Ҳуқуқ
27.06.2025
43
Бугун бозорда “чегирма”, “акция”, “арзонлаштирилган нарх” деган иборалар жуда тез-тез учраб турибди. Деярли ҳар бир дўкон, супермаркет ёки онлайн платформада маҳсулотлар устида турли имтиёзлар таклиф этилади. Бу ҳолат, албатта, истеъмолчи учун жозибадор туюлади. Аммо бу имтиёзлар ҳақиқатан ҳам адолатли ва ишончлими?
Афсуски, баъзи ҳолларда чегирма деб эълон қилинаётган нархлар ортида маркетинг найранглари ётади. Масалан, маҳсулот аввал сунъий равишда қиммат қилиб қўйилади, кейин унга “30% арзонлаштирилди” деган ёрлиқ илинади. Бундай ҳолат истеъмолчини чалғитади ва унинг ҳуқуқларини ҳам бузади.
Айнан шу ҳолатларнинг олдини олиш учун янги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатда энг аввало истеъмолчи манфаатлари устувор аҳамият касб этади. Сотувчилар акция ва чегирмаларни ўтказишда фақат белгиланган, аниқ ва асосланган қоидаларга амал қилишлари шарт қилиб қўйилмоқда.
Сунъий арзон нархларга чек қўйилади
Лойиҳага мувофиқ, эндиликда ҳар қандай товарга чегирма қўллаш мумкин эмас. Масалан, алкогол, пиво, вино ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, никотин истеъмолига оид мосламалар бундан мустасно қилинди. Бу эса жамият саломатлиги ва ёшлар орасида зарарли одатларни тарғиб қилмаслик нуқтаи назаридан ўта муҳим қадамдир.
Сотувчи бирор товарга чегирма қилмоқчи бўлса, у ҳолда бу чегирма қайси асосда белгилангани, яъни аввалги нархни аниқ кўрсатиши керак. Энг муҳими, аввалги нарх чегирма эълон қилинганидан олдинги 30 кун давомидаги энг паст нарх бўлиши шарт. Яъни, янги қоида сотувчиларни нархни аввал ошириб, кейин арзонлаштириб кўрсатиш каби амалиётлардан чеклайди.
Шунингдек, чегирма қилинган нархни одатий нархдан каттароқ шрифтда кўрсатиш мумкин эмас. Бу ҳам истеъмолчини визуал тарзда алдамаслик учун жорий этилган муҳим талаблардан биридир.
Очиқлик ва ишонч – асосий талаб
Лойиҳадаги яна бир муҳим жиҳат – бу чегирма ва акциялар юзасидан ошкораликни таъминлашдир. Акция бошланишидан камида 10 кун аввал унинг шартлари, товарлар рўйхати, амал қилиш муддати ва бошқа маълумотлар солиқ органларига тақдим этилиши шарт қилиб белгиланган. Бу истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоясида назоратни кучайтириши билан бирга савдо соҳасида шаффофликни ҳам таъминлайди.
Истеъмолчи хоҳласа, сотувчи унга товарнинг охирги 30 кундаги нархлари ҳақида аниқ ва расмий маълумот бериши лозим. Бу орқали сотувчи ва харидор ўртасидаги ишонч, шаффофлик янада мустаҳкамланади.
Акция давомида шартлар ўзгартирилмаслиги, унда қайд этилган чегирма, бонус ва бошқа имтиёзлар амалда ҳақиқий бўлиши, маҳсулотлар захираси етарли миқдорда сақланиши каби талаблар ҳам бозорда ҳалол савдо бўлишига хизмат қилади.
Чегирма чекланган миқдордаги, мавсумий ёки муддати яқин товарларга тааллуқли бўлса бу ҳақда олдиндан маълум қилиш керак.
Бозорда шаффофликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ва энг муҳими, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.
Лойиҳадаги янги тартиблар сотувчилар учун ҳалол рақобат, ошкора ва барқарор фаолият учун яна бир асос бўлиб хизмат қилади. Истеъмолчининг ишончи эса ҳар қандай бизнес учун энг катта капитал, энг узоқ муддатли фойдадир.
Улашиш:
Бошқалар
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Кимлар нотариус бўлиши мумкин?
Давлат нотариал идоралари нотариусларига махсус унвонлар — мансаб даражалари берилади.