#NoComment
27.08.2026
79

Баъзан бир неча дақиқа давом этган эътибор сизлик ёки эҳтиётсизлик бутун оиланинг молиявий осойишталигини издан чиқариши мумкин. Қуйида ҳикоя қилинадиган воқеа ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлиб, у Фарғона вилоятида яшовчи бир истеъмолчи билан содир бўлган. Бошқалар учун ҳам сабоқ бўлиши мумкин, деган умидда унинг тафсилотлари ҳақида сўз юритамиз.
Ҳаммаси оддий таклифдан бошланган...
Истеъмолчининг айтишича, иш жойига ўзларини маиший техника савдоси билан шуғулланувчи компания вакиллари сифатида таништирган шахслар келишган. Улар ходимларга маҳсулотлар ҳақида маълумот бериб, турли акциялар ва қулай тўлов шартларини таклиф қилишган. Суҳбат давомида “ютуқли акция” ўтказилаётгани айтилган ва қаҳрамонимиз ҳам унда иштирокчи этиб, гўёки қимматбаҳо маиший техника ютгани маълум қилинган. Шу тариқа улар унинг ишончини қозонишган.
Бир неча дақиқада расмийлаштирилган қарз
Кейинчалик турли расмийлаштириш ишларини бажариш баҳонасида ундан мобил телефони сўралади. Face ID орқали тасдиқлаш амаллари бажарилади, телефонга келган кодлар киритилади. Орадан кўп ўтмай, унинг номига онлайн тарзда кредитлар расмийлаштирилгани маълум бўлади. Энг ачинарлиси, у олиб фойда қилдим деб ўйлаган техника ҳақиқий бозор нархидан анча юқори суммага расмийлаштирилган бўлиб чиққан. Натижада истеъмолчининг зиммасига бир неча миллион сўмлик қарз юкланган.
Муаммо қандай ҳал этилди?
Жабрланувчи Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мутахассислар дастлаб низони музокаралар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Бироқ бу самара бермаганидан кейин иш судга оширилди. Суд муҳокамаси бошланиши арафасида иккинчи томон низони истеъмолчи фойдасига ҳал қилишга розилик билдирди. Натижада етказилган зарар бартараф этилди. Бундай ҳолатларга тушмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Мутахассислар қуйидаги эҳтиёт чораларига амал қилишни тавсия этади:
• телефонни бегона шахсларга берманг;
• Face ID ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш амал ларини бошқаларнинг талабига кўра бажарманг;
• SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга айтманг;
• шартнома ва кредит ҳужжатларини ўқимасдан ҳеч нарсани тасдиқламанг;
• “бепул совға”, “кафолатли ютуқ” ёки “фақат бугунги акция” каби таклифларга танқидий ёндашинг.
Энг катта ҳимоя – огоҳлик
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизни енгиллаштирмоқда. Бироқ улардан эҳтиётсиз фойдаланиш молиявий фирибгарлик қурбонига айланиш хавфини ҳам оширади. Шунинг учун ҳар қандай таклифга розилик беришдан олдин унинг ҳуқуқий оқибатларини ўйлаб кўриш, шахсий маълумотлар ва электрон тасдиқлаш воситаларини ҳеч кимга ишониб топширмаслик муҳимдир. Ушбу воқеа марғилонлик бир истеъмолчининг шахсий тажрибасига асосланган. Агар сиз ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келсангиз, вақтни бой бермасдан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишингиз мумкин. Ўз вақтида мурожаат қилинса, ҳуқуқларни тиклаш имконияти ҳам юқори бўлади.
Икромжон АБДУРАҲИМОВ,
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамияти раиси
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.
Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаларини олиб ўтиш тартиби қандай?
Шунинг учун уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиби оддий транспорт воситаларидан фарқ қилади.