currencies image

11 785,30 UZS

9,70

usd

currencies image

13 695,70 UZS

3,01

eur

currencies image

136,13 UZS

0,33

ru



АсосийЯнгиликларПрофилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?

Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?

Ҳуқуқ

calendar

07.09.2026

eye

28

Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?

Профилактика инспекторларининг ваколатлари кенгайтирилди. Энди улар айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, маҳалла кўчалари ва йўлакларида содир этилган айрим йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича ҳам чора кўриши мумкин.

Бу Президентнинг 2026 йил 4 сентябрдаги ПҚ–314-сон қарори билан белгиланди.


Инспекторлар фуқаролар мурожаатларига тезроқ муносабат билдиради

Қарор билан ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида янги ишлаш механизмлари жорий этилмоқда.

Бунда ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

▪️ фуқароларнинг мурожаат ва хабарларига тезкор муносабат билдиради;

▪️ аҳоли билан очиқ ва яқин мулоқот қилади;

▪️ ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашади;

▪️ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини ҳодиса содир бўлгандан кейин эмас, олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга эътибор қаратади;

▪️хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли профилактик иш олиб боради.


Қўшимча ваколатлар нимадан иборат?

Энг муҳим янгиликлардан бири — профилактика инспекторларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилганидир.

Энди улар маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо қўллаши мумкин.

Шу билан бирга, инспекторларга биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий огоҳлантириш бериш ваколати ҳам берилмоқда.

Бундан ташқари, туман ёки шаҳар ички ишлар органи бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ваколатига кирувчи 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколати ҳам назарда тутилган.

 

Инспекторга ишига халақит берганлик учун жавобгарлик белгиланди

Қарорда профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундай ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Яъни инспектор қонун доирасида хизмат вазифасини бажараётган вақтда унинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.


Инспекторга ортиқча вазифа юкланмайди

Янги тизимда профилактика инспекторларининг асосий вазифаларига ҳам аниқлик киритилмоқда.

Уларга касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган қўшимча вазифалар юклашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, инспекторнинг бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғи бўлмаган бошқа раҳбарлар томонидан унга топшириқ ва кўрсатмалар берилишига ҳам йўл қўйилмайди.

Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.

 

Аҳоли инспектор фаолиятига баҳо беради

Қарорда яна бир муҳим янгилик киритилган.

Энди аҳоли овоз бериш орқали профилактика инспектори фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириши мумкин.

Бундай ташаббус натижасига кўра инспекторга нисбатан хизмат текшируви ва белгиланган тартибда, ҳатто ички ишлар органларидаги хизматдан бўшатишгача бўлган чоралар қўлланилиши учун асослар юзага келиши мумкин.

 

Инспекторнинг иши энди нималарга қараб баҳоланади?

Профилактика инспекторининг фаолиятини баҳолашда фақат қанча баённома тузилгани ёки қанча ҳуқуқбузар аниқлангани эмас, бошқа муҳим кўрсаткичларга ҳам эътибор берилади.

Профилактика инспекторининг касбий натижадорлиги аҳолининг инспекторга бўлган ишончи, хавф гуруҳига кирувчи шахслар томонидан ёки уларга нисбатан жиноят содир этилиш даражаси, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиш даражаси орқали баҳоланади.

Демак, инспекторнинг самарадорлиги ҳудудда ҳуқуқбузарликларни шунчаки қайд этиш билан эмас, уларнинг олдини олиш ва аҳоли ишончини ошириш билан ҳам ўлчанади.

 

Қоғозбозлик ҳам камаяди

Янги тартиб профилактика инспекторларининг ишини рақамлаштиришни ҳам назарда тутади.

Судлар профилактика инспекторлари электрон шаклда юритган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича заруратсиз равишда қўшимча қоғоз ҳужжатларни талаб қилиш амалиётидан воз кечади.

Бу эса инспекторларнинг вақт ва ресурсларини тежаб, уларга бевосита аҳоли билан ишлашга кўпроқ имконият бериши керак.

 

Янги қарорнинг асосий мақсади — профилактика инспекторини фақат ҳуқуқбузарлик содир бўлгандан кейин чора кўрувчи ходим эмас, балки маҳаллада хавфсиз муҳитни яратувчи ва муаммоларни олдиндан аниқловчи асосий бўғинга айлантириш ҳисобланади.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

 

Улашиш: