currencies image

11 797,46 UZS

22,54

usd

currencies image

13 608,37 UZS

20,11

eur

currencies image

139,77 UZS

0,60

ru



АсосийЯнгиликларКўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидаларини биласизми?

Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидаларини биласизми?

Ҳуқуқ

calendar

17.09.2026

eye

28

Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидаларини биласизми?

Шовқин ва осойишталик: Қачон жим туриш керак?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 192-моддасига кўра:

- Тунги вақт: Соат 23:00 дан 06:00 гача фуқароларнинг осойишталигини бузиш (баланд овозда қўшиқ айтиш, мусиқа тинглаш, шовқинли таъмирлаш ишлари) тақиқланади;

Эслатма: Ўзбекистон Республикаси 2026 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ 1171-сонли Қонунига кўра, МЖтК 192-моддасига ўзгартириш киритилган. Унга кўра, тунги вақтда — соат 23.00 дан 07.00 гача бўлган вақт оралиғида, дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача бўлган вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталигини бузиш тақиқланади (кучга кириш санаси 2026 йил 11 декабрь).

- Жарима: Ушбу қоидани бузган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса – учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатма: 2026 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ 1171-сонли Қонунига кўра, МЖтК 192-моддасига ўзгартириш киритилган. 

Унга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (кучга кириш санаси 2026 йил 11 декабрь).

Умумий мулк ва шахсий мулк чегараси

Кўп қаватли уйларда мулк икки қисмга бўлинади:

-   Шахсий мулк: Сизнинг хонадонингиз ичидаги майдон;

- Умумий мулк: Йўлаклар (подезд), зинапоялар, лифтлар, чердаклар, ертўлалар, том ҳамда уй атрофидаги ер майдони.

Муҳим қоидалар:

- Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид;

- Ҳеч бир қўшни томнинг бир қисмини ёки ертўлани ўзбошимчалик билан ўраб олиб, омборхона сифатида ишлата олмайди. Бу ҳудудлар барча мулкдорларнинг умумий мулки ҳисобланади.

Хонадонни сув босса: Ким айбдор ва зарар қандай қопланади?

Юқори қаватдаги қўшни уйингизни сувга бўктирди — бу энг кенг тарқалган низо. Бундай вазиятда ҳаракатлар тартиби қуйидагича:

I. Далолатнома тузиш: Дарҳол бошқарув компанияси (сервис) ёки ширкат вакилларини чақириб, "Сув босиши ҳақида далолатнома" тузиш керак. Унда зарарнинг сабаби ва ҳажми аниқ ёзилади;

II. Айбни аниқлаш:

- Агар сув қўшнининг хонадони ичидаги кран ёки қувурдан кетган бўлса – қўшни айбдор;

- Агар сув подезддаги умумий қувур (стояк) ёрилиши оқибатида келса – бошқарув компанияси айбдор.

III. Зарарни қоплаш: Аввал қўшни билан ихтиёрий келишишга ҳаракат қилинади. Агар у рад этса, баҳоловчи ташкилот орқали зарар миқдори аниқланади ва Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритилади.

Ноқонуний ўзгартиришлар

Хонадон ичидаги деворларни бузиш ёки балконни кенгайтириш бўйича қатъий талаблар мавжуд:

- Таянч деворлар: Уларни бузиш ёки тешиш қатъиян ман этилади. Бу бутун бинонинг қулашига сабаб бўлиши мумкин;

- Сантехника жойини ўзгартириш: Ошхонани ётоқхонанинг тепасига кўчириш каби ҳаракатлар санитария нормаларига зид;

- Рухсатнома: Ҳар қандай жиддий ўзгартириш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳудудий инспекцияси билан келишилиши шарт.

Лобар Розимова,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: