Life Style
06.12.2025
25

Қирғинбарот уруш йилларида одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсасини сотиб, силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганини кўп эшитганмиз. Ўша оғир йилларда одамлар бор-будини сотса ҳам, ҳеч ким боласининг бешигини сотмаган экан. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг ўзбекона ўлмас қадриятимизга айлангани кўнгилга ғурур бағишлайди.
Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласини ҳимоя қилади, унга яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.
Она учун фарзандини зебу зарга, молу дунёга алмаштирадиган бирорта асос, сабаб ёки баҳона йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам, деб яшайдиган улуғ зот.
Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш, “енгил” ҳаёт, ношукурлик, нонкўрлик, меҳрсизлик сотишга мажбур қилиши мумкин.
Бугун ана шу меҳрсизлик ва оқибатсизлик, ана шу хиёнат туфайли “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланаётган ўғил-қизларнинг аксарияти отаси ёки онаси борлар эканлигида яққол кўринаяпти.
Меҳрни минг долларга сотган она
Меҳринисо Халилова асли қишлоқда туғилиб ўсган. Дарвоқе, айтиб қўяйлик, исм-шарифлар ўзгартирилган, аслида бундайларнинг номини очиқ-ойдин ёзиш керак эди-ю, афсуски, инсон ҳуқуқлари ва касб этикаси бунга йўл қўймайди. Маълумоти ўрта. Икки марта оила қуриб, икки марта ҳам унга бахт кулиб боқмаган, ажралган. Биринчи турмуш ўртоғи Зафар Шодиев билан ўрталаридаги уч ёшли ўғли Азизжонни сотиб, бой бўлмоқчи бўлган бу замондошимиз она, деган номга номуносиб аёл.
Ўзбошимчалик қилиб, ота-она розилигини олмасдан қурилган оиласи барбод бўлгач, қўлида ёш боласи билан она уйига қайтган қиз бир муддат ота-онаси билан яшайди. Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига боласини олиб, Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетишга қарор қилади. Бир муддат Қўйлиқ массивидаги фирмалардан бирида ошпаз бўлиб ишлайди. Кунларнинг бирида у ота-онасини кўришга қишлоғига қайтиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна Тошкентга кетиш тараддудини кўрди. Туман марказига келиб, такси тўхтатаётганда, эски таниши Моҳирани учратиб қолди. Моҳира она-болаларни яқин атрофдаги ўз уйига таклиф қилди ва уйга келгач, ўз режаларини, кутилмаган таклифларини айта бошлади. Меҳринисога боласини фарзанди йўқ танишларидан бирига фарзанд кўргунича вақтинча бериб туриш таклифини билдирди. Меҳринисо рози бўлмаганига қарамасдан, таниши билан уни учраштиришга ҳаракат қилди. Ҳоли-жонига қўймагач, улар Навоий шаҳрига йўл олишди. Кармана туманида эр-хотин Содиқовлар уларни кафеда кутиб олди. Нонуштадан сўнг улар мақсадга кўчди. Ўз уйини, шароитларини кўрсатишга Меҳринисони кўндиришди. Хонадонга боргач, уларнинг шароитлари яхшилигини кўргач, боласини уларга беришга рози бўлди. “Савдо” шу қадар тез битдики, болага “харидор”лар фарзандфуруш онага келишилган 100 АҚШ доллари ва 8 миллион сўмни бергандан сўнг уларга боладан воз кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берганлиги билан одам савдоси “драма”сининг бу машъум пардаси ёпилди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари боласини сотиб даромад кўрмоқчи бўлган аёлнинг келгусида чет элларга бориб ишлашдек баландпарвоз орзу-умидларига бир зумда чек қўйди. Қишнинг қаҳрли кунларида М. Халилова темир панжара ортига, нималар бўлаётганлигини билмай тўрт томонга жавдираётган болакай эса Кармана туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб кетилди.
Фожианинг сабаб ва оқибатлари...
Оила – бахт қасри. У бузилса вайронага айланади. Меҳринисо Халилова ва Зафар Шодиевларнинг “севги-муҳаббатга асосланган” оиласи нега тезда барбод бўлди, деган савол туғилиши табиий. Асл сабаб – оиласи бор эркакка шаръий никоҳ билан турмушга чиқиш оқибати бўлса, ўз оиласи, болалари бўла туриб, “янги ҳаёт” бошлаган масъулиятсиз эркакнинг найранги.
Шу ўринда тренинг чоғида суҳбатида бўлганимиз ЮНЕСКО эксперти, тарих фанлари доктори, Америкадаги Хофстра университети профессори Элёр Каримовнинг фикрларида жон борлиги ёдга тушди. “Ўзбекистонда қизларнинг коллеж ва лицейларни битирибоқ турмушга чиқиб кетиши, олий маълумотга эга бўла олмаётганлиги ҳолатлари уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлигига сабаб бўлмоқда”. Профессор ҳақ. Савияси, билими паст аёл ҳаётда, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши, эзгу ишларга қодир бўлиши қийин. Меҳринисони суднинг қора курсисига етаклаган сабабларга яна бир бор эътибор берайлик. Унинг биринчи хатоси ота-онасининг юзига оёқ қўйиб, оиласи бор кишига иккинчи хотин бўлиши, тўйдан олдин ҳомиладор бўлиб, ота-онасига иснод келтирганида. Оилани ўйинчоқ, деб ҳаётга енгил қарагани, фарзандининг келажагини барбод қилгани, ҳали уч ёшга тўлмаган болани етаклаб сарсонликнинг кўчасига киргани, булар ҳам камлик қилганидек, бир бор оғзи куйган бўлса ҳам, иккинчи бор ҳам қонуний эмас, яна шаръий никоҳ билан турмушга чиқиб, бу турмуш ҳам узоққа бормай, уч ойда бузилгани. Атрофдагилар, яқинларининг уни ўз ҳолига ташлаб қўйганлиги-ю, нотўғри йўллардан уни қайтармаганлигида ҳам гап кўп.
Инсонпарварликка арзирмикин?..
Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Наҳотки, қўлларини сизга чўзиб турган, сизсиз йўлини йўқотиб қўядиган, кўзига қарасангиз олам ёришиб кетадиган, меҳрининг тафти юрагингизни иситиб турадиган жондан азиз миттигина инсондан воз кечиш тўғрисида тилхат ёзиш шунчалар осон бўлса?! Қонунларимиз шунчалар инсонпарварки... М. Халиловани Хатирчи туман хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан берилган кафолат хати темир панжара ортидан қутқариб қолди. У суд залидан озод қилинди. Унга тўрт йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Пул эвазига сотиб юборган боласи ҳам қайтариб берилди. У бундай инсонпарварликка арзирмикин, деган саволга жавоб бериш қийин. Йиллар ўтиб, Азизжон вояга етиб, бу “савдолар” ҳақида онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Меҳринисонинг кучи етармикин, виждони, юзи чидармикин? Билмадик...
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари
Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир.