currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНасия савдога яширилган фоизлар

Насия савдога яширилган фоизлар

Life Style

calendar

15.11.2025

eye

48

Насия савдога яширилган фоизлар

Сўнгги йилларда насия савдоси кескин оммалашди. Турли маркетплейслар ва онлайн дўконлар телевизор, телефон, маиший техника ва кийим-кечакларни “фоизсиз муддатли тўлов” шиори билан кенг тарғиб қилмоқда. Аммо рекламадаги бу “фоизсиз” таклиф амалда унчалик ҳам арзон эмас – харидор кўпинча маҳсулотнинг асл қийматидан анча юқори сумма тўлашига тўғри келади.

Кўплаб платформалар “0 фоизлик муддатли тўловга сотиб олинг” деб бонг уришса-да, маҳсулотнинг бўлиб тўлаш нархи аллақачон сунъий равишда оширилган бўлади. Натижада харидор “фоиз йўқ” деган алдовларга ишониб, маҳсулотни асл нархидан сезиларли даражада қимматроққа харид қилади. Масалан, Samsung S25 Ultra смартфонининг бозордаги ўртача нархи билан бир нечта маркетплейсларда таклиф қилинаётган насия нархлари ўртасидаги катта тафовут буни яққол исботлайди.

Бу смартфоннинг 12/256 ГБ ҳажмдаги тезкор ва доимий хотирага эга версияси нархи турли телефон ва маиший техника бозорларида 1060 АҚШ долларидан 1100 АҚШ долларигача нархда сотилмоқда. Бугунги кунда бу нарх Марказий банк курси бўйича 12 миллион 22 минг 100 сўмдан 13 миллион 513 минг 500 сўмгача нархга тўғри келади. Тижорат банкларидаги нарх эса қарийб 13 миллион 580 минг сўмгача бўлади. Агар телефонни бўлиб тўлашга харид қилсангиз нархлар қимматлашади. Айрим онлайн дўконларда эса маҳсулотнинг тан нархи ҳам бозордаги ўртача нархдан анча қимматлиги кузатишимиз мумкин.

1-онлайн дўкон

Онлайн дўконда учбу смартфонни турли хил қийматдагисини топишингиз мумкин. Бу маркетплайсдаги энг арзон нарх – 14 миллион 405 минг сўм. Смартфоннинг бўлиб тўлашсиз нархи бозордаги ўртача нархдан қарийб 20 фоиз қиммат. 12 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш орқали ойига 1 миллион 714 минг 883 сўмдан тўланса, бир йилда умумий сумма 20 миллион 578 минг 596 сўмга айланади. Смартфон харидорга маҳсулотнинг дўкондаги нархидан 42,9 фоизга, бозордаги энг юқори нархдан эса 52,2 фоизга қимматга тушиши мумкин.

2-онлайн дўкон

Маҳсулотнинг тан нархи 14 миллион 690 минг сўм. Бозордаги ўртача нархдан қарийб 10 фоизга қиммат. 12 ойга бўлиб тўлаш учун таклиф қилинаётган нарх турли қарз берувчи ҳамкор платформалар орқали ойига 1 миллион 652 минг 625 сўмдан 1 миллион 775 минг 42 сўмгача. Бир йилда маҳсулот нархи харидорга 19 миллион 831 минг 500 сўмдан 21 миллион 300 минг 500 сўмгача айланиши мумкин. Бу эса товарнинг дўкондаги нархидан 35 фоиздан 45 фоизгача қимматлашганини англатади. Бозордаги ўртача нарх билан солиштирганда эса 47 фоиздан 58 фоизгача қиммат бўлади.

3-онлайн дўкон

Кўриб турганингиздек, ушбу маркетплейсдаги смартфоннинг нархи 14 миллион 999 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бу бозордаги ўртача нархдан 11 фоизга қиммат. Агар 12 ойга бўлиб тўлашга харид қилинса, ойига 1 миллион 757 минг сўм, умумий нарх эса 21 миллион 84 минг сўмга айланади. Бу онлайн дўкондаги нархдан 40 фоизга қиммат дегани. Бозордаги нарх билан тафовут эса 56 фоизга тенг.

Ҳисоблаб кўрадиган бўлсак бўлиб тўлаш муддати узайгани сари маҳсулот тан нархининг қиймати ҳам шунча ошиб бораверади. Исломий молия тамойилларига кўра, фоиз (рибо) тақиқланган. Айрим сотувчилар шу тақиқни айланиб ўтиш учун маҳсулот нархини сунъий равишда ошириб, “фоиз йўқ, фақат юқорироқ нарх” дейди. Натижада харидор ҳам шариатга мувофиқ савдо қиляпман деб ўйлайди, ҳам иқтисодий жиҳатдан зарар кўради.

Нима қилиш керак?

— харидорлар нақд ва насия нархини таққослаб, умумий тўлов суммасини аниқ ҳисоблаб кўриши зарур;

— платформалар умумий тўлов миқдорини катта ҳарфлар билан, олдиндан кўрсатишга мажбур этилиши керак;

— бўлиб тўлаш ва насия савдолари устидан янги меъёрий талаблар ишлаб чиқиши лозим.

Юқоридаги мисоллар шуни кўрсатадики, “фоизсиз” деб реклама қилинаётган насия савдоси аслида яширин фоизларга эга. Онлайн дўконлар маҳсулотнинг бошланғич нархини бозор баҳосидан сезиларли даражада ошириб, кейин уни “фоизсиз муддатли тўлов” сифатида тақдим этмоқда. Харидор ойма-ой тўловларни амалга оширганида, якуний сумма нафақат бозордаги ўртача нархдан, балки дўконнинг ўзи белгилаган нархдан ҳам 40–58 фоизгача қимматга тушиши мумкин.

Бу амалиёт молиявий саводхонлиги паст харидорлар учун катта хатар туғдиради, чунки “фоизсиз” деган шиор остида аслида оддий кредит механизмлари яширилади. Маҳсулот нархи олдиндан оширилгани сабабли харидор якунда маҳсулотнинг асл нархидан анча юқори тўлов қилади, аммо бу фарқни тўлов жараёнида дарҳол сезмайди. Шунинг учун харидорлар ҳар бир таклифни диққат билан ўрганиб, нақд ва бўлиб тўлаш нархларини солиштириб, умумий тўлов суммасини аввалдан ҳисоблаб чиқиши зарур.

Жасур ТОЖИБОЕВ,

журналист

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2025, 04:21
740

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


21-октябр 2025, 11:03
718

Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?

Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.


20-октябр 2025, 04:32
637

Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар

Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.


30-октябр 2025, 07:11
589

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.