currencies image

12 591,71 UZS

84,40

usd

currencies image

14 821,70 UZS

153,86

eur

currencies image

160,18 UZS

1,38

ru



АсосийЯнгиликларДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

ДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Ҳуқуқ

calendar

03.07.2025

eye

54

ДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

ДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Ахмедшаева Мавлюда Ахатовна

Тошкент давлат юридик университети

“Давлат ва ҳуқуқ назарияси”кафедраси профессори,

 юридик фанлар доктори

 

Жорий йилнинг 31 январь куни ”Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан  сайтида муҳокама учун қўйилди.

Ушбу Концепция лойиҳасида белгиланган вазифалар мамлакатимизнинг дунёвий моҳияти билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ўртасидаги оқилона уйғунликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бинобарин Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида давлатимизнинг дунёвий эканлиги олий мақомда мустаҳкамлаб қўйилган.

Давлатнинг дунёвийлиги нималарда ифодаланади? Дунёвий давлат бу шундай давлатки, унда дунёвий ишлар диний ишлардан алоҳида ҳолда кечиши, таълим ҳам дунёвий билимлар беришга асосланиши ва одил судлов диний нормаларга эмас, амалдаги фуқаровий қонунларга асосланиши баробарида фуқароларга дин ва виждон эркинлиги, яъни истаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳамда мамлакатда мавжуд барча конфессияларга ўз диний эътиқоди, ибодат ва расм-русумларини амалга ошириши учун шароит яратиб берилиши билан тавсифланади.

Асосий Қонунимизнинг 35-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Ваҳоланки, дунёвий давлатда расмий ўрнатилган ва ҳамма эътиқод этиши керак бўлган дин бўлмайди, диний ташкилотлар давлатдан алоҳида, ажралган тарзда фаолият олиб боради, барча диний ташкилотлар давлат, қонун ва суд олдида тенг бўлади, виждон эркинлиги – дини ва эътиқодидан қатьи назар барча фуқароларнинг тенглиги таъминланади.

Айтиш жоизки, динга ва диний эътиқодга бундай муносабат доимо ҳам юртимизда ҳукм сурмаган. Ёши катта, аввалги тузум шароитида яшаган ҳамюртларимиз бунга гувоҳ бўлишган. Гарчи ўша пайтда амалда бўлган Конституцияда фуқароларнинг виждон эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, амалда вазият бутунлай бошқача бўлган. Ёш авлодга  кучли атеизм (динсизлик) мафкураси сингдирилган. Намоз ўқиш ва рўза тутиш каби ибодатларни амалга ошириш осон кечмаган. Айниқса партия аъзоларига диний эътиқод бўйича чекловлар кучли бўлган.

Шу боис ўша даврни кўрган авлод учун мамлакатимизда  амалга оширилаётган виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги саъй ҳаракатлар ўзгача мазмун ва моҳият касб этади. Дарвоқе, юқорида қайд этилган қонун лойиҳасида кўрсатилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб 2 300 дан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритмоқда, 130 дан зиёд миллатлар ва элатлар вакиллари истиқомат қилмоқда. Давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти яратилганлиги, 12 тилда телерадиодастурлар эфирга узатилаётганлиги, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётганлиги, 155 та миллий маданий марказ эркин фаолият олиб бормоқда.

Шу нуқтаи назардан олганда мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва унинг муҳокамага қўйилганлиги муҳим ижтимоий воқеа сифатида эътироф этиш керак. Бинобарин унда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари, виждон эркинлиги ҳуқуқини ва мамлакатимизнинг дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий нормаларни амалга ошириш ва диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ҳамда устувор йўналишларини белгилайди.

Айтиш жоизки, мазкур Концепция лойиҳаси миллий  давлатчилигимизнинг бой тарихий тажрибаси ва бутун дунё халқлари учун умумий бўлган муҳим умуминсоний қадриятларга суянган ҳолда таёрланган. Ушбу нуфузли ҳужжат лойиҳаси бугунги кунда мамлакатимизда ҳукм сураётган миллий ва диний бағрикенглик, турли миллатлар, турли конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувлик ва шу аснода келажак сари ривожланишни таъминлашга қаратилган.

Мазкур Концепция лойиҳасининг “Дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва механизмлари”га бағишланган бобида қатор соҳаларда дунёвийликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилган. Жумладан, давлат бошқарувида дунёвийликни таъминлаш масаласи бўйича кўзда тутилган вазифалар мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам давлат хизматчилари давлат номидан, бутун аҳолининг, жамиятнинг умумий манфаатларини кўзлаб фаолият олиб борадилар, тегишли давлат аҳамиятига молик қарорлар қабул қиладилар. Шу сабабдан, давлат хизматчиларининг  диний қарашлари уларнинг шахсий муносабати бўлиб, хизмат вазифаларини бажаришга у ёки бу тарзда таъсир этмаслиги, яъни умумий манфаатларига зид келмаслиги керак.

Бундан ташқари, иқтисодиётни ривожлантиришда дунёвийлик ҳам жамият ривожланиши, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишида муҳим ўрин тутади. Иқтисодий қарорлар эса фақат аниқ илмий маълумотларга, амалий тажриба хулосаларига, ҳолисона таҳлилга асосланган ҳолда амалга оширилиши зарур ҳисобланади. Ваҳоланки, иқтисодиёт соҳасидаги қарорлар ва уларнинг амалга ошиши бевосита ривожланиш ва турмуш фаровонлиги билан бевосита боғлиқлигини доимо ҳисобга олиш зарур.

Таълим соҳасидаги дунёвийлик эса бевосита ёшларни чинакам илмий билимлар олиши, ҳаётда керак бўладиган кўникмаларни эгаллаши, умуминсоний қадриятларни ҳамда ватанпарварлик ҳиссини қалбига жо қилишини таъминлаши керак. Ёшларда  дунёвийлик ва виждон эркинлиги ҳуқуқини чуқур тушунишларида, улар ўртасидаги нозик нисбатни тўғри англашларида диншуносликка оид предметларни малакали ўқитувчилар томонидан  юқори савияда замонавий ёндашувлар асосида ўқитилишини таъминлаш алоҳида долзарблик касб этади, бундай ёндашув ёшларда тўғри илмий ва диний дунёқараш, диний бағрикенгликнинг шаклланишига хизмат қилади.

Ваҳоланки, мамлакатимизда диний таълим ривожига муносиб эътибор қаратилиб келинмоқда. Ўзбекистонда тўртта олий ислом таълим муассасаси, ўнта ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, иккита аёллар мадрасаси, шунингдек православ ва протестант семинариялари ишлаб турибди. 2018 йилда ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юқори малакали профессор-ўқитувчилар дунёвий ва диний билимларни уйғунлаштириш, диний соҳада кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида фаолият олиб бормоқдалар.

Тиббиёт йўналишида дунёвийликни таъминлашда, назаримизда, халқимизнинг  тиббий онг ва тиббий маданиятини ривожлантириш масаласи муҳим ўрин тутади. Шу ўринда кейинги вақтларда аҳоли орасида  айрим “табиблар”нинг пайдо бўлиши, уларга мурожаат қилишнинг кўпайиши холлари муайян даражада хавотир уйғотади, албатта. Айрим табибларнинг даволаш усулларининг бемаънилиги очиқ кўриниб турган ҳолатларда ҳам унга мурожаат қилувчилар сонининг мавжудлиги –  тиббий саводхонлик масаласида қилинадиган ишлар анча эканлигидан далолат беради.

Маданият йўналишида дунёвийликни таъминлашда, айниқса, миллатларо, конфессиялараро муносабатларда бағрикенгликни, аҳолининг умумий мадниятини, жумладан, дунёвий ва диний онги ва маданиятини тўғри, холисона шаклантиришда санъат асарларининг роли беқиёс, десак, муболаға қилган бўлмаймиз. Айни чоғда ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялашда улар орасида урф (трендда) бўлган шакл ва услублардан фойдаланиш катта амалий аҳамият касб этади. Ижтимоий тармоқларда кечаётган муносабатларда бағрикенглик, муомала маданияти, конфессиялараро мулоқот маданиятини шакллантиришда санъаткорларнинг ва санъат асарларининг ролини оширишга эътибор кучайтирилиши зарур .

Ушбу Концепция лойиҳасида никоҳ институтини тартибга солиш йўналишида дунёвийликни таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилганлиги бежиз эмас, албатта. Ваҳоланки, ҳозирги кунда  бу масала долзарб бўлиб, у бевосита аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда уларнинг ҳимояси билан узвий боғлиқдир. Ҳаётимизда учраб тураётган фақат диний никоҳга асосланган “оила”лар ва дунёга келган фарзандларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдаги муаммолар аёлларнинг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилада қизлар тарбияси, уюшмаган ёш қизларни иш билан таъминлаш масаласи долзарб эканлигини кўрсатади.

Мазкур Концепция лойиҳасида ижтимоий ахлоқ ва хулқ-атвор нормаларини шакллантириш йўналишидаги дунёвийликка ҳам эътибор қаратилган бўлиб, бунда жамиятдаги ҳар қандай ижтимоий нормалар, юриш-туриш қоидалари умумжамият, умумхалқ, умумдавлат манфаатлари ва диний қадриятларнинг оқилона, холисона нисбатига, ўзаро уйғунлигига асосланиши зарур. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу Концепция лойиҳасидаги вазифаларнинг амалга ошиши жамият аъзолари ўртасидаги, жумладан миллатлараро, конфессиялараро муносабатлар оддий инсоний қадриятларга, амалдаги қонунларга, маданий қадриятларга асосланган ҳолда дунёвийлик билан динийликнинг оқилона уйғунлигини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

М.А.Ахмедшаева, ТДЮУ профессори, ю.ф.д.

 

 

 

 

 

 

 

Улашиш: