currencies image

12 768,30 UZS

9,70

usd

currencies image

13 960,86 UZS

51,49

eur

currencies image

131,15 UZS

0,43

ru



АсосийЯнгиликларҲар ким меҳнат қилиш ҳуқуқига эга: муҳим 7 саволга жавоб

Ҳар ким меҳнат қилиш ҳуқуқига эга: муҳим 7 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

11.10.2024

eye

29

Ҳар ким меҳнат қилиш ҳуқуқига эга: муҳим 7 саволга жавоб

1. Меҳнат қилиш ҳуқуқи нима?

Ҳар ким меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Шахслар меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул кўмаги орқали, шунингдек хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

2. Неча ёшдан ишлаш мумкин?

Шахслар 16 ёшдан меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ота-онадан бирининг (уларнинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги асосида 15 ёшдан ишлаш мумкин.

Маданий-томоша ташкилотларида, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек спортчилар ота-онанинг розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш, ижро этишда иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар ишлашига йўл қўйилади.

Бундай ҳолда ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси имзолайди. Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп давомийлиги ва бошқа шартлар кўрсатилади.

18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган ишларнинг рўйхати билан бу ерда танишинг.

Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

3. Мажбурий меҳнат нима?

Мажбурий меҳнат бирор-бир шахсдан жазо қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Мажбурий меҳнат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима қўлланилади. Агар ушбу ҳаракатлар вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса жиноий жавобгарлик вужудга келади.

Қуйидагилар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:

– ҳарбий хусусиятга эга бўлган ишларни ёки муқобил хизматни ўташ билан боғлиқ иш;

– бажарилишига фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилиши сабаб бўладиган иш;

– суднинг қонуний кучга кирган қарори бўйича жазо сифатида бажариладиган иш.

4. Ходим қандай ҳуқуқларга эга?

Ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

– иш берувчи томонидан иш билан таъминланиш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос жойда ишлаш;

– ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;

– иш вақти чегарасини белгилаш ва дам олиш;

– хавфсизлик ва гигиена талабларига мос шароитларда ишлаш;

– касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

– касаба уюшмаларига ва бошқа ташкилотларга бирлашиш;

– жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисида ахборот олиш;

– ходимга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

– ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

– меҳнат низоларини ҳал қилиш.

Ходим бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

5. Ходимнинг мажбуриятлари нималардан иборат?

Ходим:

– қонунчилик ва ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига риоя этиши;

– меҳнат мажбуриятларини виждонан бажариши;

– ички меҳнат тартибига риоя этиши;

– меҳнат интизомига риоя этиши;

– белгиланган меҳнат нормаларини бажариши;

– меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига, технология интизомига, меҳнат хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига риоя этиши;

– иш берувчининг мол-мулкига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиши;

– иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда ва доирада қоплаши;

– инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига, иш берувчининг мол-мулкига таҳдид ҳақида иш берувчига ёки раҳбарга дарҳол хабар қилиши;

– бошқа ходимларнинг ишига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни содир этмаслиги шарт.

6. Иш берувчи қандай ҳуқуқларга эга?

Иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш;

– жамоа музокаралари ташаббуси билан чиқиш, жамоа шартномаларини тузиш;

– ходимларни ҳалол самарали меҳнати учун рағбатлантириш;

– ходимлардан мажбуриятларини бажаришини ва иш берувчининг мол-мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлишини, ички меҳнат тартибига риоя этишини талаб қилиш;

– ходимларни белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш;

– ходимларни улар томонидан иш берувчига бевосита етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортиш;

– ички ҳужжатларни қабул қилиш;

– иш берувчилар бирлашмаларини ташкил этиш ҳамда уларга аъзо бўлиш.

Иш берувчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Иш берувчининг мажбуриятлари нималардан иборат?

Иш берувчи:

– қонунчилик ва ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига риоя этиши;

– ходимларни иш билан таъминлаши;

– ходимларни камситмаслиги;

– мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шаклларини қўлламаслиги;

– меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши;

– ходимларни асбоб-ускуналар, техник ҳужжатлар ва бошқа воситалар билан таъминлаши;

– ходимларга иш ҳақини белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши;

– жамоа музокараларини олиб бориши, шунингдек жамоа шартномасини тузиши;

– ходимларни уларнинг бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши;

– ходимларни ўз меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган, қабул қилинаётган ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириши;

– ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган маиший эҳтиёжлари таъминлаши;

– ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини таъминлаши;

– ўз меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ходимларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаши;

– меҳнат шартномаларини, шунингдек уларга доир ўзгартиш ва қўшимчаларни “Ягона миллий меҳнат тизими”да ўз вақтида рўйхатга олиши шарт.

Иш берувчининг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
13 625

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


24-сентябр 2024, 13:17
2 274

Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб

Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.


16-сентябр 2024, 13:10
1 473

«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.


13-сентябр 2024, 07:23
1 436

Контракт суммасидан 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олиш тартиби қандай?

Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, олий таълим ташкилотларида ўқиш мақсадида ўзингиз, фарзандингиз, йигирма олти ёшга тўлмаган турмуш ўртоғингиз учун тўлайдиган даромадларингизга солиқ солинмайди. Мазкур имтиёз банклардан олган таълим кредитларингизни (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларга нисбатан ҳам қўлланилади.