Ўзбекистон
30.01.2026
28

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тадбиркорлик субъектлари учун асосий солиқ турларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, қонунчиликда айрим ҳолатларда солиқ юкини камайтиришга қаратилган имтиёзлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, Солиқ кодексининг 264-моддасига мувофиқ, айрим товарлар ва хизматларни реализация қилиш айланмаси нол даражали ставка бўйича солиққа тортилади.
Нол ставка қўлланилиши солиқдан тўлиқ озод қилишни англатмайди. Ушбу тартибга кўра, солиқ тўловчи реализация жараёнида ҚҚС ҳисобламайди, бироқ олдин тўланган солиқ суммасини бюджетдан қоплаб олиш (қайтариш) ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса хўжалик юритувчи субъектлар учун молиявий енгиллик яратади.
Мазкур имтиёз, аввало, дипломатик ваколатхоналар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. Чет давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар расмий фойдаланиш учун сотиб олган товарлар ва хизматлар, шунингдек ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари ҳамда улар билан бирга яшовчи оила аъзоларининг шахсий эҳтиёжлари учун харид қилинган товарлар нол ставкада солиққа тортилади.
Бунда ўзаро тенглик тамойили амал қилади. Яъни тегишли чет давлат қонунчилигида Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига ҳам шундай имтиёзлар берилган бўлса ёки мазкур тартиб халқаро шартномаларда белгиланган бўлса, нол даражали ставка қўлланилади.
Шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битимлар доирасида фаолият юритувчи солиқ тўловчилар учун ҳам алоҳида тартиб белгиланган. Агар битим шартларида нол ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса, бундай лойиҳалар доирасида харид қилинадиган товарлар ва хизматлар ҚҚСдан озод этилади. Бу йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ҳам имтиёз мавжуд. Улар томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлар ваколатли органга реализация қилинганда ушбу операциялар нол ставкада солиққа тортилади. Бу тартиб стратегик аҳамиятга эга соҳаларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ҳам енгиллик берилган. Ваколатли органлар томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш айланмаси нол ставкада солиққа тортилади. Бироқ пахта ва ғалла ушбу имтиёз доирасига кирмайди.
Умуман олганда, нол даражали ставка механизми дипломатик муносабатларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, стратегик тармоқларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий восита ҳисобланади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.