currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНаврўз ва Беруний ривоятлари: қадимий байрамнинг тарихи ва маънавий маъноси

Наврўз ва Беруний ривоятлари: қадимий байрамнинг тарихи ва маънавий маъноси

Life Style

calendar

21.03.2026

eye

38

Наврўз ва Беруний ривоятлари: қадимий байрамнинг тарихи ва маънавий маъноси

Наврўз инсоният тарихидаги энг қадимий ва мазмунан бой байрамлардан бири ҳисобланади. У нафақат баҳорнинг келиши, табиатнинг уйғониши ва янги ҳаёт бошланишини англатади, балки турли халқлар маданияти, тарихий хотираси ва дунёқарашининг ҳам муҳим қисми ҳисобланади. Кўҳна Турон заминида Наврўз асрлар давомида нишонланиб келган ва бу байрам ҳақидаги кўплаб ривоятлар, афсоналар ҳамда тарихий маълумотлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Бу ривоятларнинг кўпини машҳур аллома Абу Райҳон Беруний ўз асарларида жамлаган.

Беруний ва Наврўз ҳақидаги илмий қарашлар

Ўрта асрлар илм-фанининг буюк намоёндаси Абу Райҳон Беруний Наврўзнинг келиб чиқиши ва унинг тарихий илдизларини тадқиқ қилишга катта аҳамият берган. У эронликлар тақвими, вақт ҳисоби ва астрономик кузатувларга таяниб, Наврўз байрамининг пайдо бўлиши ҳақида турли манбаларда учрайдиган маълумотларни таҳлил қилган.

Берунийнинг ёзишича, қадимда эронликлар йил бошини Қуёшнинг Саратон буржига кириши билан боғлашган. Кейинчалик вақт ҳисоби ва табиат ҳаракати ўртасидаги номутаносиблик туфайли йил боши ўзгариб, баҳор фаслига тўғри келадиган бўлган. Бу ҳолат инсонларнинг табиат билан уйғунликда яшашга интилишини ва вақтни табиат қонунларига мослаштиришга ҳаракат қилганини кўрсатади.

Кўклам ва ҳаётнинг бошланиши

Наврўз ҳақидаги ривоятларда уни олам яратилиши билан боғлайдиган қарашлар ҳам учрайди. Айтишларича, Наврўз куни табиат уйғониб, ёмғир ёғиб, гуллар очилади, дарахтлар мева тугади ва ҳайвонлар насл қолдириш даврига киришади. Шу сабабдан бу кун ҳаётнинг қайта бошланиши, табиатнинг янгиланиши ва инсон учун янги умидлар рамзи сифатида қабул қилинган.

Қадимги тасаввурларга кўра, айнан шу куни Қуёш яратилган ва вақт ҳисобининг бошланиши белгиланган. Шу боис Наврўз нафақат баҳор байрами, балки вақт ва ҳаётнинг рамзий бошланиши сифатида ҳам қаралган.

Наврўзнинг маънавий ва диний талқинлари

Баъзи ривоятларда Наврўз фаришталар ва пайғамбарлар билан ҳам боғланади. Унда айтилишича, Наврўз фаришталар яратилган кун бўлиб, Қуёш ҳам шу куни пайдо қилинган. Шунингдек, подшоҳлар ҳам бу кунни улуғлаганлар, чунки у замоннинг бошланиши ҳисобланган.

Ислом манбаларида ҳам Наврўз ҳақида айрим ривоятлар учрайди. Улардан бирига кўра, Наврўз куни Расулуллоҳга эронликлар томонидан ҳолва ҳадя қилинган ва у бу кун ҳақида эзгу сўзлар айтган. Бу ривоятлар Наврўзнинг турли маданий ва диний муҳитларда ҳам маълум даражада қадрланганини кўрсатади.

Сулаймон ва Жамшид ҳақидаги ривоятлар

Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақидаги ривоятлар орасида Сулаймон пайғамбар ва Жамшид подшоҳ билан боғлиқ ҳикоялар ҳам мавжуд. Ривоятларга кўра, Сулаймон ўз узугини қайта топиб, подшоҳлигини тиклаган кун Наврўз деб аталган. Шу воқеа муносабати билан одамлар бир-бирига сув сепиш ва совғалар беришни одат қилганлар.

Жамшид ҳақидаги ривоятларда эса Наврўз унинг даврида байрам сифатида кенг нишонлана бошлагани айтилган. Айрим ҳикояларга кўра, Жамшид ҳавога кўтарилган аравада саёҳат қилган ва одамлар бу ажойиб ҳодисани кўриб, ўша кунни байрам сифатида нишонлашни бошлаганлар. Шу билан бирга, шакарқамишдан шакар олиш ва уни байрамда бир-бирига совға қилиш одати ҳам шу давр билан боғланади.

Наврўз ҳақидаги Беруний келтирган қиссалар шуни кўрсатадики, бу байрам фақатгина табиатнинг уйғонишини нишонлаш билан чекланмайди. У инсоннинг табиат, вақт ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари билан боғлиқ чуқур маънавий мазмунга эга. Наврўз асрлар давомида турли халқларнинг маданий меросида сақланиб келган ва бугунги кунда ҳам инсонларни бирлаштирадиган, эзгулик, янгиланиш ва умид рамзи бўлиб қолмоқда.

 

Мурод ШАМБАЕВ тайёрлади.

Улашиш:

Бошқалар