Ҳуқуқ
19.03.2026
122

Сўнгги йилларда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши инсон ҳаётини анча енгиллаштирди. Бироқ бу жараён янги турдаги жиноятлар — киберўғрилик ва киберфирибгарликнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ушбу таҳдидлар нафақат алоҳида шахслар, балки ташкилотлар ва давлат тизимлари учун ҳам жиддий хавф туғдирмоқда.
Киберўғрилик — бу ахборот-коммуникация тармоқлари орқали моддий ёки маънавий қийматга эга маълумотларни ноқонуний равишда эгаллашдир. Масалан, банк карталари маълумотларини ўғирлаш, шахсий аккаунтларга рухсатсиз кириш ёки махфий маълумотларни ўзлаштириш каби ҳолатлар шулар жумласидандир.
Киберфирибгарлик эса фуқароларни алдов ва ишончга кириш орқали молиявий ёки бошқа манфаат кўришга қаратилган жиноят туридир. Масалан, сохта интернет-дўконлар орқали пул йиғиш, “ютуқ ютдингиз” каби хабарлар юбориш ёки ўзини банк ходими сифатида таништириб, махфий кодларни сўраш каби ҳолатлар бу турга киради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай жиноятларнинг асосий сабабларидан бири — аҳолининг киберхавфсизлик бўйича етарли билимга эга эмаслигидир. Шу боис, ҳар бир фуқаро оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилиши зарур. Жумладан, шахсий маълумотларни бегоналарга бермаслик, шубҳали ҳаволаларни очмаслик, мураккаб пароллардан фойдаланиш ва расмий манбалардангина ахборот олиш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат ва жамият даражасида ҳам киберхавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда. Қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги назорат ва профилактика ишлари кенгайтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Киберўғрилик” ва “Киберфирибгарлик” жиноятларнинг олдини олишда фуқароларга эслатма фуқароларнинг “киберўғрилик” ва “киберфирибгарлик” каби жиноятлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликда белгиланган кафолатлар ва имтиёзлар мазмунини тушунтириш, шунингдек улардан фуқаролар томонидан кундалик ҳаётда тўғри ва самарали фойдаланиш ҳамда амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мазкур эслатма китобни текин, уйдан чиқмасдан ўқишда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан юритилаётган “Юридик кутубхона” – Yurkitob.uz платформаси ёрдам беради. Китоб билан қуйидаги ҳаволада танишиш мумкин: https://yurkitob.uz/uz/books/142
“Юридик кутубхона” нима дейсизми? Мазкур тизим “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” доирасида тест режимида ишга туширилган.
Электрон тизимдан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун етарли шарт-шароитларни яратиш, самарали бошқарув, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини таъминлаш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдан иборат.
Мазкур мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланган:
1) юридик адабиётларни соҳалар кесимида (фуқаролик, меҳнат, жиноят ва бошқа) электрон танишиш имкониятини таъминлаш;
2) Фойдаланувчилар электрон адабиётларни бепул кўчириб олиш, фойдаланиш, нусха кўчириш имкониятига эга бўлиш;
3) Аҳолига юридик ёрдам беришнинг сифат ва тезкорлигини ошириш;
4) Фойдаланувчиларга энг машҳур ва сўнгги ҳуқуқий адабиётлар ва асарлари ўқиш имкониятини яратиш.
Карим ЗАРИПОВ тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Товарларни етказиб бериш тартиби қандай?
Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.