Ҳуқуқ
28.09.2026
43

Мансабдор шахслар ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этиши шарт. Агар уларнинг хизмат вазифаларига кирувчи қоидаларга риоя этилмаса ва бу маъмурий ҳуқуқбузарликка сабаб бўлса, мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 15-моддасига кўра, мансабдор шахслар бошқарув тартиби, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга риоя этмаганлик учун жавобгар бўлади.
Шунингдек, бажарилиши уларнинг хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Қонунчиликда мансабдор шахс тушунчаси кенг қамровли бўлиб, бундай шахс фақат давлат органларида ишлайдиган раҳбарлар билан чекланмайди.
Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат асосида тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган шахслар мансабдор шахс ҳисобланади.
Бундан ташқари, давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларда ташкилий-бошқарув ёки маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган шахслар ҳам ушбу тоифага киради.
Шунингдек, юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс ҳам мансабдор шахс деб эътироф этилади.
Мазкур тушунча халқаро ташкилотларда ёки чет давлатларнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органларида тегишли вазифаларни амалга оширувчи шахсларни ҳам қамраб олади.
МЖтК 15-моддасида ҳокимият вакили тушунчасига ҳам аниқлик киритилган.
Давлатнинг бирор ҳокимият органи номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширадиган шахс ҳокимият вакили ҳисобланади.
Бундай шахс ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёки барча фуқаролар учун, шунингдек мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Демак, мансабдор шахснинг маъмурий жавобгарлиги унинг лавозими билангина эмас, балки хизмат вазифалари ва берилган ваколатлари билан ҳам боғлиқ.
Қонун талабларига кўра, ўз хизмат вазифалари доирасида бажарилиши лозим бўлган қоидаларга риоя этиш мансабдор шахснинг муҳим мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Бу талабларни бузиш эса қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Хотиржамлик ортидаги хавф: чуқур нафас нимага ундайди?
Муаммоли вазиятга тушганимизда бизга кўпинча “Чуқур нафас ол ва тинчлан” дейишади.
Суд жараёнларида қандай ҳуқуқий механизмлар жорий этилмоқда?
Фармон билан суд тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Қонундан қочган — жазодан қочолмайди
Ҳайдовчини «қутқариш» эвазига пора талаб қилган инспектор жазоланди.