currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКоррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди

Коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди

Ҳуқуқ

calendar

08.07.2026

eye

70

Коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди

Қонун (ЎРҚ–1155-сон, 22.06.2026 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, коррупцияга оид жиноятлар қуйидагилар этиб белгиланди:

Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисми «д» бандида, 168-моддаси 4-қисми «г» бандида, 192-9, 192-10-моддаларида, 192-11-моддаси 2-қисми «в» бандида, 205-моддаси 2-қисми «в» бандида, 206-моддаси 2-қисми «в» бандида, 208-моддаси 2-қисмида, 209-моддаси 2-қисми «в» бандида, 210, 211, 212, 213, 214, 214-1, 214-2-моддаларида ва 301-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятлар;

Кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят, агар мазкур жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса.

Шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахсга қўлланилмаслиги белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра:

давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно,

мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади.

Хавф-хатарлар харитаси қуйидагилар асосида шакллантирилади:

коррупцияга оид жиноятчилик статистикаси;

коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили;

аҳолининг коррупцияга бўлган муносабати;

коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатнинг самарадорлигига доир маълумотлар;

коррупцияга қарши курашиш бўйича  фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг ахбороти.

Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.

Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан 2 йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрига киритилади.

Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.

Электрон реестрда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.

Электрон реестрга киритилган шахсларга нисбатан қуйидаги чекловлар белгиланади:

давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;

сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодининг кўрсатилиши;

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;

ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорларнинг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи сифатида қатнашиш;

давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

Электрон реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юритилади.

Улашиш: