Ҳуқуқ
19.03.2026
46

2025 йил 10 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–246-сон Фармони асосида мамлакатимизда нақдсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда битимларни расмийлаштириш жараёнида ахборот хавфсизлиги ва маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 16 мартда Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами: 3790, 16.03.2026 й.) давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур Низомда, нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг янгича тартиблари белгиланди. Ушбу тартибга кўра, 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлиги нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашиш йўли билан аниқланади.
Янги тизим қандай ишлайди?
Янги тартибда ҳисоб-китоблар қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- Харидор банкка мурожаат қилиб, тўловни амалга ошириш учун ариза беради;
- Пул маблағлари эскроу ҳисобварағига жойлаштирилади;
- Нотариус банкдан электрон тасдиқ олгандан кейин шартномани расмийлаштиради;
- Шартнома тасдиқлангач, маблағлар сотувчи ҳисобварағига ўтказилади.
Эътибор берсангиз, бу жараёнда инсон омили камаяди ва барча ҳаракатлар электрон тарзда қайд этилади.
Хўш, нақдсиз ҳисоб-китобларнинг асосий афзалликлари нимада дейсизми? Улар қуйидагича:
Биринчидан, бунда хавфсизлик таъминланади. Нақд пул билан боғлиқ таваккалчиликлар (йўқотиш, қаллоблик, сохталик) бартараф этилади. Барча тўловлар банк орқали амалга оширилгани сабабли, уларнинг қонунийлиги кафолатланади.
Иккинчидан, барча операциялар электрон тизимда акс этади. Бу эса ноқонуний келишувларни чеклашга, яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ва давлат назоратини кучайтиришга сабаб бўлади. Шаффофлик ва ишончлилик таъминланади десак ҳам бўлади.
Учинчидан, фуқаролар учун қулайлик яратади. Яъни янги тартиб орқали фуқаролар катта миқдордаги нақд пулни олиб юришдан халос бўлади, банк картаси ёки ҳисобварағи орқали осон тўлов қилади, нотариусга борганда барча маълумотлар автоматик текширилади. Бу ҳозирги замон талабига ҳам мос ва жудаям қулай.
Тўртинчидан, битимларни тезлаштиришга ёрдам беради. Аввалги каби қўлда текшириш ва тасдиқлаш жараёнлари ўрнига, электрон маълумотлар алмашинуви орқали битимлар тезроқ расмийлаштирилади.
Бешинчидан, харидор ва сотувчи манфаатларини ҳимоя қилинишига эришилади. Эскроу ҳисобварағи механизми орқали пул фақат шартнома тасдиқлангандан кейин сотувчига ўтади, ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳимоя қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш — мамлакатимизда молиявий интизомни мустаҳкамлаш, фуқароларга қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатиш ҳамда иқтисодиётни янада шаффоф қилишга қаратилган муҳим қадамдир. Бу каби ўзгаришлар нафақат давлат учун, балки ҳар бир фуқаро учун ҳам ишончли ва қулай муҳит яратади.
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Товарларни етказиб бериш тартиби қандай?
Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.