Ҳуқуқ
11.10.2024
447

Маълумки, 2017 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Унга мувофиқ, жиноий жазо тизимига “мажбурий жамоат ишлари” жорий этилиб, “қамоқ” тариқасидаги жиноий жазо тури бекор қилинган.
Бироқ, жиноят қонунчилигимизда “қамоқ” жазоси бекор қилингани билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун “қамоқ” жазоси қонунчилигимизда сақланиб қолинган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасида маъмурий жазо турларида “маъмурий қамоққа олиш” жазоси ҳам мавжуд бўлиб, мазкур кодекснинг 29-моддасига биноан, маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун – ўттиз суткагача муддатга қўлланилиши, шунингдек, маъмурий қамоққа олиш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Кимларга қўлланилиши мумкин эмас?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига асосан, қуйидагиларга “маъмурий қамоққа олиш” жазоси қўлланилмайди:
— ҳомиладор аёлларга;
— уч ёшгача боласи бўлган аёлларга;
— ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга;
— ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга.
Жазони ўташ тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарда сақланади ва умумий камераларга ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахслар ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахсий хавфсизлиги таъминланади.
Қамоққа олинган шахсга жисмоний куч ва махсус воситалар (тинчлантириш кўйлаклари, резина таёқлар, қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари, кўздан ёш оқизувчи моддалар, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, хоналарни очиш мосламалари) қўлланилиши мумкин. Бироқ бундай чоралар фақатгина махсус қабулхона ходимларига, маъмурий қамоққа олинган бошқа шахсларга ва ўзга шахсларга ҳужумини даф этишда, оммавий тартибсизликларга, жамоат тартибини гуруҳ бўлиб бузишларга барҳам беришда, махсус қабулхона ходимларига ашаддий тарзда бўйсунмаётган ёки қаршилик кўрсатаётган ҳуқуқбузарларни ушлашда, махсус қабулхонадан қочган маъмурий қамоққа олинган шахсларни ушлашда, маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонадан қочишининг олдини олиш учун қўриқлаб туришда қўлланилиши мумкин.
Нилуфар ПАРДАЕВА,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Топ-100 хорижий олийгоҳлар битирувчиларига ипотека имтиёзи: кимларга берилади ва қандай ишлайди?
Қарорга мувофиқ, мазкур давлат дастурининг субъектлари доираси қатъий белгиланган бўлиб, номзод бир вақтнинг ўзида айрим юридик фактлар (шартлар)га мувофиқ келиши талаб этилади.
Никоҳ шартномаси — оилавий барқарорлик ва ўзаро ишонч кафолати
Замонавий жамиятда ҳаёт суръати тезлашиб, инсонларнинг турмуш тарзи ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда.