Ўзбекистон
15.09.2023
1 724
Ўқувчилик пайти бир марта бўлсин буллингга учраган, синфдошлари томонидан камситилган, яккаланган, масхараланган, хуллас, психологик зўравонликка учрамаган бола кам бўлса керак.
Тўғри, баъзилар “мен дуч келмаганман” дейиши мумкин. Аммо UNICEF маълумотларига кўра 2019 йили ҳар уч боладан биттаси (9—15 ёш ораси) мактабда ойда бир марта бўлсин зўравонликка учраган.
Боланинг бу ҳолатдан осон чиқиб кетиши ва мактабга мослашишида ота-она, педагогнинг ўрни катта. Hudud24.uz бу борада ҳар бир ўқувчининг ота-онаси билиши зарур бўлган маслаҳатларни жамлади.
Буллинг (бир шахснинг иккинчи шахсга агрессив муносабати) – глобал масштабдаги муаммо. Буни мактабларда сурункали тарзда кузатиладиган ҳолат дейиш ҳам мумкин. Буллингни илк марта ўрганган, швед ва норвег мактабларида тажриба ўтказган профессор Дан Олвеус болаларнинг 15 фоизи агрессив муносабатга дуч келишини қайд этган. Бундаги 9 фоиз бола қурбон, 7 фоизи эса зўравон бўлиб чиққан.
Буллингнинг жисмоний, вербал (таҳдид қилиш, ҳақорат, масхара), социо-психологик (жамоадан ажратиб қўйиш, яккалаш), иқтисодий (пул ёки буюмни товламачилик билан ўғирлаш), кибербуллинг каби турлари бор.
Кўпинча синфдошларидан жисмонан заиф, ўқиш ёки синф ишларида ортда қоладиган, ўқитувчидан ҳадеб дакки эшитадиган ёки аксинча, муаллимининг “суюмлиси” бўлган болалар қурбонликка танланади.
Тинимсиз таҳқир, камситиш ва тенгдошлари босимига учраган боланинг ўқиши, дарсларни ўзлаштириб, жамоага тўлиқ мослашиши ижобийдан салбийга ўзгариши жуда осон. Вақтида эътибор берилмаса, ота-она ёки педагог, психолог ёрдамга келмаса, бола руҳиятида нуқсон пайдо бўлиши, психо-физик муаммолар юзага қалқиш эҳтимоли юқори.
Эсда тутинг, зўравонлик ёки буллинг болалар ўртасида тез-тез кузатиладиган конфликт эмас. Иккиси турлича маънога эга.
Низода аниқ сабаб бўлади. Томонларнинг нега келиша олмаётгани маълум қилинади ва унга ечим топилади. Болалар ўзаро гаплашиб олиши, муаммони келишган ҳолда ҳал этиши мумкин.
Буллингда эса аниқ сабаб бўлиши шарт эмас. Бир томон иккичисини шунчаки уриши, масхаралаши, зўрлигини кўрсатиши, таҳқирлаши, зўраки жанжал чиқариши мумкин. Арзимаган баҳона, хатти-ҳаракат ёки иккинчи томонга ёқмайдиган қилиқ буллингга “хомашё” дегани.
Шу боис ота-она боласининг ўртоқлари билан низога боргани ёки йўқлигини синчиклаб ўрганиши аҳамиятли.
Бола мактабда буллингга учраётганини қандай билиш мумкин?
Тўғри, ҳамма бола ҳам ота-онаси билан сирдош бўлмаслиги, ичидагини ташқарига чиқармаслиги мумкин. Психологларнинг фикрича, буллингга учраётган болада қуйидаги синдромлар кузатилади:
— мактаб ҳақидаги суҳбатлар болага умуман ёқмайди, дарсларни имкон топилса, қолдиришга ҳаракат қилади;
— дарсдан кўпинча хафа бўлиб ёки жаҳли чиққан ҳолда қайтади;
— ҳеч сабабсиз тез-тез йиғлайди;
— синфдошлари, ўқитувчиси, мактаб ҳаёти ҳақида сўзлагиси келмайди;
— иштаҳаси йўқолади, уйқусизлик безовта қилади;
— бошқа мактабга ўқишини кўчиришларини сўрайди ёки умуман уйдан чиққиси келмайди;
— гоҳи танасида кўкариш, шилиниш кўзга ташланади.
Бунга қўшимча, зўравонликка учраган бола қизиқишларини йўқотиши, хоббиларидан завқланмаслиги, бефарқ, атрофдаги воқеликка лоқайд бўлиб қолиши ҳам кузатилади.
Баҳоларининг бирдан ўзгариши, дарсларга ҳафсаласизлик ҳам буллингдан азият чекаётганига ишора қилиши мумкин.
Ота ёки онадан боласига биринчи ёрдам – уни тинглаш! Бола мабодо сўзлашни истамаса, маълум вақт ўз ҳолига қўйиш керак. Шунда ҳам вазият ўнгланмаса, босиқлик билан гап нимадалигини аста-секин билиб олиш зарур.
Боладаги айбдорлик ва уят ҳиссини суҳбат орқалигина йўқотиш мумкин. Фарзандининг мактабда вақти қандай ўтгани, дугона-дўстлари кимлиги, кунини кўпроқ кимлар билан ўтказиши ҳақида тез-тез сўраш зарар қилмайди.
Психологлардан бири муаммони ҳал этишда қуйидагиларни тавсия қилади:
· Керакли вақт ва жойни топиб, халал бермайдиган нарсаларни унутиб, бола билан дилдан гаплашинг.
· Хайрихоҳлигингизни яширманг ва болани қўллаб-қувватлашга тайёрлигингизни билдиринг. Болангиз сизнинг эшитаётган ва ёрдамга шайлигингизни ҳис этсин.
· Бола ҳақиқатда таҳқирланаётгани ёки зўравонликка учраётганини сезяптими-йўқми – сўранг. Бу масаланинг қайси нуқтадалигини билишда муҳим.
· Исмларини ошкор қилмаган ҳолда ҳаётдан мисоллар келтиринг. Агар тажрибангизда синалган усуллар бўлса, яширмай айтаверинг.
· Бола буллинг қурбони ёки гувоҳига айланса, нима қилиши кераклигини тушунтиринг.
· Мабодо, кимнидир буллинг қилаётганини сезиб қолсангиз, болага бунинг ёмон ҳаракат эканини айтинг. Жаҳл қилмай, ўта босиқ ва оҳиста сўзланг.
· Болага ҳамиша кўмакка тайёр одамлар бўлиши (бу ота-она, ўқитувчи, мактаб психологи) мумкинилигини айтинг.
Суҳбат чоғи боланинг ҳар бир хатти-ҳаракати, эмоционал ҳолати, сўзлаш оҳанги ва ҳикоясига диққат қаратиш муҳим.
Бола мактабдаги нохуш ҳолатни айтишни хоҳламаса ёки мум тишласа, уни ўзи ёқтирган жойларга олиб бориш, бирга сайр қилиш, севимли таоми, ширинлигини пишириб бериш, бирга кино ёки мультфильм томоша қилиб, ўртадаги пардани кўтариш мумкин.
— Қизим биринчи синфдалигида бундай ҳолатни бошдан кечирган, — дейди Мўътабар Обиджонова. — Бирор ўртоғи калака қилгани, чиқиштирмагани, ўйинга қўшмаганини билсам, ҳаммаси яхши бўлиши, эртага ўша дугонаси барибир уялиб қолиши, яна ярашиб, ўйнаб кетишини тушунтирардим. Кейин ўзи ёқтирган овқат, ширинликларни олиб бериб, парк айланиб келардик. Шундан кейин хафачилиги тарқарди.
Эътибор берилса, булингга ўзига ишончи йўқ ёки қўрқоқ болалар кўпроқ учрайди. Қўрқоқлик буллингда қурбоннинг энг заиф нуқтаси саналади. Гарчи қурбон жисмонан соғлом бўлсада, руҳий заифлик ва ўзига ишончнинг камлиги зарарига ишлайди. Шу сабаб болада энг аввал ўзига ишончни уйғотиш, мустаҳкамлаш шарт.
Бунда ота-она асосий стимулятор бўлади. Тўғри йўлни кўрсатадиган ҳам, рационал тадбир билан боласини қутқарадиган ҳам ота-она.
Айримлар тенгдошлари билан чиқиша олмаслигида боланинг ўзини айблайди. Айбларини санаб, ўзида ҳам етарлича нуқсон борлигини эслатади. Буни мутахассислар виктимблейминг – содир бўлган воқеа-ҳодисада жабрланувчининг ўзини айблаш дейди. Бунда жабрланувчини қораламай, зўравонлик билан курашиш бирламчи бўлсин, дея қўшимча қилинади.
Агар болага нисбатан мактабда зўравонлик қилинаётган бўлса, буни баланд овозда айтиши шарт. Жим турмаслик, ичга ютмасликни ўргатиш ота-онанинг вазифаси.
Синф раҳбари ёки мактаб маъмурияти билан суҳбатлашиш, масалани муҳокама қилиш ҳам ўринли. Зўравон боланинг ота-онаси суҳбатга тортилса, ечим икки томонга ҳам манфаатли бўлиши мумкин.
Буллинг билан курашишда ўқитувчи роли ҳам муҳим. Чунки у бутун синф кайфиятини биладиган, болаларнинг характерига баҳо бериб, мўлжал ола биладиган шахс.
Қўшимча соатларда ўқувчиларга буллингнинг ёмон хатти-ҳаракат экани, бу нафақат бир кишига, балки бутун жамоага зарар келтиришини тушунтириш шарт. Мабодо буллинг кузатилса, биргалашиб чорасини топиш мумкинлигини эслатиш ҳам фойда беради.
Турли ўйинлар, машқ ва машғулотлар ёрдамида ҳам чигалликни ҳал этса бўлади. Бу орқали синфдошлар ўртасидаги ишонч мустаҳкамланиши, мулоқот шаклланиши, соғлом муҳит рағбатлантирилиши тасдиқланган.
Бунга қўшимча, ўқитувчи буллинг нималигини обдан изоҳлагач, ўқувчилардан қандай ечим таклиф қила олишларини сўраши мумкин. Хоҳловчилар буни махфий равишда қоғозга ёзиб топширишини айтса, яна битта йўл дегани.
Болалигида буллинг қурбони бўлган, психологик, жисмоний зўравонликни бошдан кечирган инсонлар талай. Айрим муваффақиятли ва машҳур кишилар биографиясига эътибор берилса, уларда шундай хотиралар борлиги сизиб чиқади. Барак Обама, Стивен Спилберг, Мадонна, Жеки Чан, Приянка Чопра, Кейт Уинслет, Сандра Баллок ва яна бошқалар буни тан олишган.
Гарчи кимгадир атрофдагилардан ўқиш-иш-карьерада ўзиб кетиш, келажакда ўрнини топишда буллинг таъсир қилган бўлсада, бу ҳаммада ҳам шундай кечади, дегани эмас. Буллинг – тизимли муаммо. Хавф даражаси барибир юқори. Унга вақтида эътибор бериш шарт.
Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Келгуси йилдан бошлаб бола туғилганидан сўнг тегишли мактабда онлайн ҳисобга қўйилади
2024 йил 1 апрелдан бошлаб, айрим стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йиллик грантлар ажратиб борилади.
Бола нега етти ёшдан мактабга бориши керак?
Аксарият ота-оналар фарзанди олти ёшга тўлиши билан уни мактабга беришни хоҳлайди. Хўш, бу қанчалик тўғри? Тиббий нуқтаи назардан бундай болалар ўқув жараёнида қийналиб қолмайдими?
Мактаб мавсуми яқин: Ўқувчилар иммунитетини ошириш бўйича тавсиялар берилди
Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Қолаверса, олдимизда — куз фасли. Демак, қарийб уч ойлик танаффусдан сўнг болалар организми яна ўқув мавсумига, мактаб режимига мослашиши керак.
Мактабни тўлиқ тамомламаган 5 мингдан зиёд фуқаронинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланди
Уларга экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини топшириш тизими яратилган.