Ҳуқуқ
08.10.2024
214
1. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланадими?
- Албатта. Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.
2. Қандай ҳолатларда иш берувчи ходимга иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбур?
Ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилади:
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;
икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;
ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;
қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.
(Асос: Меҳнат кодексининг 242-моддаси)
3. Қайси тоифа ходимлар биринчи иш йилида ўзига қулай бўлган вақтда ишга киргандан 6 ой ўтмасдан таътилга чиқиш ҳуқуқига эга?
Олти ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларга ҳар йилги меҳнат таътили берилади:
аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;
ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа.
(Асос: Меҳнат кодексининг 227-моддаси)
4. Ногиронлиги бўлган шахслар таътилни қисмларга бўлиб олиши мумкинми?
- Албатта.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.
(Асос: Меҳнат кодексининг 231-моддаси)
5. Иш берувчи молиявий ҳолатига кўра иш ҳақини кечиктириши мумкинми?
- Йўқ, мумкин эмас.
Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
(Асос: Меҳнат кодексининг 253-моддаси)
Дурбек Исломов,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази мутахассиси
Улашиш:
Бошқалар
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг қандай ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бор?
Ўзини ўзи банд қилиш фаолиятидан олинган барча даромадлар жисмоний шахслар даромад солиғига тортилмайди.