Ҳуқуқ
24.01.2025
66
Баъзида ходимлар иш жойларида юзага келган айрим муаммолар ёки зиддиятлар сабабли, иш берувчи томонидан босимлар бўлаётганлиги, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланаётганлиги тўғрисида шикоят қилаётганларига гувоҳ бўламиз. Ёки айрим ҳолатларда иш берувчилар ходимлари ариза ёзиб шу заҳоти ишни ўзбошимчалик билан ташлаб кетаётганлиги тўғрисида шикоят қилишади. Ушбу вазиятлар қонунчиликка қай даражада мувофиқ? Аслида ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда тарафлар нималарни инобатга олишлари лозим?
Ходим иш берувчини 14 календар кун олдин огоҳлантириши лозим!
Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда огоҳлантириш муддати умумий қоидага кўра 14 календар кунни ташкил этади.
Бироқ, меҳнат қонунчилигида айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг иши хусусиятидан келиб чиққан ҳолда огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари белгиланган:
— ташкилот раҳбари – 2 ой олдин;
— раҳбар ўринбосарлари, ташкилотнинг бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари – 1 ой олдин;
— мавсумий ходимлар ҳамда вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар – 3 календар кун олдин;
— микрофирмалар, якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари ҳамда уй ишчилари – 7 календар кун олдин огоҳлантришлари лозим.
Лекин агар тарафлар келишса, огоҳлантириш муддатини қисқартириш, яъни меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати тугашини кутмасдан ҳам бекор қилиш мумкин.
Айрим ҳолатларда иш берувчи ходим айтган муддатда шартномани бекор қилиши лозим!
Агар ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризада у томонидан ишни давом эттиришнинг имконияти йўқлиги асослантирилган бўлса, масалан, ходим таълим ташкилотига қабул қилинган, пенсияга чиққан, сайланиб қўйиладиган лавозимга сайланган ёки бошқа узрли сабаблар бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши шарт.
Ходим огоҳлантириш муддати давомида ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли!
Ходим томонидан ариза иш берувчига тақдим этилган куннинг эртасидан тегишли огоҳлантириш муддатининг ўтиши бошланади. Огоҳлантириш муддатининг сўнгги кунига қадар ходим шартномани бекор қилиш истагидан воз кечиши ҳамда аризасини чақириб олиши мумкин. Масалан, ходим томонидан 2025 йил 23 январ санасида ариза тақдим этилди. Муддат ўтиши 24 январ санасидан бошланади. 2025 йил 6 февраль санаси огоҳлантириш муддатининг сўнгги куни ҳисобланади. Мазкур сана иш вақти тугагунга қадар ходим аризасини қайтариб олиши мумкин. Иш берувчи томонидан бунга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.
Огоҳлантириш муддати тугагач, меҳнат шартномаси бекор қилинмаса, ариза кучини йўқотади!
Агар огоҳлантириш муддати тугаган кунда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинмаса ҳамда ходим иш жойида ўз ишини давом эттираверса, ходим томонидан ёзилган ариза ўз кучини йўқотади ҳамда мазкур ариза асосида меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди. Огоҳлантириш муддати тугаган кун буйруқ расмийлаштирилиши лозим. Шу сабабли, иш берувчиларга муддатлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади.
Ходим огоҳлантириш муддати тугамасдан ишни ташлаб кетиши мумкин эмас!
Амалиётда айрим ҳолатларда ходимлар томонидан ариза ёзиб, шу заҳоти ўзбошимчалик билан ишни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилади. Бироқ, огоҳлантириш муддати давомида ҳам ходимга ташкилотнинг барча ички локал ҳужжатлари амал қилади. Улар доирасида ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши лозим. Юқорида келтирилганидек, агар узрли сабаблар мавжуд бўлмаса, ходим иш берувчи билан келишган ҳолатда огоҳлантириш муддатини қисқартириши мумкин. Иш берувчи рози бўлмаса, 14 кун ишлаб бериши лозим. Агар ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаса, иш берувчи огоҳлантириш муддати давомида ходимга интизомий жазо чораларини қўллаши ҳамда етарли асослар мавжуд бўлса, ўз ташаббусига кўра ходим меҳнат интизомини бузганлиги асослари билан меҳна шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Ходимни ариза ёзишга мажбурлаш қонунга зид!
Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ходим шу ташкилотдаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан амалга оширилиши лозим. Иш берувчи ходимни ариза ёзишга мажбурлаши мумкин эмас. Агар мазкур ҳолатда низо юзага келган тақдирда судларга аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текшириш ҳамда ходимни ариза ёзишга нафақат мажбурлаш, босим ёки тазйиқ ўтказиш, балки ходимда меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланиши лозимлиги лозимлиги тўғрисида кўрсатма берилган.
Шу сабабли, ходимлардан иш берувчи томонидан мажбурланган ҳолатда ҳам, агар ишни ташлаб кетиш истаги бўлмаса, ариза ёзмаслик сўралади. Агар ташкилотда меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, туманингиздаги меҳнат инспекторига, адлия бўлими, прокуратура органлари ёки тегишлича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Наргиза Шарипова,
Тошкент давлат юридик университети
магистранти
Улашиш:
Бошқалар
1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди
Қонунга кўра, қўшимча манбалардан даромад олувчи бюджет ташкилотлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг амал қилишини 2027 йилнинг 1 январигача узайтирилмоқда.
Мактабда телефондан фойдаланиш мумкинми?
Қонунчиликка асосан, ўқув машғулотлари ва тадбирлар бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шарт.
Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди
Қарорда келтирилишича, Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш ҳамда қурилишни режалаштириш сифати ва даражасини ошириш, шаҳарнинг меъморий-режалаштирилган қиёфасини ҳамда инфратузилмасини янада яхшилаш мақсад қилинган.