Содда талқин
06.05.2026
508

Замонавий давлат бошқаруви тизимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис, бугунги кунда “ақлли тартибга солиш” (Smart Regulation) концепцияси доирасида тартибга солиш таъсирини баҳолаш (Regulatory Impact Assessment – RIA) институти кенг жорий этилмоқда. Мазкур институт норматив қарорларнинг оқибатларини олдиндан таҳлил қилиш орқали уларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг назарий моҳияти шундан иборатки, у давлат аралашуви заруратини илмий асослаш, мавжуд муаммоларни тизимли аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишнинг энг мақбул, самарали ва кам харажатли усулларини танлашга хизмат қиладиган комплекс таҳлилий механизм ҳисобланади. Мазкур институт доирасида давлат томонидан таклиф этилаётган тартибга солиш чораларининг мақсадга мувофиқлиги, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатлари олдиндан баҳоланади ҳамда турли муқобил вариантлар ўзаро солиштирилади.
ТСТБнинг назарий асосида “далилларга асосланган сиёсат” тамойили ётади. Мазкур тамойил аниқ статистик маълумотлар, кузатувлар, илмий-таҳлилий материаллар ва прогнозларга асосланиши лозим. Шу жиҳатдан ТСТБ қарор қабул қилиш жараёнини аналитик ва илмий асосланган босқичга олиб чиқади.
Бундан ташқари, ТСТБ назарий жиҳатдан давлат аралашувининг ўзи ҳам ҳар доим ҳам оптимал натижа бермаслиги мумкинлиги ҳақидаги концепцияга таянади. Яъни, ҳар қандай тартибга солиш чоралари нафақат фойда, балки муайян харажатлар ва чекловларни ҳам юзага келтиради. Шу сабабли ТСТБ жараёнида муқобил вариантлар ишлаб чиқилиб, улар ўртасида энг мақбулини танлаш учун харажат ва фойда таҳлили, рискларни баҳолаш, таъсир даражасини прогнозлаш каби усуллар қўлланилади.
Шунингдек, ТСТБ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нафақат қисқа муддатли, балки узоқ муддатли оқибатларини ҳам ҳисобга олиш имконини беради. Бу эса тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, кутилмаган салбий таъсирларнинг олдини олиш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Айниқса, тадбиркорлик фаолияти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилишда бундай ёндашув алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасида ТСТБ институти норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали мустаҳкамланган бўлиб, у норма ижодкорлигининг ажралмас босқичи сифатида белгиланади. Амалдаги тартибга кўра:
— ТСТБ муаммонинг моҳиятини аниқлаш, давлат аралашуви заруратини асослаш ва муқобил ечимларни баҳолашга қаратилган;
— тадбиркорлик, фуқаролар ҳуқуқлари ва атроф-муҳитга таъсир қилувчи ҳужжатлар мажбурий тарзда ТСТБдан ўтказилади;
— баҳолаш икки босқичда - соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартибда амалга оширилади.
Мазкур ёндашув норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда тизимли ва босқичма-босқич таҳлилни таъминлайди.
Шунингдек, ТСТБ жараёнида манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар, эксперт муҳокамалари ва жамоатчилик иштироки мажбурий элемент сифатида белгиланган бўлиб, бу норма ижодкорлигида шаффофлик ва очиқликни кучайтиради.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти норма ижодкорлигининг илмий асосланганлигини таъминловчи муҳим воситадир. У иқтисодий назария, ҳуқуқий таҳлил ва бошқарув методологиясининг уйғунлашуви асосида шаклланган комплекс институт ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти норма ижодкорлигининг сифат жиҳатдан янги босқичини ифодалайди. У нафақат ҳуқуқий нормальарнинг самарадорлигини оширади, балки давлат бошқарувида шаффофлик, ҳисобдорлик ва илмий асосланганликни таъминлайди. Мазкур институтни изчил ривожлантириш орқали “ақлли тартибга солиш” тамойилларини амалиётга тўлиқ жорий этиш мумкин.
Баходир Рузиев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибгасолиш таъсирини баҳолаш институти бош маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Муҳим 6 саволга жавоб
Агар барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса, бир кунда кўриб чиқилиб рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд.