currencies image

12 038,68 UZS

15,78

usd

currencies image

14 044,32 UZS

18,40

eur

currencies image

146,62 UZS

1,87

ru



АсосийЯнгиликларХорижда қандай қоидалар муҳим? Корея Республикасида амал қиладиган тартиб-қоидалар

Хорижда қандай қоидалар муҳим? Корея Республикасида амал қиладиган тартиб-қоидалар

Тармоқда нима гап?

calendar

08.10.2025

eye

22

Хорижда қандай қоидалар муҳим? Корея Республикасида амал қиладиган тартиб-қоидалар

Барча мамлакатларда миграцион жараёнларни тартибга солиш ҳуқуқий ва ташкилий воситаларни ишлатиш орқали амалга оширилади. Бошқа давлатлардаги миграциянинг тартибга солиниши ва коррупцияга қарши курашиш амалиётини ўрганиш, уларнинг ютуқлари ва камчиликларини таҳлил қилиш бизнинг миллий қонунчилигимиз тизимини яхшилаш имкониятини беради.

Меҳнат миграцияси фаровонликка, иқтисодиёт ўсишига олиб келади. Зеро, муҳожирлар меҳнат бозорида малакали мутахассис ва арзон иш кучига эҳтиёжни қоплаш баробарида, мигрант келиб чиққан мамлакатда камбағаллик қисқаришига ёрдам беради.

Биз Корея Республикасининг миграция соҳасидаги қонунчилик ва паспорт-назоратидан ўтишдаги қоидаларини ўрганиб, таҳлил қилдик.

Масалан, хорижий давлат фуқаролари Жанубий Корея Республикасига киришда амалда бўлган паспорт ва визага эга бўлишлари шарт.

Қуйидаги шахслар визасиз ҳолда Корея Республикасига киришлари мумкин:

— қайта кириш рухсатини олган ёки қайта киришдан озод этилган ва ушбу муддат тугамасдан кираётган шахс;

— Корея Республикаси билан виза бекор қилиш тўғрисида битим тузган давлат фуқароси ҳамда ушбу битим асосида визадан озод этилган шахс;

— халқаро дўстлик, сайёҳлик ёки Корея манфаатлари йўлида кираётган ва Президент фармонига мувофиқ алоҳида кириш рухсатномасини олган шахс;

— Корея Республикасидан қочқинлик ҳужжати билан чиқиб кетган ва ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугамасдан қайтган шахс.

Шунингдек, виза бир марталик виза (фақат бир марта кириш учун) ва кўп марталик виза (икки ёки ундан ортиқ киришлар учун) турларига бўлинади.

Корея қонунчилигига кўра, қуйидаги шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлаши мумкин:

— юқумли касаллик билан касалланган, наркотик моддаларга қарам ёки жамоат соғлиғига хавф туғдирувчи шахслар;

— қонунга хилоф равишда қурол, пичоқ, портловчи моддалар олиб киришни мўлжаллаган шахслар;

— Корея Республикаси манфаатлари ёки хавфсизлигига зарар етказиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар;

— иқтисодий ёки ахлоқий тартибга таҳдид солувчи шахслар;

— ақлий заиф, ўзини бошқара олмайдиган, ҳамроҳ бўлмаган ёки яшаш харажатларини таъминлай олмайдиган шахслар;

— депортация қилинганидан кейин беш йил ўтмаган шахслар.

Мамлакатда ҳар қандай хорижий фуқаро ўзига берилган яшаш мақоми ва рухсат этилган муддат доирасида яшаши мумкин.

Кореяда яшаётган хорижий фуқаро қонун ёки бошқа актларда кўрсатилган ҳолатлардан ташқари ҳеч қандай сиёсий фаолият билан шуғуллана олмайди.

Агар хорижий фуқаро сиёсий фаолият билан шуғулланса, мамлакат қонунчилиги унга бу фаолиятни тўхтатиш ҳақида ёзма буйруқ бериши ёки бошқа зарур чораларни ҳам кўриши мумкин.

Ҳаммамизга маълум ҳозирги кунда хорижда таълим олиш ҳар бир ёш авлоднинг орзуси. Жумладан, ўқиш ёки ўқув дастури асосида Кореяда бўлаётган хорижий талабаларнинг таълим олаётган олийгоҳ раҳбари уларни бошқариш учун масъул ходим тайинлайди ва бу ҳақда миграция хизматига хабар беради.

Қуйидаги ҳолатлар юз берса, олийгоҳ раҳбарияти 15 кун ичида миграция хизматига хабар беради:

— талаба семестр муддатида рўйхатдан ўтмаса ёки вақтинчалик таътилга чиқса;

— талаба ўқишдан четлаштирилса, ўқишни тўхтатса ёки бедарак йўқолса.

Шунингдек, хорижий фуқаролар Корея Республикасида кирган кундан бошлаб 90 кундан ортиқ яшамоқчи бўлса, у ўз яшаш жойи бўйича ваколатли минтақавий миграция хизмати ходимлари томонидан 90 кун ичида рўйхатдан ўтиши керак. Қуйидаги шахслар эса бундан мустасно:

— Дипломатик ваколатхоналар (элчихоналар, консулликлар) ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оилалари;

— Корея Республикаси ҳукумати билан тузилган битим асосида дипломат ёки консулга тенг имтиёзларга эга шахслар ва уларнинг оилалари;

— Ҳукумат томонидан таклиф этилган шахслар.

Миграция соҳасидаги долзарб муаммолар чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини белгилашдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Мигрантнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш бунда камлик қилади, миграцион ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, жараёнга алоқадор барча иштирокчиларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилиши керак.

Мадина Ҳамдамова,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: