currencies image

12 123,38 UZS

51,35

usd

currencies image

14 094,64 UZS

77,81

eur

currencies image

149,19 UZS

1,18

ru



АсосийЯнгиликларҚонунчиликда хотин-қизларга қандай имтиёзлар берилган?

Қонунчиликда хотин-қизларга қандай имтиёзлар берилган?

Ўзбекистон

calendar

12.03.2021

eye

546

Қонунчиликда хотин-қизларга қандай имтиёзлар берилган?

Президентнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди; тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди; бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой тўланадиган бола парваришлаш таътили бериладиган бўлди; икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи бериладиган бўлди. Шунингдек, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарори билан “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, ушбу Низом олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартибини белгилайди. Ушбу низомга кўра, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасалари киришда давлат гранти асосидаги қабул доирасидаги танловда иштирок этиш учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади: ➖  кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар; ➖ тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар; ➖ турмуш ўртоғИ вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар; ➖  ногирон фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар; ➖ 2 ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари; ➖ ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам II ёки III гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар. Тавсиянома олиш учун туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига электрон шаклда мурожаат қилинади. Шу билан бирга, Президентнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредитлар ажратилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 585-сонли қарори билан тасдиқланган “Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2 — 4-курсларда таҳсил олаётган 75 нафар (ҳар бир курсдан — 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради. Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-752-сон қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмига ўзгартириш киритилиб, унга кўра болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича қонунчилигимиздаги энг сўнгги янгилик 2022 йил 7 март куни Президент томонидан имзоланган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармондир. Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бюджет ташкилотларидан бошқа барча юридик шахсларда охирги 6 ойда узлуксиз иш стажи бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб бюджет ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. 2022/2023 ўқув йилидан: * ОТМ, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш учун банкларга бюджетдан ҳар йили 1,8 триллион сўм йўналтирилади; *  давлат ОТМларида магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади ва бунга ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилади; * хорижий ОТМларга бакалавриат учун – 50 нафар, магистратура учун – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилади; * ҳар йили 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади; * мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизлар ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат ОТМларига умумий квотадан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ контракт асосида ўқишга қабул қилинади; * давлат илмий ташкилотлари ёки ОТМ докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади. Фармонга кўра, хотин-қизларга дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тармоқлар иқтисодиёти, маркетинг ва талаб юқори бўлган бошқа таълим йўналишлари бўйича таълим берадиган алоҳида университет очилади. Қишлоқ жойларидаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва иш билан таъминлаш мақсадида 2023 йилдан ҳар йили нодавлат ташкилотларга БҲМнинг 7 минг баравари миқдоригача грантлар ажратилади. Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этилади ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизлар ўқитилади. 2024 йил 1 январгача барча давлат органлари ва ташкилотлари, уставида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосари хотин-қизлар орасидан тайинланади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилади. 2022 йил 1 апрелдан: ➖ тадбиркорликни янги бошлаётган хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади; ➖ “Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади. ➖ 2022 йилда субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади; ➖ Ижарада турган “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловининг 50 фоизи, кўпи билан 500 минг сўмгача компенсация берилади. 2022 йил 1 апрелдан: ➖ боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг: * фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади; * 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади. ➖ тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади; ➖ кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи бюджетдан қоплаб берилади. Муҳаббат Хожахметова, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси 

Улашиш:

Мавзуга доир янгиликлар: