currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЯнги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун бўйича 10 та саволга 10 жавоб

Янги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун бўйича 10 та саволга 10 жавоб

Ҳуқуқ

calendar

27.04.2026

eye

39

Янги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун бўйича 10 та саволга 10 жавоб

Жорий йилнинг 21 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун жами 71 та моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга кириши белгиланмоқда.

Мазкур Қонун билан масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилмоқда, соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучайтирилмоқда. Қонунда бир қатор янгиликлар назарда тутилган.

Қуйида мазкур қонунга мувофиқ масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий ҳолати, жамиятнинг фирма номи ва жойлашган манзили, жамиятни таъсис этиш, жамиятнинг таъсис ҳужжатлари, жамият устав капиталининг таркиби ва жамият иштирокчисининг жамият устав капиталидаги улушининг (улуши бир қисмининг) жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ва учинчи шахсларга ўтиши билан боғлиқ саволлар ва улрга берилган жавоблар ҳавола этилмоқда.

 

1. Масъулияти чекланган жамиятлар бошқа юридик шахсни ташкил қилиши ёки бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига улуш қўшиши мумкинми?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар ва филиаллар тузишга ҳақлидир.

 

2. Масъулияти чекланган жамиятлар ташкил қилинганидан кейин думалоқ шаклдаги муҳр, штампларига ва бланкалари бўлиши талаб қилинадими?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва жамиятнинг жойлашган ери кўрсатилган думалоқ шаклдаги муҳрга эга бўлишга ҳақли. Жамиятнинг муҳрида унинг фирма номи жамиятнинг танловига кўра таъсис ҳужжатларида кўрсатилган бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Масъулияти чекланган жамиятлар ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар ва (ёки) хизмат кўрсатиш белгиларига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

 

3. Масъулияти чекланган жамиятлар бошқа тилларда ҳам фирма номига эга бўлиши мумкинми? Уларнинг фирма номига нисбатан қонунчиликда бирон-бир чекловлар назарда тутилганми?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар давлат тилидаги ва бир вақтда жамиятнинг ихтиёрига кўра бошқа тиллардаги тўлиқ фирма номига эга бўлиши мумкин ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақлидир.

Масъулияти чекланган жамиятларнинг тўлиқ фирма номи «масъулияти чекланган жамият» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Жамиятнинг қисқартирилган фирма номи унинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда «масъулияти чекланган жамият» деган сўзларни ёки «MChJ» қисқартмасини ўз ичига олиши керак.

Масъулияти чекланган жамиятларнинг фирма номи унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акс эттирувчи, шу жумладан чет тиллардан ўзлаштирилган бошқа атамалар ва қисқартмаларни, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ичига олиши мумкин эмас.

 

4. Масъулияти чекланган жамиятларининг ваколатхоналари ва филиаллари билан шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари ўртасида қандай фарқлар мавжуд?

 

Жавоб: Филиал масъулияти чекланган жамиятлар жойлашган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхонанинг вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмадир.

Ваколатхона масъулияти чекланган жамиятлар жойлашган ердан ташқарида жойлашган, унинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмадир.

Агар бир (асосий) хўжалик жамияти иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ёки бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шуъба хўжалик жамияти ҳисобланади.

Агар бошқа иштирок этувчи жамият хўжалик жамиятининг овоз берувчи улушининг йигирма фоизидан ортиғига эга бўлса, хўжалик жамияти қарам деб эътироф этилади.

 

5. Қандай шахслар масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчилари бўла оладилар ва иштирокчилар сони чекланганми?

 

Жавоб: Юридик ва жисмоний шахслар масъулияти чекланган жамиятларнинг иштирокчиларидир. Жамият иштирокчиларининг сони эллик кишидан ошмаслиги керак.

Агар масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчиларининг сони қонунчиликда белгиланган меъёрдан ошиб кетса, масъулияти чекланган жамиятлар бир йил ичида акциядорлик жамияти ёки ишлаб чиқариш кооперативи этиб қайта ташкил этилиши керак. Агар кўрсатилган муддат ичида жамиятлар қайта ташкил этилмаса ва жамият иштирокчиларининг сони белгиланган меъёрга қадар камаймаса, у юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг мурожаатига асосан суд тартибида тугатилиши керак.

 

6. Масъулияти чекланган жамиятларни қарорига кўра таъсис этилади кимлар томонидан қабул қилинади ва бундай қарорда қандай маълумотлар назарда тутилади?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар муассисларнинг (муассиснинг) қарорига кўра таъсис этилади. Жамиятларни таъсис этиш тўғрисидаги қарор таъсисчилар йиғилиши томонидан қабул қилинади. Жамиятлар бир муассис томонидан таъсис этилган тақдирда, уларни таъсис этиш тўғрисидаги қарор шу муассис томонидан якка тартибда қабул қилинади.

Масъулияти чекланган жамиятларни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда жамият муассисларининг овоз бериш натижалари ва улар томонидан жамиятни ташкил этиш, унинг фирма номини, жойлашган ерини ва устав фонди (устав капитали) миқдорини белгилаш, жамият уставини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа масалалар кўрсатилиши мумкин.

 

7. Қандай ҳужжатлар масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис ҳужжатлари бўлиб ҳисобланади ва уларга ўзгартиришлар киритилиши мумкинми?

 

Жавоб: Таъсис шартномаси ва жамият устави масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис ҳужжатларидир. Агар жамият бир шахс томонидан таъсис этилса, ушбу шахс тасдиқлаган устав жамиятнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади. Масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчиларининг сони икки ва ундан ортиқ кишига кўпайса, улар ўртасида таъсис шартномаси тузилиши керак.

Масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан киритилади. Таъсис шартномаси қоидалари ва жамият устави қоидалари ўзаро мувофиқ бўлмаган тақдирда, жамият устави қоидалари учинчи шахслар ва жамият иштирокчилари учун устувор кучга эга бўлади.

 

8. Масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталининг таркиби қандай белгиланади?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар устав капитали жамиятнинг уставида белгиланади ва унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан иборат бўлади.

Масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталига қўшиладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан кўп бўлган нақд пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва у баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас.

Масъулияти чекланган жамиятлар устав капиталининг энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.

 

9. Масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталига қўшиладиган ҳиссалар нималардан иборат бўлиши мумкин ва пулсиз ҳиссаларнинг пулда ифодаланган баҳоси қандай аниқланади?

 

Жавоб: Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган, бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар Масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталига қўшиладиган ҳиссалар бўлиши мумкин.

Масъулияти чекланган жамиятларнинг иштирокчилари ва жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахслар томонидан жамиятнинг устав капиталига қўшиладиган пулсиз ҳиссаларнинг пулда ифодаланган баҳоси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади.

 

10. Масъулияти чекланган иштирокчисининг жамият устав капиталидаги улушининг (улуши бир қисмининг) жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ва учинчи шахсларга ўтишига йўл қўйиладими?

 

Жавоб: Масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчиси жамиятнинг устав капиталидаги ўз улушини ёки унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёхуд бир неча иштирокчисига ўтказишга ҳақли. Бундай битимни тузиш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.

Масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчиси, агар жамиятнинг уставида тақиқланмаган бўлса, ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсларга ушбу Қонунда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларга мувофиқ ўтказиши мумкин.

Масъулияти чекланган жамиятлар иштирокчисининг жамият устав капиталидаги улушига (улушининг бир қисмига) бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга бу ҳақда Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтади ҳамда мазкур реестрдан кўчирма билан тасдиқланади.

 

Турғунбой Азимов,
ТДЮУ профессор-ўқитувчиси

Улашиш:

Бошқалар

30-март 2026, 07:19
874

Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?

Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.


30-март 2026, 10:40
642

“Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” электрон обунаси билан танишинг!

Бунинг учун adolatmarkazi.uz сайтига ташриф буюриб, сайтнинг юқори қисмидаги “кириш” тугмаси босилади ҳамда сизга берилган логин ва паролни киритиб “кириш” тугмаси босилади.


2-апрел 2026, 04:05
621

Ходим соғлигига зиён етганда ким жавобгар?

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, зарар миқдори автоматик равишда эмас, балки ходимнинг айб даражасига қараб белгиланади.


31-март 2026, 08:11
605

Профессионал таржима хизмати — тезкор ва ишончли!

"Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан аҳолига ҳуқуқий ахборотни тезкор, аниқ ва юқори сифатда етказиш мақсадида замонавий таржима технологиялари тизимли равишда жорий этилган.

Мавзуга доир янгиликлар: