Ўзбекистон
09.05.2025
585

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу сана муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюриб, хотира маросимида иштирок этди.
Боғ бўйлаб мунгли куй таралади. Бу ердаги ҳар бир ёдгорлик, тимсол ва битиклар мудҳиш уруш ҳақиқатларини ифода этади, халқимизнинг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини урғулайди. Боғ бугунгидек байрам кунларида, айниқса, гавжум бўлади.

Сўнгги йилларда шаклланган анъанага мувофиқ, давлатимиз раҳбари “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Бу муаззам обида урушда халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.
Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.

Мамлакатимиз уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.
– Булар чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир. Бундай мураккаб ва шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносиб нишонланмоқда. Бугунги авлодлар тинчлиги, мамлакатимиз барқарорлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси ҳурмат билан ёдга олинмоқда. Айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларга эҳтиром кўрсатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари боғда ўрнатилган “Хотира нури” композициясини ҳам кўздан кечирди. У Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган ўзбекистонлик қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб барпо этилган. Монумент парвоз қилаётган икки қуш шаклида бўлиб, катта ва ёш авлодлар ўртасидаги ворисийликни ифодалайди.
Асар тарихий мерос ва замонавий санъатни ўзида мужассам этган. Унга QR-ҳавола ўрнатилган бўлиб, ташриф буюрувчилар мажмуа ва уруш қаҳрамонлари ҳақида ўқиши, “Хотира нури” китобини юклаб олиши мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.