Ҳуқуқ
15.05.2026
40

Бугунги кунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар сонининг ортиши мулк ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш заруратини янада кучайтирмоқда. Фуқаролар ўртасида уй-жой, ер участкаси, нотурар жой ёки бошқа кўчмас мулк объектларини сотиш, сотиб олиш, ҳадя қилиш ёки мерос тартибида қабул қилиш каби муносабатлар кенг тарқалган. Бундай ҳолатларда ҳуқуқий аниқлик ва давлат кафолати энг муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ оддий келишув ёки оғзаки ваъда билан эмас, балки давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин тўлиқ юридик кучга эга бўлади. Бу тартиб мулк ҳуқуқининг қонунийлигини таъминлаш, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ҳамда учинчи шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, кўчмас мулкни сотиш шартномаси тузилганидан кейин сотиб олувчига мулк ҳуқуқи ўтганлиги албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Яъни, тарафлар шартнома тузиб, пул тўланган ва мулк амалда топширилган бўлса ҳам, давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилмагунча сотиб олувчи қонун нуқтаи назаридан тўлиқ мулкдор сифатида эътироф этилмайди.
Амалиётда баъзан тарафлар “шартнома тузилди, демак уй энди меники” деган тушунча билан ҳаракат қилади. Аслида эса давлат рўйхатидан ўтказиш — мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун мажбурий юридик босқич ҳисобланади.
Шу боис, кўчмас мулк бўйича ҳар қандай битимни расмий рўйхатдан ўтказмаслик келажакда жиддий ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Қонунчиликда алоҳида таъкидланишича, мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар тарафларнинг шартномани бажариши учинчи шахслар билан муносабатларни ўзгартириш учун асос бўла олмайди. Масалан, сотувчи уйни сотган бўлса-да, рўйхатдан ўтказиш амалга оширилмаган бўлса, давлат реестрида у ҳануз мулкдор сифатида кўринади. Бу эса мулкнинг қайта сотилиши, гаровга қўйилиши ёки бошқа низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, амалиётда баъзан тарафлардан бири турли сабаблар билан давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнидан бўйин товлайди. Масалан, сотувчи ҳужжатларни тақдим этмаслиги ёки рўйхатдан ўтказишга розилик бермаслиги мумкин. Бундай ҳолатда қонун сотиб олувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Фуқаролик кодексига мувофиқ, агар тарафлардан бири кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг ўтишини давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз равишда бўйин товласа, бошқа тараф судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Суд иш ҳолатларини ўрганиб, мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Суд қарори эса рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтказишни кечиктириш ёки асоссиз равишда рад этиш натижасида бошқа тараф зарар кўрган бўлса, айбдор тараф ушбу зарарни қоплаб бериши шарт. Масалан, сотиб олувчи уйдан фойдалана олмагани, уни расмийлаштира олмагани ёки бошқа иқтисодий йўқотишларга учрагани учун етказилган зарарни ундиришни талаб қилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш — оддий расмиятчилик эмас, балки мулк ҳуқуқини ҳимоя қилувчи муҳим ҳуқуқий механизмдир. Ҳар бир фуқаро кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни амалга оширишда шартномани тузиш билан чекланиб қолмасдан, уни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлигини унутмаслиги лозим. Зеро, қонун билан мустаҳкамланган ва давлат томонидан эътироф этилган мулк ҳуқуқигина ҳақиқий ҳуқуқий кафолатни таъминлайди.
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Болаларни мактабга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ва муҳим қоидалари
Ҳар бир бола бепул умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга.
Янги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун бўйича 10 та саволга 10 жавоб
Қонун жами 71 та моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.