Ҳуқуқ
16.11.2026
116

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда кредитор ва қарздор ўртасидаги мажбуриятлар муҳим ўрин тутади. Айрим ҳолларда кредитор ўзига тегишли бўлган қарзни талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Бундай вазиятда қарздорнинг розилиги талаб қилинадими? Кредитор ўзгарганидан хабарсиз бўлган қарздорнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 313-моддасига кўра, мажбурият асосида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқ, яъни талаб қилиш ҳуқуқи битим асосида бошқа шахсга ўтказилиши ёки қонунда белгиланган асосларда бошқа шахсга ўтиши мумкин.
Бунда кредитор ўзининг қарздордан мажбуриятни бажаришни талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга беради. Натижада янги кредитор ушбу мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши учун қарздорнинг розилиги шарт эмас. Бироқ қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлса, ушбу қоида қўлланилмайди.
Шу билан бирга, қарздорнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида муҳим талаб белгиланган. Хусусан, қарздор кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиниши лозим. Акс ҳолда, янги кредитор бундан келиб чиқадиган ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади.
Масалан, фуқаро бошқа шахсдан қарз олган ва уни белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини олган. Кейинчалик қарз берган шахс ўзининг қарзни талаб қилиш ҳуқуқини учинчи шахсга ўтказган. Бироқ қарздор бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинмаган.
Агар қарздор қарзни дастлабки кредиторга қайтарса, бундай тўлов мажбуриятнинг тегишли кредиторга нисбатан бажарилиши деб ҳисобланади. Яъни янги кредитор қарздор ёзма равишда хабардор қилинмаганлиги туфайли юзага келган ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади.
Шунингдек, мазкур моддада кредитор ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтиши ҳақидаги қоидалар регресс талабларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган. Регресс талаби бошқа шахс учун мажбуриятни бажарган шахснинг қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли шахсдан тўланган маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқидир.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчилик кредиторга ўзининг талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш имкониятини беради. Бироқ бу жараёнда қарздорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳам ҳимоя қилинади. Айниқса, кредитор ўзгарганлиги ҳақида қарздорни ёзма равишда хабардор қилиш янги кредитор учун юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий хавфларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
Рейс кечиктирилса қандай ҳуқуқларингиз бор?
Рейснинг кечиктирилиши йўловчилар учун турли ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлардан бири ҳисобланади.