Ўзбекистон
08.09.2023
2 001
Ижтимоий тармоқ ҳамда мессенжердаги гуруҳларда янги ўқув йили бошланса-да, фарзандига дарслик етишмаётгани, тўлиқ тарқатилмагани ҳақида ота-оналарнинг норозилиги янграмоқда. Аксар ота-она бу масала шу йилги эмас, аксинча охирги йиллардаги муаммо дейди. hudud24.uz мавзуга диққат қаратиб, боласининг дарслик билан тўлиқ таъминланмаганидан норози ота-она ва мактаб маъмуриятига қулоқ солди ҳамда тегишли вазирликдан бунинг сабабини сўради.
6 сентябрь куни Тошкент вилоятининг 23-мактабида ўқийдиган 1-синф қизига дарсликлар етмагани ҳақида саҳифасида ёзган Сарвар Қурбонов эътирозига муаммога дуч келиб, ечим тополмаётганлар ҳам қўшилди.
— Фарзандларимизга нега ўқув китоблари етмайди? Ҳатто Президент мактаблари таркибидаги мактабларда ҳам аҳвол шу... — деб ёзди Сарвар Қурбонов Фейсбукдаги саҳифасида.
У эътирози давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага мурожаат қилиб, бу йилги абитуриентларнинг кам балл олиши, уларнинг паст натижа кўрсатишига дарслик етишмаслиги, мактаблар ўқув йилига шай эмаслиги сабаб эмасмикан, деб савол қолдирди.
Фарзанди Чилонзор туманидаги 183-мактабда ўқийдиган, исми аноним қолишини хоҳлаган она ўтган йилдан бери дарслик етишмовчилиги кузатилаётгани, бу йил 5-синфга чиққан боласига мактаб бошланганидан 3 кун ўтиб китоб берилганини айтади. Изоҳ сўралганда, мактаб маъмурияти ва синф раҳбари дарсликлар тўлиқ етиб келмаганини билдиради. Ота-оналар шу кун оралиғида дарсликдан нусха кўчириб, болаларига уй ишини қилишда кўмаклашган.
— Китоб берилгунича нимадир қилиб амалладик. Ўқув йилининг биринчи куни баъзилар олган китобни, лекин тўлиқ ҳолича эмас, — дейди она. — Гуруҳда ёзишяпти, бизга бу, бизга мана бу китоб етмади, деб. Кимдир ёрдам деб дарсликларнинг электрон нусхасини гуруҳга ҳавола қилиб ташлади. Вақтинча фойдаландик ўшандан. Бола сонини кўп ҳам деб бўлмайди. Муаммо нариги синф ёки мактабга кўчганларда ҳам эмас, дарслик етиб келмаган мактабга ўз вақтида!
Самарқандлик ўқитувчи Муроджон Оқилхўжаев ҳам ўзи ишлаётган мактабнинг 7-8-9 синфларига дарсликлар етишмаётганини ёзади.
Гулноза исмли она қизининг 4-синфга кўчгани ва бутун мактабда шу синфлар учун бирорта дарслик йўқлигини хабар қилади. Китоб қачон келиши ва тарқатилиши эса номаълум, ҳеч ким билмайди, ҳатто директор ҳам, дейди у.
Давлат мактабларида фарзанди ўқийдиган ота-оналар бунда мактаб маъмурияти ва ўқитувчиларни айбламайди. Ўзаро Телеграм гуруҳларда ҳам тарқатма материаллардан имкон борича фойдаланаётганини ёзади. Аммо бу ҳол ҳар йили такрорланиши, бирда етиб, бирда етишмаётган дарслик муаммоси тезроқ ҳал қилинишини сўрайди.
— Биз ҳам гуруҳга китоб расми ёки электрон вариантидан фойдаланиб, уй вазифаларини тайёрлаяпмиз, — дейди мурожаатчи она. — Ўтган йили чидадик, тизимда муаммо бўлгандир-да, деб индамадик. Лекин бу йилгиси ошиб тушди. Наҳот қизимга 5-синф дарслигидан биттаям берилмаса! Мен мактаб маъмуриятини ёки ўқитувчини айбламайман. Уларда ваколат йўқ бу масалада. Ҳамма гап – дарсликни вақтида етказиб беролмаётган, қайси дарсликдан ўқитишни узил-кесил ҳал қилолмаётганларда!
Давлат мактаблари қатори хусусий мактаблар ҳам шу муаммо ичида. Ҳар йили кузатиладиган тақчиллик бу йил ҳам сезилган. Болаларга вақтида, тўлиқ сонда дарслик етмайди, дейди бир неча хусусий мактаб таъсисчилари.
— Ўтган йили мактабимизни очганда бир йил аввал ариза қолдириш керак, деди маъсул ташкилот. Майли, дедику ўзимиз чорасини топиб, болаларни амаллаб дарслик билан таъминладик, — дейди Тошкентдаги хусусий мактаб директори. — Лекин бу йил ҳам аҳвол ўша-ўша. Ҳозир 1-2-3-синфларимга олиб келдим. Қолган синфларимга ҳали берилмади. Негалигини сўрасак, тайинли ва асосли изоҳ берилмади. «Уч ҳафта давомида етказамиз», дейилди, холос. Ўқувчи ва ота-она олдидаги масъулият сабаб дарсликларнинг электрон шаклидан фойдаланяпмиз. Тарқатма материал қилиб беряпмиз.
Ким айбдор, аниқ жавоб нега йўқ?
Нега дарслик муаммоси йилдан йилга оғиздан тушмаётгани, ўқув йили бошлангач ҳаммага текин тарқатилиши айтилган китоблар ҳамон тўлиқ берилмаётгани, етмаётгани сабабини педагог Исроил Тиллабоев қуйидагича изоҳлайди:
— Дарсликни ёзиш январдан бошланади, (аслида бир йил олдин бошлаш керак, лекин режа график, маблағ ажратишига боғлиқлигидан шундай) муаллифлар қисқа муддатда ёзишлари талаб этилади, сўнг дизайнер рассомлар, таҳрирчиларга навбат етади, — дейди у дарслик тайёрлаш босқичига тўхталиб. — Ҳар бир этапда 15 кундан муддат чўзилганда ҳам (иш ҳажми катталигидан) 2-3 ой шу 5-6 та босқичда муддат чўзилиб, ёзнинг охирги ойларида нашриётга етиб келади. Нашриётлар табиийки улгурмайди, бир мавсумда 5-6 млн нусха китоб ўрнига сўнгги йилларда 50-60 млн нусхада китоб чоп этилмоқда. 4 та синф баробарига чиқарилса, юклама бўлади. Натижада, ота-она, вазирлик ва меҳнат қилувчилар ҳам хоҳламаган ҳолда китоблар сентябрга етиб боролмай қолиши ҳақиқий сабаблардан.
Педагог бу ҳолат янги чоп этиладиган китоблар билан боғлиқлигини таъкидлайди. Аммо эски дарсликлар ўқувчига сентябр келмасидан берилишини айтади.
Сарвар Қурбонов эса нашриётларнинг улгуролмаслиги баҳона бўлолмаслиги, ҳатто катта юкламада ишлай оладиган бир неча нашриёт шу йилнинг ёзида бекор тургани, айримлари деярли юкламасиз ишлаганини қўшимча қилади. Менда бунга далиллар ҳам бор, дейди у.
Муаммога бола сони кўплиги, мактабларда тўғри статистика юритилмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкинми, деб сўралганда, Исроил Тиллабоев бу 5 йил олдиндан прогноз қилиниши, келгуси беш йилликдаги ҳисоб-китоб билан дарслик тайёрланишини таъкидлайди. Таълим эскперти Комил Жалилов ҳам дарсликлар прогнозлар, аввалдан қилинган ҳисоб-китоб билан чиқарилишини тасдиқлайди.
Республика бўйлаб 2023 йил ҳолатига кўра 10,522 та умумтаълим мактаби мавжуд. Ўқувчилар сони эса 2023 йил февраль ойи ҳолатига кўра қарийб 6,5 миллионга етган. 2022 йилдаги маълумотларда қайд этилишича, мактаб вазирлиги 2022-2023 ўқув йили учун 66,6 млн дона дарслик, ўқув-методик қўлланма ва дафтарлар ишлаб чиқаришни режалаштирган бўлса, кейинчалик бу режа 59,9 млн нусхага камайтирилган. 2023-2024 ўқув йили учун қанча нусхада дарслик чоп этилгани ҳақидаги маълумотлар эса ҳали ошкор қилинмади.
— Янги дарслик тайёрланиши, майли, вақт, имконият билан боғлиқдир, лекин эскиларини ўз вақтида етказиб бермаслик тизимнинг камчилиги, — дейди Исроил Тиллабоев.
Бунга ўхшаш ҳолат нафақат давлат мактаблари, яна ихтисослаштирилган мактабларда ҳам кузатилаётгани тилга олинди. Чунончи, Сарвар Қурбонов қизининг аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактабидаги 9-синфларга дарсликлар тўлиқ таркибда берилмагани, етишмовчилик анчадан бери мавжудлигига эътибор қаратади. Сабаби сўралганда асосли гап айтилмайди.
Юқоридаги муаммога аниқ жавоб олиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собировага мурожаат қилинганда, 2023-2024 ўқув йилида 5–11 синфлар мактаблардаги мавжуд амалдаги дарсликлар асосида таълим олиши, шунингдек бошланғич синф дарслик ва ўқув-методик мажмуалар чоп этилиб таълим муассасаларига етказиб берилганлигини маълум қилди.
Хорижда дарслик масаласи қандай ҳал этилиши, ўқувчи фанларни ўзлаштиришда қандай китоблардан фойдаланиши суриштирилганда, Даниянинг Орҳус шаҳрида яшайдиган Маърифат Акбар мактабларда Дания таълим вазирлиги тавсия этган бир неча китобларда дарс ўтилишини айтади. Ўқитувчига танлов эркинлиги берилиб, қайси дарсликни қўллашни ўзи ҳал этишини қўшимча қилади.
— Дарсликларни вазирлик тасдиқлайди. Аммо улар ягона эмас. Бир нечта вариантда бўлади, — дейди Маърифат Акбар. — Педагог ўз методига мосини танлаб, ўқитаверади. Яна қўшимча боланинг яхшироқ ўқиши учун машғулот китоблари чоп этилади. A, B, C шаклида категорияларга бўлинади. Бола биридаги машқларни бажариб, тамомласа, кейингисига ўтаверади. Ўзлаштиришда ортда қолаётганларни кутиб ўтирмайди.
Бундан ташқари, дарсликлар эркин фикрлашни рағбатлантириши учун тез-тез ўзгартиришлар киритилиши, дан тилидаги китоблар фақат грамматика, лексикалардан иборат эмаслиги, боланинг дунёқарашини шакллантирадиган мавзулар қамраб олинишини таъкидлайди у.
Канаданинг Калгари шаҳрида яшайдиган Фарҳод Файзуллаев боласи мактабда дарсликсиз ўқишини айтади.
— Канада мактабларида дарслик йўқ. Керак бўлганда тарқатма материал берилади, — дейди у.
— Қизим бу йил 1-синфга чиқди, — дейди Германияда оиласи билан яшайдиган ёзувчи Ситора Усмонова, — шу кунгача аниқ китоб сотиб ёки ижарага олганимиз йўқ. Фақат ручка, дафтар, қаламларини синфхонасига олиб бориб қўйдик. Германияда болаларга уй иши дарсликдан эмас, балки ижодий, умумий иш сифатида берилади. Гоҳи умуман берилмайди. Шунинг учун дарсликка боғланиб қолмаганмиз.
Юқоридаги ҳолатга қандайдир ечим ёки жўяли таклиф бормикан, дейилганда педагог Исроил Тиллабоев дарслик тарқатишни йилнинг май ойи охири ва июнь бошига кўчиришни таклиф қилади. Ўқув йили бошланганда турли эътироз ва норозиликлар бўлмаслиги учун болага 3 ой аввал китобини бериш керак деб ҳисоблайди у.
— Шунда бўшлиқларни тўлдиришга вақт бўлади, — деб давом этади педагог. — Масалан, мактабини Хоразмдан Тошкентга кўчирган бола ҳам мактабга китоби билан келади. Одатда, мактабини ўзгартирадиган болалар туфайли ҳам тушунмовчилик бўлади. Энг мақбул ечимлардан яна бири жараённи электронлаштириш керак. Ота-она ариза ташлайди, шунга қараб туманлар эҳтиёжи чиқади.
Дарслик етказиш ва ўқувчини тўлиқ таъминлаш октябрь ойигача чўзилиши мумкин деган тахминлар бор. Унгача электрон шаклдан фойдаланиб туриш тавсия этилмоқда айрим мактабларда. Лекин аксар ота-она бундан норози. “Чунки тўлиқ бажаролмаяпти ўқитувчиси берган топшириқни, уй вазифаларини чала-ярим ҳолича қилишга ўрганяпти”, дейди оналардан бири.
Ўқувчининг асосий қуролларидан бири – дарслик билан таъминлаш муҳим масала, чунки Ўзбекистон таълим тизимида дарсликлар катта аҳамиятга эга. Шу боис дарсликларни вақтида етказиб бериш ва 6,5 млндан ортиқ ўқувчини керакли китоблар билан таъминлаш муаммосига масъул раҳбарлардан изоҳ кутиб қоламиз.
Чарос Низомиддинова
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Хоразмда ўқитувчиларни мактабни тозалашга жалб қилган директорга чора кўрилди
Давлат меҳнат назорати инспекцияси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан ўрганиш олиб борди.
Мактабларда 2023/2024 ўқув йили қачондан бошланиши маълум қилинди
Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий ахборот берди.
Бола нега етти ёшдан мактабга бориши керак?
Аксарият ота-оналар фарзанди олти ёшга тўлиши билан уни мактабга беришни хоҳлайди. Хўш, бу қанчалик тўғри? Тиббий нуқтаи назардан бундай болалар ўқув жараёнида қийналиб қолмайдими?
Мактаб мавсуми яқин: Ўқувчилар иммунитетини ошириш бўйича тавсиялар берилди
Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Қолаверса, олдимизда — куз фасли. Демак, қарийб уч ойлик танаффусдан сўнг болалар организми яна ўқув мавсумига, мактаб режимига мослашиши керак.