currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларМеҳнат нормалари: турлари, жорий этиш тартиби ва ишбай нархларни аниқлаш

Меҳнат нормалари: турлари, жорий этиш тартиби ва ишбай нархларни аниқлаш

Содда талқин

calendar

22.05.2026

eye

28

Меҳнат нормалари: турлари, жорий этиш тартиби ва ишбай нархларни аниқлаш

Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш бугунги кунда дунё миқёсидаги аҳамиятга эга йўналишлардан бири ҳисобланади.

Меҳнат муносабатларини ривожлантириш ва замон талабларига мослаштириш борасида бир қанча халқаро акт ҳамда коньвенциялар қабул қилинган. Меҳнат қилиш билан боғлиқ жараёнлар, аввало, меҳнат нормалари билан тартибга солинади. Меҳнат нормалари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини адолатли, аниқ ва самарали ташкил этишнинг асосий воситасидир. Улар орқали белгинланган ишларни бажариш учун зарур вақт, ходимлар сони ва малакаси, хизмат кўрсатиш кўлами ҳамда бошқарув доираси каби мезонлар олдиндан белгилаб олинади. Мақсад — меҳнат натижаси билан иш ҳақи ўртасида шаффоф боғлиқлик яратиш, ходимнинг вазифаси, малакаси ва ишлаш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда муносиб ҳақ тўланишини таъминлашдир. Амалда бу, бир томондан, иш берувчига ресурсларни оқилона режалаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва хавфсиз иш муҳитини кафолатлаш имконини берса, иккинчи томондан эса ходимга вазифалар ҳажми, бажариш муддати ва баҳолаш мезонлари борасида аниқ кутилмалар беради. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 272 — 278-моддаларида меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш, янгилаш ва уларни иш ҳақи ҳисобида қўллаш тартиби белгиланган. Қуйида меҳнат нормалари нима, унинг қандай турлари мавжуд ва ҳақ тўлашга оид қисмлари таҳлил қилинади.

Меҳнатни нормалаштириш нима?

Меҳнатни нормалаштириш — бу аниқ ишлаб чиқариш шароитида вазифа ёки функцияларни бажариш учун зарур бўлган энг мақбул вақтни ва ходимлар сони билан бажариладиган ишлар ўртасидаги тўғри нисбатни белгилашдир.

Мақсад — меҳнат натижаси ва иш ҳақи ўртасида адолатли ва тенглаштирилган боғлиқлик яратишдан иборайдир. Шу орқали ким қанча иш бажарса, шунга яраша вақт, ҳажм ва малака ҳисобга олиниб, ҳақ тўланади.

Нормалар тўлиқ иш вақти давомида ўз вазифасини бажара оладиган малакали ходимга қараб белгиланади. Натижада ишларинг ўз вақтида сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши таъминланади.  Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатларни таъминловчи асосий давлат органи Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳисобланиб, меҳнатга оид нормаларни ишлаб чиқувчи етакчи давлат ташкилоти ҳисобланади.

Меҳнат нормасининг турлари

Меҳнатга оид нормалар уларнинг аниқ қўлланиши учун бир нечта турга бўлинади. Улар қуйидагилардан иборат:

◾️ вақт нормаси: битта маҳсулот ёки операцияга кетадиган вақт (одатда ишларни бажариш учун кетадиган реал вақт);

◾️ ишлаб чиқариш нормаси: маълум вақт ичида бажарилиши керак бўлган иш ҳажми (масалан, бир сменада);

◾️ ходимлар сони нормаси: топшириқни бажариш учун зарур бўлган малакали ходимлар сони;

◾️ хизмат кўрсатиш нормаси: бир сменада бир ходим (ёки бригада) хизмат кўрсатиши керак бўлган ускуна, ҳудуд ёки обектлар сони;

◾️ алоҳида лавозимларни киритиш нормаси: буджет ташкилотларида зарур лавозимлар сонини белгилаш мезони;

◾️ бошқарилувчанлик нормаси: битта раҳбарга тўғридан-тўғри бўйсунадиган ходимлар сони;

◾️ малака нормаси: ишни бажариш учун зарур билим, кўникма ва маҳорат даражаси;

◾️ давлат касбий стандартлари: муайян касб фаолиятини бажариш учун зарур малака тавсифлари;

◾️ бошқа нормалар: зарур меҳнат сарфларини аниқловчи қўшимча кўрсаткичлар. Жамоавий меҳнат ва технологик занжирлар учун йириклаштирилган нормалар ҳам қўлланади (масалан, куб метр, квадрат метр, минг дона маҳсулот бўйича).

Нормаларни ишлаб чиқиш ва амал қилиш тартиби

Иш берувчи нормаларни ишлаб чиқишда аниқ иш шароитларини таҳлил қилади: сифатли, илмий-техник асосланган, ўхшаш шароитларда бир хил бўлган нормалар танланади ва нормальаштириш мумкин бўлган иш турлари тўлиқ қамраб олинади. Жорий этиш, алмаштириш ва қайта кўриб чиқиш жамоа шартномасида белгиланади. Ходимлар режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида камида икки ой олдин огоҳлантирилади.

Нормалар иш ўринларини рационализация қилиш, янги техника ва технологиялар жорий этилиши каби ҳолатларга қараб янгиланади. Бироқ айрим ходимлар ташаббуси билан кўрсаткичлар ошиши ўзи-етарли асос бўлмайди — умумий техник-ташкилий асос талаб этилади.

Шунингдек, амал қилиш муддати бўйича нормалар доимий ёки вақтинчалик бўлиши мумкин. Вақтинчалик нормалар одатда уч ойгача тажриба ёки ўзлаштириш даврида қўлланилади ва сўнг доимийга алмаштирилади (зарур бўлса, келишув билан узайтирилиши мумкин) ёки бекор қилинади. Махсус, хавфли ёки бир марталик ишлар учун нормалар ҳар бир ҳолатга алоҳида белгиланади.

Нормаларни бажариш учун иш берувчи жиҳоз ва инфратузилма созлиги, керакли ҳужжатлар, материал-асбобларнинг сифатли ва ўз вақтида берилиши, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик талабларига мос келадиган шарт-шароит яратиши шарт.

Ишбай тизимда нархлар ва вақтбай тизимда топшириқлар

Ишбай ҳақ тўлашда нарх иш разряди, тариф ставкаси ва ишлаб бериш ёки вақт нормасидан келиб чиқиб аниқланади. Амалда икки усул қўлланади:

1) иш разрядига мос кунбай/соатбай тариф ставкасини кунбай/соатбай ишлаб бериш нормасига бўлиш;

2) ёки ўша тариф ставкасини белгиланган кунбай/соатбай вақт нормасига кўпайтириш.

Кунбай ёки соатбай тариф ставкаси эса ойлик тариф ставкаси ёки лавозим маошини ойлик иш кунлари/соатлари нормасига бўлиб топилади. Вақтбай тизимда ходимларга нормалаштирилган топшириқлар, хизмат кўрсатиш нормаси ва ходимлар сони нормаси қўйилиши мумкин. Буджет ташкилотларида хизмат кўрсатиш нормалари ва лавозимларни жорий этиш нормалари ваколатли орган томонидан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва тегишли тармоқ касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Хулоса қилиб айтганда, меҳнат нормалари — иш жараёнини адолатли, аниқ ва хавфсиз ташкил этишнинг асоси бўлиб, улар иш ҳажми, вақт, малака ва ходим-ускуналар нисбати орқали иш ҳақи билан бевосита боғланади. Нормаларни тўғри ишлаб чиқиш ва ўз вақтида янгилаш меҳнат унумдорлигини оширади, ходимлар учун аниқ натижалар яратади ва низоларни камайтиради. Ўз навбатида, иш берувчи зарур шарт-шароитларни кафолайди. Ишбай ва вақтбай тизимларда тўғри белгиланган норма ва нархлар шаффоф ҳисоб-китобга замин яратади, буджет ташкилотларида эса келишилган стандартлар ягона ва барқарор ёндашувни кафолатлайди.

Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш:

Бошқалар