currencies image

11 813,09 UZS

7,39

usd

currencies image

13 677,20 UZS

88,93

eur

currencies image

135,61 UZS

1,90

ru



АсосийЯнгиликларМеҳмонхона қурган тадбиркорга 16 фоизли кредит, 90 фоиз солиқ имтиёзи: туризм соҳасига янги енгилликлар

Меҳмонхона қурган тадбиркорга 16 фоизли кредит, 90 фоиз солиқ имтиёзи: туризм соҳасига янги енгилликлар

Ҳуқуқ

calendar

02.09.2026

eye

41

Меҳмонхона қурган тадбиркорга 16 фоизли кредит, 90 фоиз солиқ имтиёзи: туризм соҳасига янги енгилликлар

Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун бир қатор янги имтиёз ва имкониятлар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида билдирилган ташаббуслар 2026 йил 27 августда имзоланган ПФ-175-сон Фармонда ўз аксини топди.

Янги имтиёзлар нималардан иборат?

 

Тижорат банклари меҳмонхона қуриш ва реконструкция қилиш учун тадбиркорларга миллий валютада йиллик 16 фоизли кредит ажратади.

Бунда:

— кредит муддати — 10 йилгача;
— имтиёзли давр — 2 йилгача.

Хорижий валютада ҳам кредит олиш имконияти мавжуд. Бунда SOFR, EURIBOR ёки SHIBOR ставкаларидан юқори бўлган фоиз харажатларини «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ қоплайди.


Меҳмонхона қурилишига субсидия муддати узайтирилди

Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарни қуриш учун бериладиган субсидиялардан фойдаланиш муддати 2029 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Яна бир муҳим янгилик — юлдузли меҳмонхона субсидиясини олиш учун унинг тоифасини тасдиқлашда хорижий компания хулосаси энди талаб этилмайди.

Маълумот учун, сўнгги уч йилда юлдуз тоифасига эга 32 та меҳмонхона қурилган. Уларга давлат бюджетидан субсидия сифатида 156 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.


Меҳмонхоналар учун солиқ имтиёзлари узайтирилди

Меҳмонхоналарнинг мол-мулк ва ер солиғига 0,1 коэффициент қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Бундан ташқари, меҳмонхоналар, шу жумладан палатка ва ўтовли лагерлари учун ер ва мол-мулк солиғининг 90 фоизга камайтирилиши ҳам давом этади.

Ушбу имтиёз:

— меҳмонхоналар учун — 2030 йил 1 январга қадар;
— лагерлар учун — 2037 йил 1 январга қадар амал қилади.


Туристик транспорт воситалари учун божхона имтиёзи

Туризм субъектлари томонидан импорт қилинадиган:

— автобуслар;
— электробуслар;
— микроавтобуслар

учун божхона божидан озод қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Шунингдек, 8 нафардан ортиқ ўриндиққа эга микроавтобуслар ҳам ушбу имтиёзга киритилди.

Бундай транспорт воситалари утилизация йиғимидан ҳам озод этилади.


Туроператорлар учун ҚҚС бўйича янгилик

Туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматлари экспортга тенглаштирилади.

Натижада 2027 йил 1 январдан ушбу хизматлар ҚҚСдан озод этилади.

Бу ўз навбатида хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш билан шуғулланувчи туроператорлар учун харажатларни камайтириш имконини беради.


Меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳасида маркировка бўйича енгиллик

Меҳмонхона ва умумий овқатланиш субъектлари сув, ичимлик, пиво ва тамаки маҳсулотларини харид қилганда, уларга бириктирилган рақамли маркировка кодлари якуний истеъмолга реализация қилинган деб ҳисобланади.

Яъни ушбу маҳсулотларни қайта сотиш бўйича алоҳида назорат талаб этилмайди.


Йирик меҳмонхоналарда банкомат ва валюта айирбошлаш шохобчалари

2026–2027 йилларда босқичма-босқич 50 тадан ортиқ хонали меҳмонхоналарда нақд валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлар ташкил этилади.

Бу хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш қулайлигини оширишга қаратилган.


Яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Туризм соҳаси учун айрим қўшимча енгилликлар ҳозирча лойиҳа босқичида.

Хусусан, 2026 йил ноябрга қадар тегишли Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Унда:

— туристик йиғимни жойлашиш нархига қараб қайта белгилаш;
— меҳмонхоналар учун автотураргоҳ ташкил этиш талабини қайта кўриб чиқиш;
— 10 нафардан ортиқ туристдан иборат гуруҳларни олиб келувчи туроператорларга маданий мерос объектларига киришда 30 фоизгача чегирма бериш каби таклифлар назарда тутилмоқда.

Муҳим: мазкур учта йўналиш ҳозирча таклиф ва лойиҳа босқичида. Улар тегишли Президент қарори қабул қилинганидан кейингина тадбиркорлар учун расман амал қила бошлайди.

Шундай қилиб, янги чоралар меҳмонхона қурилиши, туристик транспорт, туроператорлик хизматлари ва туристларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш орқали Ўзбекистонда туризм бизнеси учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.

Феруз Жўраев

Улашиш: