Суд очерклари
22.09.2025
140
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшовчи Иззат Холдоров (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2018 йилда фирибгарлик қилиб, бир неча кишини лақиллатиб кетган пайтида кўзда кунда эмас, кунида синишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади, деб ўйлаганди у.
Ўшанда 2018 йил май ойининг охирлари эди. И.Холдоров фуқаро Нусрат Самиғовга Қорақамиш даҳасида жойлашган 8 сотих ер майдонини 150.000 АҚШ долларига сотмоқчи эканлигини айтади.
-Барча кадастр ҳужжатларини ўзим расмийлаштириб бераман,-дейди қуюқ ваъда бериб.
-Майли, мен бир ўйлаб кўрайчи,-дея мавҳум жавоб қайтаради Н.Самиғов.
-Беш-ўн минг камига сўраганлар кўп, бермаяпман. Олиш ниятингиз бўлса, ҳаракатингизни қилинг,-харидорни қўлдан чиқармаслик учун ёлғон гапиради Иззат ака.
Кўп ўтмай, Нусрат Самиғов ўша ерни акасининг қудаси – Жалол Рўзибоевга олиб бермоқчи бўлади. Бинобарин, Иззат Холдоровга олдиндан 35.600 АҚШ долларини санаб беради.
Буни қарангки, И.Холдоров мазкур ер майдони баҳонасида Нусрат Самиғовни яна аврайди. Яъни унга Учтепа туманида давлат рўйхатидан ўтган “Nurilla golden house” масъулияти чекланган жамиятини 50.000 АҚШ долларига сотиб олишни таклиф қилади. Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорлари асосида замонавий маҳалла идораси қуриб беришга кўндириб, эвазига Мирзо Улуғбек туманининг Хумоюн мавзесида шифохона ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриш учун ажратилган 0,30 гектар ерни кадастр ҳужжатлари билан бирга унинг номига расмийлаштириб беришини айтади. Натижада 3 ой мобайнида харидорнинг 50.000 АҚШ доллари пулини қўлга киритади. Аммо Иззат Холдоров бу билан қаноатланмайди. Аниқроғи, у Н.Самиғовни Мирзо Улуғбек туманидаги “Олимлар” маҳалла идорасини қурилиш ва таъмирлаш ишларини шерикчилик асосида бажаришга ҳам кўндиради. Бунинг учун эса Нусрат акадан яна 60.040 АҚШ долларини олади. Бироқ берган ваъдаларининг бирортасини ҳам бажармайди. Аксинча, туманнинг Хумоюн мавзесидаги 0,30 гектар ер майдони ва “Nurilla golden house” масъулияти чекланган жамиятини фуқаро Мастура Абдулҳамидовага 180.000 АҚШ долларига сотиб юборади. Албатта, ушбу маблағларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлайди.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди. Чунки Нусрат Самиғов билан бир пайтда фуқаро Толиб Жаъфаров ва Қаҳҳор Буваевлар ҳам Иззат Холдоровнинг фириб тўрига илинишган экан. Гап шундаки, Иззат ака 2018 йил май ойида дастлабки терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган жиноий шериги билан тил бириктириб, Т.Жаъфаровга Олмазор тумани Қорақамиш 2-дахасида жойлашган 0,30 гектар бўш ер майдонини қонуний йўллар орқали олиб беришини айтади. Уларнинг ваъдасига ишонган Толибжон эса айтилган 35.000 АҚШ долларини тез кунда санаб беради.
-“Юқори бешқўрғон” маҳалласи янги биносини қуриш учун 0,08 гектар ер ажратилган. Аммо шунча майдонга бино қурилмайди. Мени биласиз, ҳокимият салом-алигим яхши. Нархини келишсак, ўша ернинг олти сотихини сизга олиб беришим мумкин. Кадастр ҳужжатларни расмийлаштириб бериш ҳам менинг зиммамда,-дея Қаҳҳор Буваевни ёлғон ваъдаларга кўмиб ташлайди “қаҳрамон”имиз.
-Нархи қанча экан?,-деб сўрайди Қаҳҳоржон ака қизиқиб.
-Асли бунақа ерлар етмиш мингдан кам эмас. Майли, сизга олтмиш мингга олиб бераман. Кадастр харажатларига яна минг долларча кетади.
Бунга рози бўлган Қ.Буваев келишилган пулнинг 31.000 АҚШ долларини И.Холдоровнинг қўлига тутқазади. Бироқ...
Орадан 2 йил ўтгач – 2020 йил июнь ойида Иззат Холдоровни яна эски “ҳунар”ининг хумори тутиб қолади. Аниқроғи, у фуқаро Зулфия Арзиевага Юнусобод тумани 3-мавзесида қурилаётган янги уйнинг 2-қаватида жойлашган, 76 метр квадратдан иборат 2 хонали хонадонни 45.000 АҚШ долларига сотишини ҳамда 6 ой ичида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини ваъда қилади. Анчадан буён уй-жойга эҳтиёжи бўлган Зулфия опа эса унинг ваъдасига ишонади. Бинобарин, олдиндан унга 20.000 АҚШ долларини беради. Лекин И.Холдоровнинг лақиллатиб кетганини кейин англаб етади.
Хуллас, жабрланувчиларнинг мурожаатлари асосида юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Иззат Холдоровни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бирга, судланувчидан Нусрат Самиғовга 1 миллиард 870 миллион сўм, Толиб Жаъфаровга 449 миллион 547 сўм, Қаҳҳоржон Буваевга 398 миллион 170 минг сўм моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди. Зулфия Арзиевага етказилган зарарни эса И.Холдоров тергов жараёнида тўлиқ қоплагани инобатга олинди.
Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича Мирзо
Улуғбек туман судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Қимматли қоғозлар бозори: қарорларнинг бажарилиши ва уларга нисбатан шикоят қилиш тартиби
Қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой.
1 октябрдан нималар ўзгаради?
Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади.
Ходимни дам олиш кунида ишлатиш – қонунийми? Жавобни Меҳнат кодекси беради
Ходимни дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этиш учун унинг розилиги талаб этилади.