Ўзбекистон
12.08.2025
529

Сўнгги пайтларда ҳамюртларимиз орасида бир-бирига нисбатан туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Бу жуда ачинарли ҳол. Менимча, кўпчилик туҳмат ва ҳақоратнинг ҳуқуқий оқибатларини билмайди, ўйламайди.
Бош қомусимизнинг 13-моддасига биноан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шу маънода айтганда, амалдаги қонунларимизда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига мувофиқ, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кодекснинг 41-моддасида эса ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Жиноят кодексининг 139-моддасига биноан, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Агар туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда, хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Кодекснинг 140-моддасида эса ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда, хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Шундай экан, ҳар бир шахс ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш оғир оқибатларга олиб келишини теран англаб етиши шарт.
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Сунъий интеллект ва юридик терминология
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши шарт.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.