Ҳуқуқ
12.11.2025
63

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ–207-сон Фармони билан тасдиқланган “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури”да 33 та вазирлик ва идоралар ҳамда барча ҳокимликлар зиммасига аниқ вазифалар ва 111 та тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини комплекс равишда амалга ошириш юклатилди.
Шунингдек, идоралар ва ҳокимликлар ўз соҳаси ва ҳудуди кесимида Миллий дастур ижросини манзилли ташкил этиш бўйича ҳар чораклик “йўл хариталари”ни тасдиқлаши ҳамда ҳар ой якунида амалга оширган аниқ ишлари юзасидан Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига ҳисобот киритиб бориши белгиланди.
Прекурсорлар устидан қатъий давлат назорати ўрнатилади
Мамлакатимизда саноат ва тиббиётда фойдаланиладиган кимёвий моддалар (прекурсорлар) нинг наркотикларни ноқонуний тайёрлаш жараёнига кириб боришининг олдини олиш мақсадида:
– прекурсорлар рўйхати халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтирилади ва уни соддалаштирилган тартибда янгилаб бориш (тўлдириш) механизмлари жорий этилади;
– прекурсорлар ишлаб чиқарилишидан (хориждан келтирилишидан) бошлаб, реализация қилинишигача (транзит, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш, сотиш, сақлаш, бериш ва бошқа) бўлган барча жараёнларни қатъий электрон назорат қилиш тизими йўлга қўйилади.
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги прекурсорлар муомаласи устидан тизимли назоратни амалга оширади ва уларнинг ноқонуний айланмаси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритади.
Прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланади
Ўзбекистонда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Мазкур вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ–207-сон Фармонида белгилаб қўйилди.
Наркожиноятчилар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилмайди
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилиши ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин.
Бироқ, эндиликда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилади.
Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади
Мамлакатимизда Интернетдаги наркодўконларни ҳамда наркожиноятларни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ёшлар ўртасида хакатон ўтказилиб, энг мақбуллари амалиётга жорий қилинади.
Ўзбекистонда вояга етмаганлар ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мутлақо янги босқичга олиб чиқилмоқда
Энди мамлакатимизда ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаганга нисбатан ёки уни жалб қилган ҳолда содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади, шунингдек, уларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади.
Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жазо 2 бараварга оғирлаштирилади ҳамда айнан ушбу жойларда вояга етмаганларни мазкур моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик киритилади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик икки бараварга оғирлаштирилади:
– гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;
– кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, Интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш;
– алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш;
– гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши.
Наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилганлар узоқ муддатга қамалади
Эндиликда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланади ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.