Ўзбекистон
31.08.2023
1 135
Собиқ Иттифоқ тарихида танаффуслар билан серияли равишда давом эттирилган машъум воқелик – қатағонлар ҳақида гап кетганда барчанинг ёдига биринчи навбатда фан ва адабиёт вакиллари, жумладан, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмуд Боту, Абдулла Қодирий, Усмон Носир ва Ғози Юнус сингари истеъдод эгалари келади. Аммо Сталиннинг қатағон сиёсати илк нишони амалдаги ҳукуматдан ўзгача фикрловчи миллий сиёсий элита вакилларига қаратилган. hudud24.uz колумнисти Муроджон Нажмиддинов “оғмачи гуруҳбозлик”да айбланиб, қатағон қилинган миллий сиёсий вакиллар, жумладан, “Қосимовчилар”, “Иноғомовчилар”, “18 лар гуруҳи” ва уларга қўйилган айбловлар хусусида сўз юритади. [caption id="attachment_19233" align="aligncenter" width="914"] Иосиф Виссарионович Сталин. Фото: “Рамблер”[/caption] Қатағонлар даври Собиқ Иттифоқ тарихидаги қатағонларни шартли равишда уч даврга бўлиш мумкин. Биринчи босқич 1920-йиллар, иккинчи босқич 1937–1938 йиллар, учинчи босқич 1950–1953 йилларни ўз ичига олади. Сталин шахсиятининг мустаҳкамланиши билан қатағонлар оммавий тус олди. Айниқса, 1937–1938 йилларда юқори чўққига чиқди. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши даврида ва ундан кейин уруш қатнашчилари ҳам қатағонга учраб турли муддатларга озодликдан маҳрум этилади. Шу ўттиз йиллик давр мобайнида Жиноят кодексининг 58-моддаси, “аксилинқилобий фаолият” айблови билан 1,3 млн киши қамоққа олинган. Маҳкумларнинг ярми ўлим жазосига ҳукм этилган. Қатағон машинаси аҳолининг деярли барча қатламларини қамраб олган эди. Деҳқонлар, зиёлилар, бойлар, диндорлар, сиёсий элита вакиллари энг кўп жабр кўрган тоифа эди. Аммо, шунга қарамай, қатағон қурбонлари сони бўйича аниқ статистика мавжуд эмас. Бу борада турли рақамлар бўлиб, уларга кўра, қурбонлар сони 5,5 млн.дан 30 млн.гача етади. [caption id="attachment_19234" align="aligncenter" width="1036"] Қамоқхонада тушлик. Фото: “Legion Media”[/caption] Қатағонлар асосан сиёсий мотивларга асосланган эди. Бу даврдаги қатағонлар деярли Сталин вафотига қадар давом этди. Қатағон шамоли Бутун Иттифоқ бўйлаб эсган қатағон шамоли Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига партия тазйиқи янада кучайтирилиб, маиший турмушнинг ҳар бир жабҳаси имкон қадар назорат остига олинди. 1929 йилда ўтказилган партиядаги “тозаланиш” натижасида аъзоларнинг 15 фоиздан ортиғи партия сафидан чиқарилди. Ўзбекистон компартиясининг IV съезди (1929 й.) ҳам республикада партия ташкилотларидаги гуруҳбозликка қарши кураш ниқоби остида тазйиқ механизмини ишга туширди. Ўзбекистонда сиёсий қатағон асосан республиканинг сиёсий арбоблари ва зиёлилар қатламини қамраб олди. Фақат 1937 йил декабрь ойида “учлик” қарори билан ҳукм қилинган 3 644 кишидан 1 464 нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида “учлик” йиғилишларида 2 491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан, 2 086 маҳбус отувга, 398 маҳбус 10 йил муддатга, 2 маҳбус 8 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. [caption id="attachment_19235" align="aligncenter" width="852"] Газ-11-73 автомобили. Халқ орасида “Ўлим машинаси”, “Қора қарға” номини олган машина. Бу машинада олиб кетилган одам, уйига қайтмаган, кўп ҳолларда судсиз, терговсиз отиб ташланган. Фото: “Wroom.ru”[/caption] Хусусан, 1929 йил охирларида Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги “Миллий истиқлол” ташкилотининг аъзолари қамоққа олинди. Қамалган 85 нафар аъзодан 15 нафари отиб ташланди, қолганлари эса тузатиш-меҳнат лагерларига жўнатилди. Йирик жамоат арбобларидан Маннон Абдуллаев, Носир Саидов, Маҳмуд Ходиев, Ҳосил Василов, Собир Қодировлар ўлим жазосига ҳукм этилди. Аммо кейинчалик кескин норозиликлар ортидан ҳукм узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Дастлаб жойларда миллий маданиятни қайта тиклаш, халқ турмушини яхшилаш муаммоларига диққатни жалб этишга уринган раҳбар ходимлар ва ижодий зиёлилар йўқ қилинган эди. Айнан шу муносабат билан Турор Рисқулов, Абдулла Раҳимбоев, Назир Тўрақулов, Иноғомжон Хидиралиев, Қайғисиз Атабоев, Султонбек Хўжанов сингари машҳур арбоблар миллатчиликда айбланди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муқобил йўлларини амалга оширишга уринган кишиларга гуруҳбозликка қарши кураш шиори остида айблар қўйилди. Кейинчалик “Иноғомовчилар”, “18 лар гуруҳи”, “Қосимовчилар” деб ном олган ишлар худди ўша пайтларда тўқилган эди. Хўш, улар ким эди ва совет раҳбарияти олдида қандай гуноҳ қилган эди? “Қосимовчилар” “Уйимни тинтув қилишганида, ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташладилар. Бугун менинг номимга айтилаётганлар бўҳтон ва ёлғон эканини ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман?! Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам индамадим. Хўш, нимани гапираман? Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми? Виждонсиз яшагандан мен учун пок виждон билан ўлим афзал”, – 1930 йилда Самарқанд шаҳрида “Қосимовчилар гуруҳи” иши (Касымовщина) бўйича бўлиб ўтган суд мажлисида Саъдулла Қосимов тилидан ушбу сўзлар янграган эди. Гуруҳ аъзолари Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги “Истиқлол” ташкилотига хайрихоҳлик кўрсатишда, порахўрликда, мансабни суиистеъмол қилганликда ва бошқа бир қанча жиноятларда айбланган. 1929–1930 йилларда Давлат банки ходимлари, суд ва прокуратуранинг раҳбар ходимлари, Ўзбекистон ССР Олий судининг раиси Саъдулла Қосимов бошчилигидаги раҳбар кадрлар қамоққа олинди ва “қосимовчилар” деган муҳр босиб “ясалган” иш юзага келди. Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1909 йилдан машҳур муаллим Эшонхўжа Хонийнинг янги усулдаги “Хония” таҳзирий (бошланғич) мактабида, 1916 йилгача Мунавварқори Абдурашидхоновнинг рушдий (юқори) “Намуна” мактабида ўқийди. Айни пайтда рус-тузем мактабида ўқиб, рус тили ва замонавий фанларни ҳам ўзлаштиради. Таълимни Ўзбек педагогика билим юртида давом эттиради (1918–1920 йй.). Қосимов меҳнат фаолиятини ўқитувчи сифатида бошлайди. Мунавварқорининг тавсияси билан большевиклар фирқасига қўшилади. Сўнг Туркфронт сиёсий бўлимига сафарбар этилиб, 1919 йил охиригача Туркфронтнинг мактаб ишлари бўйича инструктори бўлиб ишлайди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1922 йил Эски шаҳар ижроия қўмитасида маориф бўлими раисининг ўринбосари вазифасида ишлайди. Қосимов 1923 йилда суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб боради. Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрдан вилоят суди раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилоят суди раиси бўлади. У 25 ёшида, 1925 йил декабридан ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси сифатида иш бошлайди. [caption id="attachment_19236" align="aligncenter" width="1011"] Саъдулла Қосимов. Фото: “shosh.uz”[/caption] Аммо унинг фаолияти узоқ давом этмади. Қосимов ва унинг атрофидагилар совет ҳукмрон режими томонидан миллий кадрларни, зиёлиларни қатағон қилиш, жазолаш мақсадида атайин уюштирилган навбатдаги ҳаракатлар қурбонига айланди. Қосимовнинг устидан миллатчилик ва порахўрликда айблаб шикоят тушган, деган баҳона билан Кремль унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди. Шу мақсадда Москвадан Растопчин, Корниловлар ҳамда маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековлардан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмади. Натижада Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади. Аммо кўп ўтмай янги баҳоналар билан тергов ҳаракатлар қайта бошланади. С. Қосимов ва унинг яқин маслакдошлари – Мусабоев, Шарипов, Сирожиддинов ва бошқа жами 7 киши 1929 йилнинг 2-ярмида “босмачилик” ҳаракатига ён берганликда айбланиб, қамоққа олинди. Улар республикадаги миллатчи ташкилотлар билан алоқа ўрнатганликда айбланди. “Қосимовчилар гуруҳи” бўйича тўпланган материаллар судга оширилди. Ўзининг қайта қўлга олиниши ва терговлар тўғрисида Қосимов яқинларига шундай дейди: “озодликка чиққанимдан хурсанд бўлиб Тошкентга бордим. Мени кўргани дўстим, Германияда олий маълумот олиб қайтган агроном Абдуваҳҳоб Муродий келди. Биз устозимиз Усмонхўжа Тўхтахўжаев билан учрашишни хоҳладик ва Усмонхўжа домла билан эртасига соат 10:00 да Революция сквери (ҳозирги Амир Темур хиёбони)да учрашишга келишдик. Муродий мен билан уйимда қолди. Эртаси келишилган жойга бориб, у кишини кута бошладик. У киши келмади. Ғани Мусахонов келиб у кишини қамашмоқчи эканлигини ва туман партия қўмитасидан одам келиб, унинг ишдан олганини айтиб кетибди. Шунга, келса, сизларга ҳам ёмонлиги тегиши мумкинлиги учун келмаслигини айтиб юборди деди. Биз ташвишландик. Муродий ана энди қама-қама бошланади, деб алам устида ўзининг тажриба станциясига йўл олди. Мен эски шаҳарга устозимнинг уйига йўл олдим. У киши эса меникига йўлга чиққан экан. Биз трамвайда, йўлда учрашдик. Нимагадир аҳволимизни кўриб кўзимга ёш келди. У киши ҳам ўзини босолмай йиғлаб юборди. Атрофдаги одамларнинг эътиборини тортмаслик учун Тарновбошидаги масжидга кирдик. Муродийнинг айтгани бўлди. Икки кун ўтиб Усмонхўжа Тўхтахўжаев қамоққа олинди. Кейин ҳаммани қайтадан қамашга киришдилар. Мени ҳам олиб келишди”, дейди. Шу тариқа қийноқ ва таҳқирли терговлар яна бошланади. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнга қадар давом этди. “Қосимовчилар иши” бўйича ўтказилган суд жараёни деярли ярим йил (1930 й.) давом этиб, жуда катта шов-шув билан ўтказилган. Судга Самарқанд шаҳридаги жамоатчилик вакиллари таклиф қилинган. Олдиндан тайинланган вакиллар масаланинг моҳиятини тушунмасдан эҳтиросга берилиб, барча “жиноятчилар”га ўлим жазосини қўллашни талаб қилган эди. Иттифоқ матбуотида “Қосимовчилар иши” бўйича суд жараёнининг боришини ёритиш бўйича пойга ташкил этилди. “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Шарқ ҳақиқати”, “Янги Фарғона” газеталарида кенг миқёсда тинимсиз мақола ва хабарлар босилди. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1930 й., апрел-сентябрь) суд жараёни ҳақида 75 та мақола (!) босилди. Уларнинг деярли барчасида гуруҳнинг қонундан ташқари қилмишлари, жиноятлари “фош” этилар эди. 1930 йил 21 июнда Иттифоқ Олий суди номидан 4 киши – Саъдулла Қосимов, Бадриддин Шарипов, Насриддин Олимов, Вячеслав Спиридоновнинг ҳаммаси олий жазо – отишга ҳукм қилинди, қолганлар эса 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. “Иноғомовчилар” Раҳим Иноғомов 1902 йил декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал эски мактабда, сўнг рус-тузем мактабида ўқиган. Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабини битириб, 1918 йилдан Саид Аҳрорийнинг “Изчилар тўдаси”да, 1919–1921 йиллар Фитратнинг “Чиғатой гурунги”да иштирок этади ва ўз даврининг илғор фикрли ёшларидан бирига айланади. Раҳим Иноғомов 1921–1924 йилларда Москвадаги Свердлов номидаги коммунистик университетда ўқиб, 1925 йил Тошкентга қайтади ва 23 ёшида Маориф халқ комиссари лавозимига тайинланади. [caption id="attachment_19237" align="aligncenter" width="1088"] Раҳим Иноғомов. Фото: “oyina.uz”[/caption] Иноғомов ўзининг бир қатор нутқларида Ўзбекистон компартиясининг мустақил фаолият юрита олмаётганлигига, Марказ органларининг ўлка ҳаётидаги зўравонлигига ҳам алоҳида урғу берган. Шунингдек, таълим тизимидаги муаммоларга бот-бот тўхталган. Жумладан, 1925 йилда Ўзбекистон комсомоли марказий қўмитаси мажлисида қилган маърузасида баландпарвоз рақамлардан чекиниб, барча муаммоларни ва ҳолатни рўй-рост баён қилади: “Бизда ўқишни истаганлар минглаб бор, аммо биз уларнинг ҳаммасини мактабларимизга жойлолмаймиз... Мисол ўрнида айтаман ким, бу йил ичида ҳатто келгуси 5 йил зарфинда ҳам биз бутун мактаб биноларини янгидан солиб битира олмаймиз. Бизнинг вазифамиз бор орқада қолғон вилоятларда мактабларнинг сонини 100 фоизга етказишга, бироқ буни ҳам қила олмаймиз деб қўрқаман. Чунки мактаб учун бинолар йўқдир. Бундай ишлар учун бизга жудаям оз пул бериладир. Давлат буджетидан мактаб таъмири ва биноси учун 140 минг сўм бериладир. Ваҳоланки, мактаб биноларимизнинг 50-70 фоизи ишга ярамайтурғон бинолардир”. Шу сингари чиқишлардан сўнг Иноғомов 1926 йилда Маориф халқ комиссари лавозимидан олиниб, Ўзбекистон Компартияси МК матбуот бўлими мудири лавозимига ўтказилади. Унинг фаолиятидан норози бўлган кишилар уни ҳукуматдан четлаштиришга эришади. У бир муддат “Ўздавнашриёт”да бўлим мудири ва Ўзбекистон ёзувчиларининг Самарқанддаги “Қизил қалам” жамиятига раҳбарлик қилди. Республиканинг бир қатор масъул ходимларидан Н. Мавлонбеков, Т. Исамуҳаммедов, М. Алиев, Т. Бобоназаров сингари ҳаммаслаклар Иноғомовнинг қарашларини қўллаб-қувватлаб чиққанди. Бундай мухолиф чиқишлар ҳукмрон партия мутасаддиларининг қаҳрига учрамасдан қолмасди, албатта. Шу боис, 1926–1927 йилларда бу гуруҳ фаолияти партия ташкилотларида бир неча бор муҳокама қилиниб, “оғмачи гуруҳбозлик”, “маҳаллий миллатчилик” ва “ўлиб бораётган миллий буржуазияни ҳимоя қилиш”да айбланди. Аслида эса улар совет ҳукумати миллий мустамлакачиликдан бошқа нарса эмаслигини ошкор айтиб, коммунистик партия юритаётган шовинистик сиёсатни танқид қилган эдилар. Бундай танқид учун етарлича асос бор эди. Масалан, 1928 йилда республикада фақат битта олий ўқув юрти – Ўрта Осиё давлат университети (бугунги Миллий университет) бўлиб, 4 200 нафар талабадан 131 киши, яъни 3,2 фоизи маҳаллий миллатларга мансуб бўлган. Маҳаллий миллатларнинг давлат идоралари ва вазирликларда фаолият кўрсатаётган вакиллари улуши атиги 15 фоизни ташкил этар эди. Аммо ушбу танқидларга Кремль ўз усулида жавоб қайтарди. Р. Иноғомов ва унинг тарафдорлари вазифаларидан олиниб, уларга “иноғомовчилар” (Инагамовщина) тамғаси ёпиштирилди ва жиноий иш очилиб, кейинчалик жисмонан йўқ қилинди. “18 лар гуруҳи” Бу гуруҳга республиканинг таниқли сиёсий арбоблари – Файзулла Хўжаев (ўша вақтда Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари кенгаши раиси), Иномжон Хидиралиев (Ўзбекистон ССР Ер-сув ишлари халқ комиссари) ва республикада юқори лавозимларда ишлаган бошқа ходимлар, ҳаммаси бўлиб 18 нафар киши кирган. Уларга “ер-сув ислоҳотига қарши чиққан, бой-қулоқ (“кулак”) ҳамда ер эгаларининг манфаатини ҳимоя қилиб чиққанлар, маҳаллийчилик ва миллатчилик ғояларини илгари сурган” деган сохта айбнома қўйилди. Аслида эса улар Кремлнинг улуғ давлатчилик ҳамда шовинистик сиёсатига, миллий кадрларга нисбатан эса беписандлик, лоқайдлигига қарши чиқиб, адолат ва ҳаққонийлик тамойилларини ҳимоя қилган. [caption id="attachment_19238" align="aligncenter" width="904"] “18 лар гуруҳи” аъзоси Ўзбекистон ССР Ер-сув ишлари халқ комиссари Иномжон Хидиралиев иши бўйича юритилган шахсий йиғма жилд. Фото: “Hudud24”. Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.[/caption] Шу боис расмий партия органлари томонидан мазкур гуруҳ кескин қораланади ва унинг аъзолари турли жазоларга гирифтор этилди. Хўжаев омма олдида ўз хатоларини тан олганлиги учун вақтинчалик кечирилган. Аммо, 1938 йилга келиб, миллатнинг бошқа зиёли ва сиёсий арбоблари қаторида қатағондан қутула олмади. [caption id="attachment_19239" align="aligncenter" width="1316"] Файзулла Хўжаев. Фото: “Hudud24”. Бухоро давлат архивидан олинди.[/caption] Мазкур гуруҳлардан ташқари, яна бир қанча катта ва кичик гуруҳлар ҳам “фош” қилинган. Уларнинг аъзолари жиноий жавобгарликка тортилиб, аксарияти отишга ҳукм қилинган, қолганлари эса узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилганган. 1937–1938 йиллар давомида Ўзбекистонда бир қатор йирик аксилинқилобий тузилмалар ташкил этилиб, фаолият юритмоқда, деган сохта маълумотлар тўпланди. [caption id="attachment_19240" align="aligncenter" width="740"] Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари кенгаши раиси Файзулла Хўжаев, Бухоро шаҳри, 1923 йил. Фото: “Hudud24”. Бухоро давлат архивидан олинди.[/caption] Мана шундай уйдирма маълумотлар асосида республика раҳбарлари А. Икромов ва Ф. Хўжаев бошчилигидаги “Буржуа – миллатчилик аксилинқилобий ташкилоти маркази”, Абдурауф Қориев раҳбар бўлган “Мусулмон руҳонийларнинг миллатчи-исёнкор ташкилоти”, “Аксилинқилобий ўнг троцкийчи жосуслар ташкилоти маркази”, “Бухоро ва Туркистон бахт-саодати” номли аксилинқилобий ташкилотлар, И. Ортиқов бошлиқ “Ёшларнинг аксилинқилобий буржуа-миллатчилик ташкилоти”, “Инглиз жосуслик резидентураси”, “Япон жосуслик-қўпорувчилик резидентураси” каби ташкилотлар совет ҳокимиятига қарши фаолият юритмоқда, деб эълон қилинди. [caption id="attachment_19241" align="aligncenter" width="1041"] Файзулла Хўжаевга тегишли хизмат ёзишмалари. Фото: “Hudud24”. Бухоро давлат архивидан олинди.[/caption] Уларни тузишда гумон қилинганлар қатағонга учради. Шу йиллар давомида 43 000 дан зиёд киши қамоққа олинди. Улардан 6 920 нафари отиб ташланди. 37 000 нафари эса турли муддатга қамоқ ва сургунга ҳукм этилди. Қатағон қурбонлари номини оқлаш ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш Сталин ўлимидан сўнг Хрушев томонидан бошлаб берилди. Аммо 60-йиллар ўрталарига келиб тўхтаб қолди. 1990 йил 13 август куни СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачев “20–50 йиллардаги барча сиёсий қатағон қурбонларининг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” фармонни имзолади. Шунингдек, мутақилликдан сўнг бу борадаги ишлар жадал давом эттирилди. Жумладан, 31 август қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланди. Қатағон қурбонларининг номлари оқланди. Хусусан, шу йилнинг ўзида 208 нафар қатағон қурбонлари номи оқланди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.