currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларХусусий мактабларда коррекцион синфларни ташкил этишда давлат томонидан қандай имтиёзлар яратилмоқда?

Хусусий мактабларда коррекцион синфларни ташкил этишда давлат томонидан қандай имтиёзлар яратилмоқда?

Ҳуқуқ

calendar

20.11.2026

eye

17

Хусусий мактабларда коррекцион синфларни ташкил этишда давлат томонидан қандай имтиёзлар яратилмоқда?

Бугунги кунда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис нодавлат (хусусий) мактабларда коррекцион синфлар ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди.

 

Коррекцион синф ташкил этган хусусий мактабга қандай имтиёз берилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 августдаги ПҚ-292-сон қарорига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 ноябрдаги 619-сон қарори билан «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга нодавлат таълим ташкилотлари томонидан коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш харажатларини субсидиялаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Ҳужжат 2026 йил 13 ноябрдан кучга кирди.

Субсидия ҳар бир бола учун бир тўлиқ ой ҳисобида қуйидаги миқдорларда ажратилади:

Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 баравари (4 840 000 сўм);

вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 9,5 баравари (4 180 000 сўм);

бошқа туман (шаҳар)ларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 8,5 баравари (3 740 000 сўм).

Субсидия маблағлари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан ажратилади. Субсидия миқдори боланинг ҳақиқатда қатнашган кунларига мутаносиб равишда ҳисобланади ва кейинги ойнинг бошида таълим ташкилотининг ҳисобварағига ўтказилади.

 

Субсидия олиш учун қандай тартибда мурожаат қилинади?

Низомга мувофиқ, коррекцион синф ташкил этиш истагидаги нодавлат таълим ташкилоти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармасига «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали ариза билан мурожаат қилади.

Бунда:

— таълим ташкилотининг лицензияси, педагоглар билан тузилган меҳнат шартномалари ва уларнинг дипломлари ахборот тизими орқали автоматик тарзда текширилади;

— ҳудудий бошқарма таълим ташкилотини жойига чиқиб ўрганади ва битим тузиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради;

— рад этиш учун асос бўлмаса, ҳудудий бошқарма битимни имзолайди, нодавлат таълим ташкилоти эса уни 3 иш куни ичида имзолаши лозим;

— битим ҳудудий бошқарма билан икки ўқув йили муддатига тузилади.

Коррекцион синфга қандай талаблар қўйилади?

Субсидиядан фойдаланиш учун коррекцион синф қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим. Хусусан:

— ҳар бир коррекцион синфда ўқувчилар сони 12 нафардан ошмаслиги ва улар бир хил турдаги ривожланиш нуқсонига эга бўлиши;

— ҳар бир синфга махсус педагог ва ассистент ўқитувчи жалб этилиши;

— болалар коррекцион синфга психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилиниши;

— болаларнинг давомати ҳар куни соат 08:00 дан 18:20 гача бўлган вақтда кунига бир марта биометрик идентификация орқали қайд этилиши талаб этилади.

Шуни таъкидлаш керакки, давомат таълим ташкилотининг геолокацияси ҳисобга олинган ҳолда қайд этилади. Синф жойлашган геолокациядан ташқарида қайд этилган давомат субсидия ҳисоб-китобида инобатга олинмайди.

 

Қандай ҳолларда субсидия ажратилмайди ёки қайтариб олинади?

Низомда битим тузишни рад этиш асослари белгиланган. Хусусан, таълим ташкилотида лицензия, талабга жавоб берадиган бино ёки дефектолог педагоглар бўлмаса, шунингдек, нотўғри маълумотлар тақдим этилса, битим тузиш рад этилади.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатлари учун қуйидаги чоралар назарда тутилган:

— субсидия ёлғон маълумотлар асосида олинган бўлса, жорий молия йилида тўланган барча маблағлар Жамғармага қайтариб ундирилади;

— давомат бошқа боланинг сурати орқали такроран қайд этилса, битим суд тартибида бекор қилинади.

 

Ота-оналар учун қандай кафолатлар мавжуд?

Субсидия ҳисобидан кўрсатиладиган таълим хизматлари учун ота-оналардан ҳақ ундириш тақиқланади. Яъни коррекцион синфда фарзандини ўқитаётган ота-оналар учун таълим бепул бўлади.

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим ташкилотлари учун белгиланган ёш меъёридан икки йилгача ошган болаларни коррекцион синфга қабул қилишга рухсат этилади. Ота-оналар билан тузилган алоҳида шартнома асосида фақат қўшимча хизматлар (жумладан, боланинг 12 соатгача бўлиш режими) учун ҳақ олиниши мумкин.

Масалан, Тошкент шаҳридаги хусусий мактаб 10 нафар боладан иборат коррекцион синф ташкил этса ва барча болалар ой давомида тўлиқ қатнашса, мактаб ҳар ойда 48 400 000 сўм (10 × 4 840 000 сўм) миқдорида субсидия олади. Агар бола ойнинг фақат бир қисмида қатнашган бўлса, субсидия унинг ҳақиқатда қатнашган кунларига мутаносиб равишда ҳисобланади. Бунда ота-оналардан асосий таълим хизмати учун ҳақ олинмайди.

Хулоса қилиб айтганда, коррекцион синф ташкил этган хусусий мактабларга давлат томонидан ҳар бир бола учун ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 8,5 бараваридан 11 бараваригача субсидия ажратилиши алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу сабабли ушбу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган таълим ташкилотлари низомда белгиланган талабларга риоя этиши, ота-оналар эса фарзандининг бепул таълим олиш кафолатларидан хабардор бўлишлари лозим.

Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос

Улашиш: