currencies image

12 557,56 UZS

34,15

usd

currencies image

14 809,13 UZS

12,57

eur

currencies image

159,44 UZS

0,74

ru



АсосийЯнгиликларКоррупция – тараққиёт заволи

Коррупция – тараққиёт заволи

Ҳуқуқ

calendar

06.05.2024

eye

425

Коррупция – тараққиёт заволи

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатларини ўзининг нафсидан, мол- дунёга бўлган ҳой ҳавасларидан, умуман, ўз манфаатларидан устун қўймай туриб Ватан равнақига ҳисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият шаклланган бўлиши керак.

Бироқ, инсоннинг Ватан равнақига ҳисса қўшишдек олий мақсадга эришиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлувчи ва унга хавф солувчи бир иллат борки, у «коррупция» деб аталади. Коррупция содда тилда айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқейидан фойдаланиб, моддий наф ёки номоддий манфаат кўришидир.

Ушбу иллатга қарши кескин курашмасдан туриб, давлат ва жамият ҳаётини янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслигини кундалик ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Шу сабабли 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Мазкур қонунда коррупция тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейидан фойдаланиб ўзининг шахсий манфаатларини ёки ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий манфаат олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.

Шунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.

Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ваколатли давлат органлари ҳам белгилаб берилиб, улар қаторига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва уларнинг қуйи тизимдаги идоралари киритилди.

Бугунги кунда судлар томонидан ҳам одил судловни амалга ошириш ҳамда қонунийликни таъминлаш орқали жадал суръатларда коррупцияга қарши курашиш чоралари кўриб борилмоқда.

Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йилларда суд ҳокимиятини нуфузини ошириш, судьянинг мустақиллиги, унинг фақат қонунга бўйсуниши принципини амалда таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига ва шу орқали жамиятда қонун устуворлигига бўлган ишончини янада орттириш борасида изчил ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Президентимиз Sh.M.Mirziyoyevning 2017 йил 13 июнь санасида судьялар билан ўтказилган тарихий учрашувда «Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлиши лозим» деб таъкидлаганлари ҳам юқоридаги фикримизнинг исботидир.

Жамият ҳаётининг коррупция мавжуд бўлган ҳар қандай соҳаси ривожида тараққиёт бўлмаслиги кундек равшан. Зеро, коррупция-тараққиётнинг заволи дейилиши бежизга эмас.

Албатта, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи, истиқболи учун нафақат махсус ваколатли идоралар, балки ҳар бир фуқаро коррупция аталмиш иллат билан муросасиз курашиши шарт.

Шеробод туман Адлия бўлими бошлиғи

Ф. Рахмонов

Улашиш: