currencies image

12 676,11 UZS

18,86

usd

currencies image

14 975,56 UZS

97,06

eur

currencies image

161,56 UZS

0,04

ru



АсосийЯнгиликларНогиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қандай имтиёзларга эга?

Ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қандай имтиёзларга эга?

Ҳуқуқ

calendar

01.07.2025

eye

80

Ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қандай имтиёзларга эга?

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун бир қатор имтиёзлар соҳавий қонунчилик асосида яратиб берилмоқда. 641-сонли қонуннинг 40-моддасига асосан ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 % (икки фоизи) миқдорида қўшимча қабул квотаси белгилаб қўйилган.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиш кириш имтиҳонлари натижалари бўйича амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар бўйича ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан таълимнинг ушбу йўналиши бўйича танловда умумий асосларда иштирок этади.

Ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига киришлари учун белгиланган 2 фоизлик квота I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларгагина татбиқ этилади.

Эслатма! III-гуруҳ ногиронлиги бўлган абитуриентларга нисбатан бу имтиёз қўлланилмайди.

Ногиронлиги бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига онлайн ёки офлайн шаклда ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.

Ногиронлиги бўлган абитуриент олий таълим муассасасига ўқишга топширишда, қуйидаги ҳужжатларга эга бўлиши талаб этилади:

• абитуриентнинг паспорти ёки ID картаси;

• Абитуриентнинг ўзи ўқиган таълим муассасаси томонидан берилган аттестати ёки ўзи битирган коллежнинг дипломи;

• I-II гуруҳ ногиронлик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат;

• Абитуриентнинг ўзини номига расмийлаштирилган телефон рақами керак бўлади.

Ногиронлиги бўлган абитуриент олий таълим муассасасида ташкил этилган қабул комиссиясига юқорида келтирилган ҳужжатларни тақдим этгандан кейин у ўқишга ҳужжат топшириши бўйича олий таълим муассасаси ректори номига ариза билан мурожаат қилиши талаб этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар онлайн шаклда My.uzbmb.uz сайти орқали ўз ҳужжатларини топширишлари мумкин. Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади: абитуриент My.uzbmb.uz сайтига кириб, ҳосил бўлган ойнада паспорт серия рақами, шахсий идентификацион рақами, телефон рақами, парол киритилиб, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилик билдириш билан боғлиқ флажокни белгилаб рўйхатдан ўтиш тугмаси босилади. 

Ундан кейин киритилган телефон рақамга сайт орқали код юборилади. Юборилган код дастурга киритилиб, маълумотлар тасдиқланади. Олий ва профессионал таълим муассасалари қабул бўлимига кириб, хизматдан фойдаланиш тугмаси босилади. Ҳосил бўлган ойнада ёзилиши керак бўлган маълумотлар абитуриент томонидан тўлдирилади.

Ариза топшириш бўлимида, тест топшириш ҳудуди, таълим тили, тест топшириш алифбоси танланади. Кейин тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси аниқланади. Агарки, абитуриент танлаган фанлар мажмуасида чет тили мавжуд бўлса, тегишли чет тилини ҳам танлаши шарт. Юқорида келтирилган маълумотлар майдончалари тўлдирилганидан кейин сақлаш тугмаси босилади. Шундан сўнг, абитуриент телефон рақамига СМС хабарнома орқали код юборилади. Кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади.

Ўз навбатида, таъкидлаб ўтиш керакки, ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун давлат тўлови ундирилмайди.

Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5-июндан 25-июнга қадар (25 июн куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди.

Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июл-август ойларида ўтказилади.

Иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Айтиб ўтишимиз керакки, барча тоифадаги I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган абитуриентлар қонунчилик билан белгиланган 2 фоизлик квотадан фойдаланиш ҳуқуқига эга саналишади.

Ногиронлиги бўлган абитуриентлар имтиҳонларда қатнашишлик учун тест топшириш жойлари ва танловлар ташкил этиладиган бино иншоотларга ташриф буюришганда, уларга махсус ускуналарда ҳаракатлана олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиши талаб этилади. 

Масалан: махсус йўлакчалар, ногиронлиги бўлган абитуриентлар ҳаракатланадиган жойларда пандусли, брусчаткали йўлакчалар ташкил этилган бўлиши керак.Эшитишида ёки гапиришида нуқсони бор абитуриентлар имтиҳон ташкил этиладиган бино ва иншоотларга келадиган бўлса, бу тоифа абитуриентлар сурда таржимонлар билан таъминланиши шарт.

 

 

Улашиш: