currencies image

12 893,07 UZS

18,01

usd

currencies image

13 386,87 UZS

19,93

eur

currencies image

125,96 UZS

1,21

ru



АсосийЯнгиликларНазоратсиз болалар билан ишлашга оид 6 та муҳим масала

Назоратсиз болалар билан ишлашга оид 6 та муҳим масала

Ҳуқуқ

calendar

06.01.2024

eye

243

Назоратсиз болалар билан ишлашга оид 6 та муҳим масала© Фото: Hudud24.uz

Жамиятда ота-онаси ёки ота-онасини ўрнини босувчи шахслар томонидан назоратсиз қолдирилган болалар бор. Уларни қайси органлар назорат қилади, қандай профилактика ишлари олиб борилади? Бундай болаларнинг ҳаммаси ихтисослаштирилган тарбия муассасаларига жойлаштириладими? Ота-оналарининг мажбуриятлари нималардан иборат? Hudud24.uz бугун шулар ҳақида сўз юритади.

1. Назоратсиз ёки қаровсиз вояга етмаганлар кимлар?

Қонунчиликка асосан, вояга етмаганлар — ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслардир.

Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларвояга етмаганнинг назоратсизлиги ёки қаровсизлиги оқибатида унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф туғдирадиган ёхуд уни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлган ёхуд ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этаётганлар ҳисобланади.

Назоратсиз вояга етмаганлар — ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар ўз мажбуриятларини бажармай эътиборсиз қолдирган, бунинг оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолганлар.

Қаровсиз вояга етмаганлар — аниқ яшаш жойи бўлмаган назоратсиз қолганлардир.

2. Ота-оналарнинг вазифалари нималардан иборат?

Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар болаларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажариш мобайнида уларнинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини, назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг профилактикасини таъминлаши шарт. Бунинг учун:

  • ўқиш вақтида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (дам олиш) жойларда (тунги пайтларда катталарнинг кузатувисиз ) бўлишига йўл қўймасликлари;
  • спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишига, чекишига йўл қўймасликлари;
  • ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриши керак.

3. Болаларни қайси органлар назорат қилади?

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

    • болалар масалалари бўйича комиссиялар;
    • ички ишлар органлари;
    • таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари;
    • васийлик ва ҳомийлик органлари;
    • соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
  • меҳнат органлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

Шунингдек, ушбу рўйхатда кўрсатилмаган органлар ҳамда муассасалар ҳам вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этади.

 

4. Якка тартибдаги профилактика иши кимлар учун?

Якка тартибдаги профилактика иши қуйидаги вояга етмаганларга нисбатан олиб борилади:

  1. назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;
  2. ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этганлар;
  3. ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ёки ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида сақланаётганлар;
  4. таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётганлар;
  5. маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлар;
  6. амнистия акти асосида ёки қилмиш ёхуд шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги сабабли ёки айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги ёхуд ярашилганлиги муносабати билан, шунингдек вояга етмаганни жазо қўлламасдан туриб тузатиш мумкин деб эътироф этилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилинганлар;
  7. ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаганлар ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаганлар;
  8. мажбурлов чоралари қўлланган ҳолда жиноий жазодан озод қилинганлар;
  9. жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганлар, шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги сабабли ёки айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносабати билан ёхуд амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилинганлар;
  10. ҳукмнинг ижроси кечиктирилганлар;
  11. шартли ҳукм қилинганлар, ахлоқ тузатиш ишларига ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо турларига ҳукм қилинганлар;
  12. жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келганлар;
  13. руҳий ҳолатининг бузилганлиги туфайли соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳисобда турганлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлганлар.

Профилактика иши ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларга нисбатан ҳам олиб борилади.

Ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва шарт-шароитлар бартараф қилингунига ёки вояга етмаганлар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар профилактика ишлари олиб борилади.

5. Бундай болалар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига қандай жойлаштирилади?

Ички ишлар органлари 48 соат ичида вояга етмаган шахсни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлайди.

Илтимоснома ва уни мазкур марказга жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар вояга етмаган топилган жойдаги ёхуд ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан юборилади ва 24 соат ичида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судьяси томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Вояга етмаган шахс, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органининг, ички ишлар органининг вакиллари суд мажлисида иштирок этиши шарт. Илтимосномани кўриб чиқишда болалар масалалари бўйича комиссиянинг вакили ва адвокат иштирок этиши мумкин.

6. Бола ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига қандай талаблар асосида жойлаштирилади?

Болалар масалалари бўйича комиссия вояга етмаган шахснинг ҳуқуқбузарлиги тўғрисидаги материалларни кўриб чиқади. Шундан сўнг, вояга етмаган шахсни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилиш ёки бошқа таъсир чораларини қўллаш ҳақида қарор қабул қилади.

Комиссия илтимоснома билан судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, ички ишлар органлари бу ҳақда зудлик билан хабардор қилинади.

Ички ишлар органлари илтимосномани судга юбориш учун зарур бўлган материалларни ўн кун ичида болалар масалалари бўйича комиссия учун тайёрлаши шарт.

Тиббий текширув вақтида вояга етмаган шахсда унинг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасида сақланиши, тарбияланиши ва таълим олишига тўсқинлик қиладиган касалликлар аниқланган тақдирда, унга тааллуқли материаллар бошқа таъсир чораларини қўллаш учун болалар масалалари бўйича комиссияга топширилади.

Ўзига нисбатан ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш ҳақидаги материаллар тайёрланаётган вояга етмаган шахс ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиши ёхуд ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг назоратига топширилиши мумкин. Улар вояга етмаганнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини ва суднинг чақирувига биноан келишини таъминлаши шарт. Судга келишдан бўйин товлаётган ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар, шунингдек ўн олти ёшга тўлган вояга етмаганлар мажбурий келтирилиши мумкин.

Вояга етмаганлар, агар жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган ёки жиноят иши тугатилган ёхуд жиноий жазодан озод қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилмайди.

Мақсуд Мустафоев,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 465

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


14-декабр 2024, 07:32
2 357

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


4-декабр 2024, 10:53
2 076

Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.


23-ноябр 2024, 13:15
1 167

Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.