуқаролик кодексининг 100-моддасига кўра, шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотларни рад этишни талаб қилиш мумкин. Мазкур кодекснинг 1021-моддасига кўра эса маънавий зарарни ундириш ҳам мумкин.

Ва яна бир маслаҳат: ижтимоий тармоқларда “янги жарима жорий этилди” деган хабарларга дарҳол ишонманг. Бундай хабарлар кўпинча расмий идоралар томонидан рад этилади. Ҳуқуқий ахборотни lex.uz ва давлат органларининг расмий каналларидан текширинг.

Интернетдаги сўз эркинлиги бошқаларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масъулиятини ҳам юклайди. Унутманг, виртуал оламдаги ҳар бир ҳаракатингизнинг реал ҳаётда ҳуқуқий оқибатлари бўлиши мумкин.

Шуҳрат Сулаймонов,

Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бош маслаҳатчиси

Улашиш: