currencies image

12 720,00 UZS

7,96

usd

currencies image

13 827,91 UZS

46,07

eur

currencies image

140,04 UZS

0,58

ru



АсосийЯнгиликларМаънавият нима учун олдинда юриши керак?

Маънавият нима учун олдинда юриши керак?

Ўзбекистон

calendar

25.12.2023

eye

50

Маънавият нима учун олдинда юриши керак?

“Кенгайтирилган йиғилишга киргунча биз бошқа одам эдик, ундан чиқиб бошқачароқ одам бўлдик” – Президентимиз нутқини бевосита эшитган жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатованинг фикрлари

Сўнгги кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу – Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Республика Маънавият кенгаши кенгайтирилган мажлисида қилинган маънавий-маърифий соҳага оид нутқ бўлиб турибди. Танқидий-таҳлилий руҳда қилинган ушбу чиқиш ўзгача жонли, кучли ва ўткир бўлди.

Нутқни бевосита ўша ерда эшитиш имкониятга эга бўлганим учун, унинг таъсири шахсан менга бошқача бўлди. Мен Президентни ҳар доимгидан кўпроқ тушундим, нутқнинг баъзи жойларида “Нимага шу масала бўйича мен ўйламаганман, ёнмаганман?» деб уялдим. Баъзи жойларида “ростан ҳам. Нима учун шунақа” деб аввал ўйламаган жиҳатларга бошқача назар билан қарадим, мавзуга тепароқдан ва теранроқ қарашга мажбур бўлдим.

Мустақиллигимиз учун маънавият нақадар аҳамиятли?

Нутқнинг бошиданоқ сўнгги пайтларда кузатилаётган халқаро майдондаги сиёсат, хусусан, айрим куч марказларининг бошқаларга босим ўтказишга уринишлари тилга олинди.

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. – деди давлатимиз раҳбари.

Бундай шароитда бизни фақат ўзимиз қутқара оламиз: бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, илм-тафаккуримиз билан. Бугун ҳар қандай курашлар онг, тафаккур учун бўляпти. Одамларнинг фикрини забт этиб, кейин юртига осон кириб бормоқдалар. Бизда эса мустақиллигимизни асраш ва мамлакатимиз манфаатлари учун ҳаракат қилиш учун аввало маънавий собитлик, ишонч, бирлик керак. Шундагина миллий бирлик бўлади.

Шунинг учун мен кўп айтиб келаётган таклифни ўрни келганда яна такрорлайман: агрессия намоён қилаётган мамлакатларнинг давлат телеканалларини юртимизда тақиқлаш керак! Бу юртимиз хавфсизлигига дахлдор масала.

Лекин фақат тақиқнинг ўзи билан иш битмайди, айниқса ҳозирги рақамли замонда маълумотлар оқимини тўсиш деярли имконсиз. Фақат бир йўл бор, бу ҳам бўлса фильтрни инсонлар онгига жойлаш.

Хўш, бу ишни ким қилади? Ким одамларга кучли, асосли ва мантиқли тарзда, халқчил ва таъсирли йўллар билан оқни қорадан ажратишни ўргатади? Албатта, зиёлилар. Ҳар доим ҳамма замонларда ҳамма жойда шундай бўлган.

“Тарихдан маълум, ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар” – деди Президентимиз.

Шу ўринда савол туғилади: зиёлиларимиз бугун қайси мавзуларда “жасорат билан майдонга чиқа оляптилар”? Масалан, куни кечаги россиялик депутат Прилепиннинг алжирашларига жавобан (шунчаки фуқаро сифатида ижтимоий тармоқда пост қўйиш эмас), ўз истеъдоди ва иқтидори имкониятидан келиб чиқиб таъсирли бирон сўз, шеър, нутқ айтганларни мисол сифатида келтира оламизми?

“Ижтимоий тармоқларда Конституция ва қонунларимизга қарши ғоялар илгари сурилмоқда? Лекин қалам аҳлининг овози сезилмаяпти. Диний қарашлар, инсоний ғояларни камситиб аёл уйда ўтириб, дунёвий тушунчалардан маҳрум қилиш деган ғоялар тарғиб этилмоқда. Бу жуда жирканч фикр”.

Бу ҳам, афсуски, аччиқ ҳақиқат. Нимагадир “микрофон” субъектив фикрли тармоқ фаоллари ва диний воизлар қўлида. Зиёлиларимиз ҳуддики тарки дунё қилгандек жим. Бу вазиятни ўзгартириш керак.

Бир пайтлар бу халқ “Ўткан кунлар”ни жамоа бўлиб ўқиган ва Кумуш ўлди деб йиғлаган, Аброр Ҳидоятовни тик туриб томоша қилган, Абдулла Ориповни гуриллаб олқишлаган эди. Истеъдод масъулияти шуки, зиёли инсон халқнинг онги ва тафаккури, манфаати ва фаровонлиги учун олди қаторда (“передовойда”) туриши керак. Президент ана шу масъулиятни эслатди.

Йўқ, бироз кескин кетдим шекилли. Ёшлар чиқишяпти, Меҳриноз, Нажмиддинбек, Шаҳриёр, Бегали, Тилланисо, Жонтемир. Кинода Сарвар Каримов бор... Лекин бу кам. Бугун таъсирли сўзни блогерлар эмас, зиёлилар айтиши керак, улар жамоатчилик фикрининг камертони бўлиши керак. Ўйлайманки, кечаги Президентнинг нутқидан сўнг ўзлари ҳам буни яхши англашди.

Маънавият нима учун олдинда юриши керак?

“Барча ўзгаришлар аввало одамларни онгидаги ўзгариш туфайли рўй бермоқда. Замонга муносиб бўлиб иш кўриш лозим. Шунинг учун маънавий соҳада 5 йил олдин юрмасак, иқтисодиёт ривожланмайди” дея маънавиятчилар олдига юқори маррани белгилаб берди Президент.

Нима учун маънавият бошқа соҳалардан камида беш йилга олдинда юриши керак? Чунки ҳар қандай ўзгаришлар ва тараққиёт аввало ғоя шаклида пайдо бўлади, кейин амалга кўчади ва ислоҳотга айланади. Яъни фикр, тафаккур, онг ўзгармагунча амаллар ўзгармайди, ривожланиш келмайди.

Маърифатпарварлик ҳаракати дунёни нақадар ўзгартирганини кўринг. Бошида у бир ғоя эди, аммо унинг таъсирида катта ислоҳотлар бўлди, зулм ўрнини демократия эгаллади, инсонлар маънавий балоғатга эришди, ортидан технологик ва иқтисодий ўсиш келди.

Бу ҳол бизнинг жадид боболаримизни ҳам илҳомлантирди. Мунаввар қори деди: “Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун-қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади”. Бизда ҳам ислоҳотлар маърифат ва ахлоқ ортидан келишини улар яхши англаган эдилар. “Уйғонишдан ўзга толе истама”, дедилар. Уйғониш бу маърифат, илм ва ахлоқ эди.

Бугун ҳам бу ҳақиқат ўзгармаган. Ҳамон ривожланиш учун юксак ахлоқ, қонун, тартиб ва маданият керак. Масалан, юртимизга кимдир сармоя киритаман деса, аввало коррупция даражасига, қонун устуворлигига, давлат ва шахслар ўртасидаги муносабатларнинг нақадар тўғри йўлга қўйилганига, тадбиркорларнинг ҳалоллигига, инсонларнинг қадриятларига қарайди. Яъни инвесторларнинг прогнозлари ҳамда қарорлари бевосита халқнинг бугунги тафаккури ва ахлоқидан келиб чиқиб шаклланади.

Демак, ўзимизни тузатишимиз керак. Онгимиз бойимагунича халқимиз бойимайди.

“Дарвозасига бобоси жадид бўлган деб ёзиш керак”

Президент нутқида шахсан мени тўлқинлантирган икки муҳим ўрин бор эди. Бири жадид боболаримиз ғояларига эҳтиром, иккинчиси давлат тилига эътибор. Ҳар иккиси бўйича ҳам Шавкат Миромонович таъсирли фикрлар баробарида жиддий амалий чора-тадбирларни ҳам айтди.

“Нима учун бобоси 2-Жаҳон урушида иштирок этган бўлса, дарвозаси тепасига “Бу ерда уруш иштирокчиси яшаган” деб ёзиб қўямиз-у, бобоси жадид бўлса, ёзмаймиз? Бобоси жадид бўлган деб ёзиш керак, агар бордию ёқмаса алам қилсин” – деди Президент.

Шунингдек, “Тильда, ишда, фикрда бирлик” шиори остида “Жадид” номли газета чиқарилиши, газетанинг 1-сони янги йилдан чиқа бошлашини маълум қилди.

Шу ўринда мен ислоҳотчилик, тараққиётга интилиш ва ватанпарварлик жиҳатидан Президентимизнинг ўзини ҳам жадид боболаримиз издоши, замонамиз жадидларидан дегим келди.

Давлат тили бўйича таклифлар ҳам прогрессив ва аниқ бўлди. Биз ўзбек тилини ривожлантириш йўлида анча-мунча ҳужжатлар қабул қилдик. Тартиблар, чегаралар белгиладик. Бироқ тил ўрганиш учун эҳтиёж ва рағбат бўлмаса, натижа ҳам бўлмайди.

Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди.

Шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилади. Бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши айтилди.

Чиндан ҳам, агар ҳамжиҳатлик ва бирлик истасак давлат тилининг бирлаштирувчи куч сифатидаги имкониятларидан фойдаланишимиз лозим. Бизни халқ ўлароқ бирлаштирувчи воситаларнинг энг кучлиси ҳам тил аслида. Уни жанжалли масала эмас, имконият сифатида кўрилаётгани нутқ давомида яққол англашилди ва бу қувонарли ҳол.

Икки соатдан ортиқ давом этган нутқ ҳақида битта мақолада гапириш, ҳамма фикрлар ва ҳисларни унга сиғдириш қийин. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ушбу кенгайтирилган йиғилишга киргунча биз бошқа одам эдик, ундан чиқиб бошқачароқ одам бўлдик. Таъсирландик, тушундик, янги мақсадларни кўрдик.

Умид қиламанки, зиёлилар энди янада жонланадилар.

 

Шаҳноза Соатова, адлия вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
13 443

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
7 007

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
3 592

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-май 2024, 04:11
1 756

Блогер товламачилик қилаётганда ушланди

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.