currencies image

11 801,23 UZS

22,46

usd

currencies image

13 737,81 UZS

59,25

eur

currencies image

136,73 UZS

3,01

ru



АсосийЯнгиликларМактаб сумкаси оддий буюм эмас

Мактаб сумкаси оддий буюм эмас

Life Style

calendar

29.08.2026

eye

54

Мактаб сумкаси оддий буюм эмас

Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Дўкон пештахталаридаги турфа ранг, шакл ва нархдаги рюкзаклар олдида ҳар бир ота-она танлов қилишга қийналиши табиий. Аммо бу танлов фақат боланинг диди ёки сумканинг ташқи кўринишига боғлиқ бўлмаслиги керак. Зеро, гап фарзандимиз ҳар куни елкасида кўтариб юрадиган, унинг қулайлиги ва соғлиғига таъсир қилиши мумкин бўлган буюм ҳақида кетмоқда.


Ташқи кўриниши муҳимми?

Кўпчилик бола сумкани ранги, безаги ёки ундаги севимли қаҳрамон тасвирига қараб танлайди. Катталар эса кўпроқ нархи ва пишиқлигига эътибор беради. Бироқ сумканинг чиройли кўриниши уни болага мос ва қулай деб ҳисоблаш учун етарли эмас.

Сумка боланинг ёши ва гавда тузилишига мос келиши, елкага бир текис тушиши керак. Тасмалари кенг, юмшоқ ва узунлигини мослаш имконини бериши мақсадга мувофиқ. Тор ёки қаттиқ тасмалар елкага ноқулайлик туғдириши мумкин. Кичик ёшдаги ўқувчилар учун бел қисмида қўшимча тасма ёки кўкрак бўйлаб бириктирувчи банд мавжуд моделлар маъқул. Улар юкни бир текис тақсимлашга ёрдам беради.


Оғирлик энг муҳим кўрсаткич

Мутахассисларнинг умумий тавсияларига кўра, тўлдирилган мактаб сумкасининг умумий вазни бола тана вазнининг тахминан 10–15 фоизидан ошмаслиги керак. Масалан, вазни 30 килограмм атрофида бўлган ўқувчи учун сумка, ичидаги дарслик ва дафтарлар билан бирга, 3–4,5 килограммдан ошмагани маъқул. Биринчи синф ўқувчилари учун эса сумканинг бўш ҳолдаги вазни 1 килограммдан ошмагани яхши, чунки унга ҳар куни дарслик, дафтар ва бошқа зарур буюмлар солинади.

Айниқса, мактабгача бўлган масофаси узоқ ўқувчилар учун бу омилга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Чунки улар оғир юкни эрталаб ва дарсдан кейин яна кўтариб юришга тўғри келади.

Шунингдек, болага сумкани фақат бир елкага осиб юрмаслик, уни доимо икки елкасига баравар тақишни ўргатиш керак.


Ўлчам ва ҳажм

“Бола катта бўлгач ҳам ишлатаверади”, деган ўй билан гавдасига мос келмайдиган йирик сумка танлаш тўғри эмас. Сумканинг юқори қисми елка сатҳида, пастки қисми эса бел атрофида жойлашиши, эни боланинг орқа кенглигидан ошмаслиги маъқул.

Бошланғич синф ўқувчилари учун сумка баландлиги тахминан 35 сантиметр атрофида бўлса, ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун бу кўрсаткич 35–45 сантиметргача бўлиши мумкин.

Ҳажми жиҳатидан ҳам ортиқча катта сумка танлашдан сақланиш керак. Бундай сумкада бола керакли буюмини топишда қийналиши, бўш жой эса унга ортиқча нарсалар солинишига сабаб бўлиши мумкин. Спорт кийими ёки алмаштириб кийиладиган пойабзал каби қўшимча буюмлар учун алоҳида халта олиш маъқулроқ.


Спинка ва тасмалар тизими

Кичик ёшдаги ўқувчилар учун шаклини яхши сақлайдиган, зич ва орқа қисмини қўллаб-қувватлайдиган моделлар маъқул. Бундай сумкалар ичидаги буюмларнинг бола орқасига ботиб кетишининг олдини олиш ва юкни бир текис тақсимлашга ёрдам беради.

Сумкани харид қилишдан олдин унга бир нечта китоб солиб, боланинг елкасига кийдириб кўриш фойдали. Бироз юриб кўриш орқали сумканинг орқага қанчалик мос тушиши, тасмалари қулайлиги ва юришга халақит бермаслигини аниқлаш мумкин.


Материал ва мустаҳкамлик

Сумка ҳар куни фойдаланиладиган буюм бўлгани учун унинг матоси йиртилиш ва ишқаланишга чидамли, зич тўқилган материалдан тайёрлангани маъқул.

Харид пайтида фермуарнинг равон ишлашига, чокларнинг пухталигига, тутқич ва бошқа фурнитураларнинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Айнан шу қисмларнинг сифати паст бўлса, сумка қисқа вақт ичида яроқсиз ҳолга келиши мумкин.

Имкон қадар сув ўтказмайдиган ёки намдан ҳимояланган матодан тайёрланган моделларни танлаш тавсия этилади. Бу ёмғирли кунларда сумка ичидаги дафтар ва китобларни намланишдан асрайди.

Хавфсизлик белгилари

Кечки пайт ёки қоронғи тушган вақтда кўчада юрадиган ўқувчилар учун сумкада ёруғлик қайтарувчи элементлар мавжудлиги муҳим. Улар ҳайдовчиларга болани йўлда узоқроқ масофадан кўриш имконини оширади.

Шунинг учун сумканинг олд, ён ва орқа қисмларида бундай элементлар бор-йўқлигини текшириш керак. Уларнинг етарли миқдорда ва турли томонлардан кўринадиган жойлашувига ҳам эътибор бериш фойдали.

Функционаллик ва бўлимлар

Яхши сумкада дафтар-китоблар учун асосий бўлим билан бирга қаламдон, сув идиши ва майда буюмлар учун алоҳида чўнтаклар бўлиши керак. Бундай тартиб болага зарур буюмларини тез топишга ва сумка ичида озодаликни сақлашга ёрдам беради.

Харид қилишдан олдин болани ўзини олиб бориб, дарслик ва дафтарларини сумкага жойлаб кўриш ҳам фойдали. Бу унинг ҳажми, бўлимлари ва қулайлигини амалда баҳолаш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда...

Мактаб сумкаси оддий буюм эмас, у боланинг ҳар куни кўтариб юрадиган юки. Тўғри танланган ва болага мос сумка унинг кундалик ҳаётини енгиллаштиради, мактабга боришини янада қулай қилади. Шунинг учун бу танловга оддий харид эмас, фарзанд саломатлиги ва қулайлигига бўлган эътибор сифатида қараш лозим.

Шавкат Ёдгоров

Улашиш:

Бошқалар

31-июл 2026, 07:11
1 013

Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.


6-август 2026, 05:19
878

Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?

Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.


3-август 2026, 04:35
804

Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?

Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.


4-август 2026, 10:46
644

Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?

Мазкур қонун болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасини, унинг турларини, давлат органларининг ваколатларини ҳамда ҳимоя механизмларини комплекс тартибга солди.