Ҳуқуқ
24.09.2024
2 310
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
1. Иш вақти қанча этиб белгиланган?
Аввало, иш вақтининг турларини ажратиб олиш лозим. Иш вақтининг қуйидаги турлари мавжуд:
– иш вақтининг нормал давомийлиги;
– иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги;
– тўлиқсиз иш вақти.
Ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
2. Қисқартирилган иш вақти нима?
Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда иш ҳақини камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.
Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги қуйидагиларга мажбурий тартибда белгиланади:
– ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга (16-18 ёшга ҳафтасига 36 соат,
15-16 ёшга 24 соатдан ошмайдиган);
– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга (36 соат);
– ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга (36 соат);
– иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга (36 соат);
– уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (35 соат).
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
3. Тўлиқсиз иш вақти нима?
Тарафларнинг келишувига кўра ходимга ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик тўлиқсиз иш вақти белгиланиши мумкин. Бунда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади.
Тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаш ходимлар учун ҳар йилги асосий меҳнат таътили давомийлигининг, меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришнинг ва бошқа меҳнат ҳуқуқларининг бирор-бир чекланишларига сабаб бўлмайди.
Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшгача бўлган бола (ўн олти ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бирининг, шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра тиббий хулосага биноан ходимга тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт.
4. Байрам куни арафасидаги ишнинг давомийлиги қанча?
Ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.
Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.
5. Тунги вақтдаги ишнинг давомийлиги қанча?
Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади.
Агар ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги вақтдаги ишнинг давомийлиги иш ҳафтасининг давомийлиги тегишли равишда қисқартирилган, кейинчалик ишлаб берилмаган ҳолда бир соатга қисқартирилади.
Агар жамоа шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланган ходимлар учун, шунингдек тунги вақтда ишлашга махсус қабул қилинган ходимлар учун тунги вақтдаги ишнинг (сменанинг) давомийлиги қисқартирилмайди.
Ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни тунги ишларга жалб қилиш тақиқланади. Тунги вақтдаги иш учун учун камида бир ярим ҳисса ҳақ тўланиши лозим.
6. Иш вақтидан ташқари иш нима?
Иш берувчи томонидан ходимни ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
Иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
Иш берувчи томонидан ходимни унинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажарилган ишлар амалга оширилганда;
2) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилганда;
3) агар ишда танаффусга йўл қўйилмаса, смена алмашаётган ходим келмай қолганда ишни давом эттириш учун. Бундай ҳолда иш берувчи зудлик билан сменачини бошқа ходим билан алмаштириш чораларини кўриши шарт.
Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
7. Сменали ишда иш вақти режими қандай?
Икки ва ундан ортиқ сменадаги иш сменали иш деб ҳисобланади. Сменали иш ишлаб чиқариш жараёнининг (ишнинг) давомийлиги ҳар кунги ишнинг белгиланган давомийлигидан ошадиган ҳолларда, шунингдек асбоб-ускуналардан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар) ҳажмини ошириш мақсадида жорий этилади.
Сменали ишда иш вақти режими сменаларга бўлиниб ишлаш жадвали билан белгиланади. Ходимлар сменалар бўйича бир маромда навбат алмашади.
Ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади. Сменалар орасидаги ҳар кунги дам олишнинг энг кам давомийлиги дам олиш ва овқатланиш учун танаффус вақти билан бирга камида ўн икки соатни ташкил этиши керак.
8. Иш вақтини ҳисобга олиш қандай ташкил этилади?
Иш берувчи ходимларнинг ишга келиши ва ишдан кетиши ҳисобга олинишини ташкил этиши шарт. Ишга келишни ва ишдан кетишни ҳисобга олиш белгиланган шаклдаги иш вақтидан фойдаланиш табелларида ҳамда бошқа ҳужжатларда юритилади, шунингдек, аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар ёрдамида қайд этилиши мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб
23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.
Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?
Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.
Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.