Life Style
17.04.2026
32

Медиатив келишув тушунчаси 2018 йил 3 июлдаги ЎРҚ-482-сонли «Медиация тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қуйидагича талқин этилади: медиатив келишув — медиацияни қўллаш натижасида тарафлар томонидан эришилган келишувдир.
Мазкур Қонунга кўра, медиация тартиб-таомили якунида тарафлар ўртасида юзага келган низо ёки мажбуриятларни бажариш шартлари ҳамда муддатлари юзасидан ўзаро мақбул қарорга эришилган тақдирда, улар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Амалиётда медиатив келишувнинг давлат божи билан бевосита боғлиқлигини тажрибали юристлар ва адвокатлар яхши тушунадилар. Бундан ташқари, улар медиатив келишувнинг муҳим натижаларидан бири сифатида тўланган давлат божини қайтариб олиш имкониятини алоҳида эътироф этадилар.
Давлат божи тушунчасига тўхталадиган бўлсак, давлат божи тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, у юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли органлар ёки мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берилганлиги учун ундириладиган мажбурий тўлов ҳисобланади.
Амалиётда юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилиши билан ҳам боғлиқ бўлади. Хусусан, иқтисодий судлар ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари, одатда, давлат божи тўланганидан сўнг кўриб чиқилади (давлат божидан озод этилган ҳолатлар бундан мустасно). Шу билан бирга, мазкур судларда иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмагунча тарафлар ўзаро келишувга эришиш орқали тўланган давлат божини қайтариб олиш имкониятига эга.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиради. Жумладан, Кодекснинг 123-моддасида назарда тутилишича, суд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарар экан, унда давлат божини қайтариш ҳамда даъвони таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни бекор қилиш масалаларини ҳам ҳал этади. Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ҳам тарафлар ўртасида медиатив келишувга эришилган ҳолларда даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши белгиланган. Мазкур Кодекснинг 108-моддасига мувофиқ, суд бу ҳақда ажрим чиқаради ва унда, шу жумладан, ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш ҳамда давлат божини бюджетдан қайтариш масалалари ҳал этилиши мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, келишув битими ҳамда медиатив келишув даъво тартибида кўриладиган аксарият ишлар бўйича тузилиши мумкин. Бироқ ушбу икки институтнинг ўзига хос фарқли жиҳатлари мавжуд бўлиб, уларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Хусусан, келишув битими иқтисодий ёки фуқаролик суд ишларини юритишнинг исталган босқичида, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида ҳам тарафлар томонидан тузилиши мумкин. Бунда келишув битими суд томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади ва ҳуқуқий кучга эга бўлади. Медиатив келишув эса фақат биринчи инстанция судида, суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин. Мазкур келишув тарафлар томонидан имзоланиши ҳамда медиатор томонидан тасдиқланиши шарт ҳисобланади.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги ишлар бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузишга йўл қўйилмайди. Жумладан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган давлат мулкидаги ер участкаларини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги ишлар, шунингдек иқтисодий ишларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ низолар бўйича бундай келишувларга рухсат этилмайди.
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Мажбурий жамоат ишлари қандай жазо ва у судлар томонидан кимларга нисбатан қўлланилмайди?
Мажбурий жамоат ишлари — бу суд томонидан тайинланадиган жазо.