Ҳуқуқ
14.12.2023
1 087

Зиммамизда қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар бор? Ихтиёримизга улардан ташқари мажбуриятлар юклатилиши мумкинми? Мисол учун, раҳбарлар ўз ходимига лавозим мажбуриятига кирмайдиган топшириқлар беришга ҳақлими? Мактаб ўқитувчиларини ҳокимият ёки маҳаллалар фаолиятига кўмаклашиш учун уларнинг ихтиёрига қарши жалб қилиш-чи? Hudud24.uz “Конституцияда шундай дейилган” рукни доирасида шу каби ҳолатларга батафсил тушунтириш беради.
Ҳуқуқий давлат сифатида Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай фаолият, ҳуқуқ ва эркинликлар, мажбуриятлар фақат ва фақат қонунчиликка мувофиқ белгиланиши ва амалга оширилиши лозим.
Шу маънода, янгиланган Конституциямизнинг 21-моддасида ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас, деган норма мустаҳкамланди.
Конституция ва қонунларга риоя этиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш, атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш, Ўзбекистонни ҳимоя қилиш каби қонуний бурч ва мажбуриятлар мавжуд.
Янги киритилган норма фуқароларга фақат Конституция ва қонунчилик ҳужжатларида мажбурий этиб белгиланганидан ташқари, бошқа бирор-бир мажбуриятни бажаришга бурчли эмаслигини, шунингдек давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳам уларга қўшимча мажбуриятларни юклаш ваколатига эга эмаслигини англатади.
Бу эса амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган бирорта ҳам қонунчилик ҳужжатида назарда тутилмаган мажбуриятни ёки қандайдир вазифани ташкилот раҳбари томонидан ходимга юклаш каби салбий ҳолатларга чек қўяди.
Муҳим жиҳати шундаки, кўпинча мансабдор шахслар ёки раҳбарлар ўз бўйсунувидаги шахсларга турли кўринишдаги оғзаки ва ёзма кўрсатмалар, топшириқлар ва вазифаларни юклайди. Ходим эса бундай ҳолатда ноқулай вазиятга тушади, ҳатто ушбу вазифа ва топшириқларни бажариш оқибатида жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.
Айрим ҳолатларда мактаб ўқитувчиларини ҳокимият ёки маҳаллалар фаолиятига кўмаклашиш учун унинг ихтиёрига зид равишда жалб этиш каби амалиёт бунга яққол мисол бўлади.
Шу маънода киритилган ушбу норма, энг аввало, раҳбарларни қонунчиликда кўрсатилмаган топшириқларни беришдан тийилишга мажбур қилади, айни пайтда ходимларга ушбу вазифа бирор-бир қонунчилик ҳужжатида кўрсатилмаган, деб ижро этмасликка, уни бекор қилинишини юқори идоралардан талаб қилиш имкониятини беради.
Амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган, масалан, жамоат ишларига жалб қилиш, иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлаш каби ноқонуний ҳолатларга Конституция даражасида қатъиян чек қўяди.
Мазкур норма Германия, Болгария, Сербия, Грузия, Испания ва бошқа мамлакатлар конституцияларида белгилаб қўйилган.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.
Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиби қандай?
Шунинг учун уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиби оддий транспорт воситаларидан фарқ қилади.