Life Style
20.04.2024
1 141
Ҳолливуд фильмларида адолат мавзуси ўзига хос. Қора костюму оқ кўйлакдаги қатъиятли ва билимли ҳуқуқшуносларга томошабин мафтун бўлади. Қаҳрамонларнинг асосий мотивацияси – аёллар, болалар, қора танлилар, мигрантлар, кам ҳимояланганларга нисбатан адолатни рўёбга чиқариш. Оддий томошабин учун ушбу фильмлар ҳуқуқий билимларни ва ижтимоий фаолликни ошириш учун туртки ҳам бўлади.
Hudud24.uz ҳаётда бўлган суд жараёнлари асосида суратга олинган фильмлар рўйхатини тавсия қилади.
Авлиё Жуди (Saint Judi), 2018
Афғонистонлик ўқитувчининг ҳикояси режиссёр Шон Ханиш томонидан суратга олинган “Авлиё Жуди” биографик фильми сюжетига асос бўлган.
Жуди Вуд иммиграция бўйича адвокат, у кўплаб қочқинларга Қўшма Штатлардан сиёсий бошпана олишга ёрдам берган. Вуд бутун дунё бўйлаб қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси раҳбари.
Афғонистонлик ўқитувчи аёл ваҳший тартибларга зид равишда қизларни ўқитишда давом этарди. 1990-йиллар бошида у қамоққа ташланди ва қийноққа солинди. Ўқитувчи АҚШга қочиб кетади, аммо Иммиграция хизмати депортация таҳдиди билан унинг ортидан қувгани қувган эди. Айнан шу дақиқада Жуди Вуд ёрдамга келди ва судда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ўшандан бери Жудининг асосий фаолияти Америкада бошпана излашга мажбур бўлган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.
Ричард Жуэл иши (Richard Jewell), 2019
Ричард Жуэл 1996 йилда Атлантадаги Олимпия ўйинларида қўриқчи бўлиб ишлар эди. 27 июнга ўтар кечаси у бомба солинган рюкзакни топиб олади ва одамларни хавфли ҳудуддан ўз вақтида эвакуация қилишга ёрдам беради. Дастлаб Жуэл қаҳрамон сифатида мукофотлар олди, лекин тез орада асосий гумон унга туша бошлайди. Ричардни оммавий ахборот воситалари таъқиб қилиб, бомбани ўзи қўйганига жамоатчиликни ишонтиришади.
Режиссёр Клинт Иствуд бу иш ҳақида таъсирли ҳикоя ярата олган. Кейинчалик Жуэл туҳмат қилгани учун ОАВ ни судга берди. Даъво бир неча йил давомида Жоржия Олий суди томонидан кўриб чиқилди ва журналистларни ўз манбаларини ошкор қилишга мажбурлаш мумкинми ёки йўқлиги ҳақидаги муҳим суд амалиётига айланди.
Чикаголик еттовлон устидан суд, 2020
Аарон Соркиннинг ушбу пацифист картинаси 1968 йили Вьетнамдаги урушга қарши Чикагода бўлиб ўтган намойиш ҳақида. Ўшанда аввалига тинч бошланган намойиш охирида полиция билан жиддий тўқнашувга айланиб кетган эди. Тартибсизликларда қўлга олинган иштирокчилардан етти нафари АҚШ ҳукуматига қарши исёнда айбланиб суд қилинди.
Фильмда тўлиқ акс этмаган, аммо реал ҳаётда бўлган бир ҳолат аҳамиятли: ўшанда Дик Грегори (ҳажвчи), Аллен Гинзберг (шоир), Норман Мейлер (ёзувчи) каби машҳур инсонлар чикаголик еттовлон ҳимоя қилиб чиқишган эди.
Шунчаки афв этилсин (Just Mercy) 2019
Фильм адвокат Брайан Стивенсоннинг 2014 йилда чоп этилган “Шунчаки афв этилсин. Одил судлов ва тавба тарихи” (Just Mercy: A Story of Justice and Redemption) номли китоби асосида суратга олинган. Брайан Стивенсон судда ҳамма учун тенг имкониятлар талаб қилган машҳур адвокат, у малакали ҳуқуқшунос ёллашга пули йўқ камбағаллар ҳам судда зарур ҳимояга эга бўлиши учун курашган. Фильм АҚШ тарихидаги энг шовшувли суд жараёнларидан бирини акс эттирган. Унда оқ танли аёлни ўлдиришда айбланган афроамерикалик Уалтер Макмиллан ҳақида ҳикоя қилинади.
Уолтер марҳума билан севишган. Ушбу суд жараён ҳақида фикр билдирган кўпчиликнинг фикрича, айбланувчига нисбатан нафрат далиллар эмас, айнан ирқчилик стереотиплари таъсирида пайдо бўлган. Айбланувчини ҳали суд якунланмай туриб ўлимга маҳкум қилинганлар сақланадиган камерага ўтказишгани ҳам ушбу фикрларни тасдиқлайди. Аммо адвокат суднинг ҳуқмига рози бўлмади, аппеляция берди ва олти йил қамоқда ўтирган Макмиллан охири озодликка чиқарилди. Брайан Стивенсон эса ушбу воқеадан кейин ҳеч ким айбсизлигига ишонмаётган одамнинг оқланишига сабаб бўлган инсон сифатида оламшумул машҳурликка эришди.
Маршалл, 2017
Яна бир биографик картина, у АҚШ олий судида чиқиш қилган биринчи афроамерикалик Тергуд Маршалл ҳақида. Эндигина фаолият бошлаган ёш адвокат ирқий камситиш туфайли турли ҳужум ва таҳдидларга учраган, шунингдек, ноҳақ айбланган инсонларни ҳимоя қилади.
Реал ҳаётда Тергуд Маршалл “Оливер Браун Таълим кенгашига қарши” номли иш орқали оммага танилган. Ушбу иш якунида суд қора ва оқ танлиларнинг алоҳида-алоҳида ўқитилишини ноқонуний деб тан олган эди. Шунингдек, Маршалл АҚШ Олий суди судьяси лавозимини эгаллаган илк афроамерикалик бўлди.
«Қачон улар бизни кўришади», 2019
АҚШ суд-ҳуқуқ тизимидаги ирқчилик ва унга қарши кураш ҳақидаги яна бир киноасар. Бу сафар минисериал форматида.
Сериалга 1989 йили АҚШ судида кўриб чиқилган иш асос қилиб олинган. Тергов-суриштирув ишлари натижаларига кўра беш нафар қора танли ўсмирлар (африкалик ва лотинамерикалик) 28 ёшли Триши Мейлини зўрлашда айбланади.
Суд давомида айбланувчи бешовлон аслида бу жиноятни содир этмагани аниқланди. Сериал экранларга чиққач, унинг қаҳрамонлари, хусусан, айбланувчилар унга юқори баҳо беришди, мини-сериал АҚШ суд-ҳуқуқ тизимидаги ва умуман жамиятдаги ирқчиликка оид стереотипларни яхши очиб берган деб эътироф этилди.
«Деталларда Иблис яширин. Миранда иши», 2023
Мишел Дэннер томонидан суратга олинган ушбу драма ҳам реал воқеаларга асосланган. Фильм “Миранда Аризона штатига қарши” номли машҳур иш ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу суд жараёни якунда АҚШ судлов тизими ва қонунчилигига жиддий ўзгартириш киритилишига сабаб бўлган. Айнан мазкур ишдан сўнг “Миранда қоидаси” жорий қилинди, яъни маҳбусни ҳибсга олишда полициячи унга ўз ҳуқуқларини айтиб бериши шарт этиб белгиланди.
Миранда қоидаси ва ушбу фильм ҳақида батафсил бу ерда ўқишингиз мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи
Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.
Электрон рецепт қандай ёзиб берилади?
Низомга кўра, рецепт билан бериладиган дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Касаначининг меҳнатига ҳақ тўлаш
Касаначининг меҳнатига ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилаётганда ёки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мунтазам вақт оралиғида ҳақ тўланиши керак.